Жаҳон | 22:32 / 13.05.2022
46892
16 дақиқада ўқилади

«Биз урушдан қўрқмаймиз. Биз тайёрланяпмиз»: Финландия нега НАТОга кирмоқда?

Финландия президенти Саули Ниинистё ва мамлакат бош вазири Санна Марин мамлакат Шимолий Атлантика альянсига аъзо бўлиш учун зудлик билан ариза топшириши кераклиги ҳақида қўшма баёнот берди.

Ниистё ва Марин мамлакат аҳолисига бу масалани кенг ва батафсил муҳокама қилиш имкониятини беришни исташлари, аммо қарор қабул қилиш вақти келганини айтишган.

«Россия халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилмаслигини кўрсатди. У ўзи илгари қўллаган қоидаларни ҳурмат қилмайди. Шунинг учун биз НАТОга қўшилиш имкониятларини муҳокама қилмоқдамиз, чунки Европада хавфсизлик билан боғлиқ вазият ўзгарган ва гап Россияга келганда содда бўлмаслигимиз керак», деди Марин.

«НАТОга аъзолик Финландия хавфсизлигини мустаҳкамлайди. Финландия ҳам НАТОга қўшилиш орқали бутун иттифоқни мустаҳкамлайди. Финландия НАТОга аъзо бўлиш учун зудлик билан ариза топшириши керак», дейилади мамлакат етакчилари баёнотида.

«Биз халқаро қонунларга амал қилмайдиган Россия қаршисида ҳимоясиз қола олмаймиз», деганди аввалроқ бош вазир Санна Марин япон нашрларига берган интервьюсида.

Финландиянинг альянсдаги элчиси Клаус Корхонен мамлакат ҳозирда Россия томонидан хавф кутмаётгани, НАТОга қўшилиш истаги хавфсизлик соҳасидаги ўзгаришлар туфайли эканини маълум қилди. «Бизнинг мудофаамиз кучли, чегарани қўриқлаш кучларимиз жуда лаёқатли ва мен ўйлайманки, биз ҳозир огоҳ бўлганимиз туфайли чегарадаги вазият жуда хавфсиз», дея қўшимча қилган у.

Финландия ташқи ишлар вазири Пекка Хаависто чегарадаги вазият тинч бўлиб қолишига умид қилдирган.

«Биз ҳеч нарсани кутмаяпмиз, аммо ҳамма нарсага тайёрмиз. Агар парламент биз ариза беришимиз керак, деган хулосага келса, келаси ҳафта ўрталарида буни амалга оширамиз», — деди Хаависто Япониянинг NHK телекомпаниясига берган интервьюсида. 

Тез орада қўшни Швеция ҳам худди шу каби қадам ташлаши кутилмоқда.

Бу икки давлат шу вақтга қадар бетарафлик сиёсатига амал қилиб келган, бироқ феврал ойида Россиянинг Украинага қарши бошлаган тажовузи ҳар икки давлатда ҳам жамоатчилик кайфиятига жиддий таъсир кўрсатди.

Кремл аллақачон Финландиянинг альянсга аъзо бўлиши Россия учун таҳдид ўлароқ кўрилишини маълум қилиб бўлган.

Буёғига нима бўлади?

НАТОга аъзо бўлиш учун ариза бериш қарори финн парламенти томонидан ҳам қабул қилиниши керак. Катта эҳтимол билан бу рўй беради, чунки ўтган йиллардагидан фарқли ўлароқ мамлакат аҳолисининг аксар қисми Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш ғоясини қўллаб-қувватламоқда.

Оммавий сўровлар кўрсатишича, Финландияда бу ғоя тарафдорлари 76 фоизни ташкил этади, қаршилар эса - атиги 12 фоиз. Бу одатда аҳолининг ярмига яқини альянсга қўшилишга қарши чиқиб келган мамлакатда жамоатчилик фикри кескин ўзгаришидир. Фин қонун чиқарувчилари бу қадар аниқ ифодаланган жамоатчилик фикрига беэътибор бўла олишмайди.

Етакчи фин сиёсатчилари ҳам мамлакат НАТО аъзоси бўлишини қўллаб-қувватламоқда.

Финландия бу қарор ҳақида расман якшанба куни эълон қилиши кутилмоқда. Якшанба куни Швецияда ҳам худди шу каби қарор ҳақида эълон қилишлари мумкин.

Бу давлатларнинг ҳар бири НАТОга қўшилиш борасида мустақил қарор қилади, аммо Стокҳолм ва Ҳелсинки бу масала устида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.

НАТО раҳбарияти Финландия ва Швециянинг аризалари жуда қисқа муддатлар ичида кўриб чиқилишига ваъда берган.

«Финляндия - НАТОнинг энг яқин ҳамкорларидан бири, етук демократия, Европа иттифоқи аъзоси бўлиб, евроатлантика хавфсизлигига муҳим ҳисса қўшмоқда», деган альянс бош котиби Йенс Столтенберг.

Ариза аввалига НАТО кенгашида кўриб чиқилади, бу икки давлатнинг альянсга қабул қилингани ҳақида ёзда ташкилотнинг навбатдаги саммитида эълон қилиниши мумкин.

Аммо бу ташкилотга узил-кесил қабул қилиниш йил охирида расмийлаштирилиши мумкин, зарур ҳужжатлар НАТОнинг аъзолари бўлган 30 мамлакат парламентлари томонидан ратификация қилиниши керак.

Финландия НАТОга аъзо бўлса, Путин бунга қандай муносабатда бўлади?
Фрэнк Гарднер, BBC’нинг хавфсизлик масалалари бўйича корреспонденти, Эстониядан

Путин Финландияни НАТОга аъзо бўлиш оқибатларидан огоҳлантирди, аммо бу иш бермаган кўринади. Унинг Украинага ҳужуми айнан у ҳаммасидан ҳам қўрққан реакцияни келтириб чиқарди: НАТО чегаралари Россия томон кенгайиши.

У қандай муносабат билдиради?

  • Милитаризация. Ҳозир президент Путин Украина билан банд ва Финландия йўналишида қўққисдан ҳаракат қилиши даргумон. Финландия билан 1300 километрлик чегара яқинида турган Россия қўшинлари жанубга кўчирилган. Аммо келгусида у катта эҳтимол билан чегарага ҳам ҳарбийларни, ҳам ракеталарни жойлаштириб, ҳаво ва денгиз орқали агрессив патрулликни кучайтиради. 
  • Гибрид уруш. Кўп вақтлардан буён Европанинг кўплаб давлатларига киберҳужумлар ва кибержосусликлар давом этмоқда. Энди НАТОга кирган ҳолда Финландия ва Швеция бўйича ҳам алоҳида ёндашилишини кутиш мумкин - одатдаги каби Москва буни тан олмайди .
  • Бузғунчилик фаолияти. Путин узоқ давом этувчи ўйин ўйнашни хуш кўради ва у кўп вақтлардан буён бетарафлик сақлаб келган шимолдаги бу икки давлат ҳозирда НАТОга кирса ҳам, келгусида қайта ўйлаб кўради, деган қарорга келган бўлиши мумкин. Қанчадир вақтдан кейин у интернет-троллар фабрикаси ва сохта аккаунтлар орқали Финландияда НАТОга қарши кайфият уйғотишга уриниб кўради.

Россиянинг реакцияси

Украинага босқиндан олдин президент Путин НАТО чегаралари Россия томон сурилишига йўл қўйиб бўлмаслиги, бу мамлакат хавфсизлигига тўғридан тўғри хавф солишини айтиб келди.

Финландия НАТОга аъзо бўлиб кириши альянс билан умумий чегараларни 1340 километрга етказади, НАТОдан Санкт-Петербурггача масофа 150 километргача қисқаради.

Финландия етакчиларининг қўшма баёнотини шарҳларкан, РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу мамлакатнинг НАТО аъзоси бўлиши Россияга хавф солишини таъкидлади.

«НАТОнинг кенгайиши ва бизнинг чегараларимизга альянс ҳарбий инфратузилмаларининг яқинлашуви тинчлик ўрнатмайди, балки бизнинг Евроосиё минтақамиз беқарорлик ва хавфсизлигини йўқотади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Россия Финландия НАТОга аъзо бўлиб кирса, ўз хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни ишлаб чиқиш учун махсус таҳлил ўтказади.

«Барчаси [НАТО]нинг кенгайиши қай тариқа юз беришига, ҳарбий инфратузилмалар қандай ҳаракатланиши ва бизнинг чегаралар томон қанчалик яқинлаштирилишига боғлиқ», дея қайд этган у.

Россия аввал ҳам бир неча бор бетараф Швеция ва Финландиядаги сиёсатчиларнинг ушбу минтақа хавфсизлигини таъминлаш учун НАТОга аъзо бўлиб кириш зарурлиги тўғрисидаги баёнотларига норозилик билдирган.

«Ҳелсинкидагилар бундай қадамнинг масъулияти ва оқибатларини англаши керак. Финландиянинг НАТОга қўшилиши рус-фин муносабатларига, Шимолий Европа минтақасидаги барқарорлик ва хавфсизлик сақланишига жиддий путур етказади. Россия жавоб чоралари кўришга мажбур бўлади, ҳам ҳарбий-техник, ҳам ўз миллий хавфсизлигига таҳдидларни тўхтатиш билан боғлиқ бошқа чораларни», дейилган Россия ТИВ сайтида 12 май куни эълон қилинган баёнотда.

Январ ойида ҳам Дмитрий Песков бу икки мамлакат қарама-қаршилик инструменти сифатида фойдаланилаётганини айтганди.

«НАТОнинг ҳар қандай кенгайиши Россияни ташвишлантиради. НАТО - ривожланиш институти эмас. НАТО - конфронтация инструменти. Альянс шундай ўйланган, шундай лойиҳалаштирилган, шундай мавжуд. Бу мутлақо равшан факт. Кенгайиш биз учун хавф туғдиради», деганди ўшанда Кремл вакили.

Кейинроқ Россия шимолдаги икки давлат НАТОга аъзо бўлиб кирган тақдирда ҳарбий-техник характердаги чоралар кўрилишини маълум қилди, аммо айнан қандай чоралар назарда тутилганига аниқлик киритилмади.

Амалда бу Карелиядаги, хусусан Финландия билан чегарадош ҳудудлардаги Россия ҳарбий контингентининг кучайтирилишини англатиши мумкин. Бундан ташқари, Россия Болтиқ денгизи ҳудудини ядродан холи мақомидан воз кечиши мумкин.

Финландиялик дипломат, Вашингтондаги Янги Америка хавфсизлиги маркази ходими Ҳели Ҳаутала Associated Press учун берган интервьюсида Финландия ҳам Россиянинг дезинформацион кампаниялари, киберҳужумлари, иқтисодий қасослари ва ҳатто чегара орқали мигрантлар оқимини ташкиллаштиришидан (ўтган йили бундай ҳолат Беларус ва Польша чегарасида содир этилганди) хавотирдалигини маълум қилган.

Финландияликлар тайёр

Россия билан чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли озиқ-овқат ғамлай бошлаган, бомбапанагоҳлар тайёрламоқда ва россияликларнинг эҳтимолий ҳужумини қайтаришга руҳан тайёрланмоқда.

Парламент тез кунларда ўз позициясини эълон қилади. Аммо Финландиянинг чегара ҳудудларидаги одамлар ўзлари учун аллақачон белгилаб олишган.

«Россия Украинада уруш бошлаганида, кейингиси биз бўлишимиз мумкинлигини ҳис қилдик. Мен фин армиясида хизмат қилганман. Агар ватанни ҳимоя қилиш керак бўлса, биз буни қиламиз, тарихимизда бунақаси бўлган», деган Юсо исмли маҳаллий аҳоли вакили BBC билан суҳбатда.

«Мен ҳар эҳтимолга қарши тайёргарлик кўриб қўйганман ва вақти келса ватанни ҳимоя қилишга бораман», дея қўшимча қилади у.

Юсо - чегарадаги Лаппенрант шаҳарчасидаги бар бошқарувчиси. Бу ердан Россия чегарасигача - 25 километр. У ўз танишларининг кўп қисми Финландия НАТОга кириши тарафдори эканини айтади.

Унинг ўзи аввал иккиланган, аммо Украинада уруш бошлангач, НАТО учун «ҳа» аргументлари кўпайган. «Бизнинг қўшнимиз - Россия ва ҳеч қачон улар нима қилмоқчилигини билмайсан», дейди у.

Финландияда Юсо кабилар кўпчиликни ташкил этади.

Урушдан олдинги давр билан таққосланганда Финландиянинг НАТОга аъзо бўлиши тарафдорлари сони 2,5 баробарга ошган. Helsingin Sanomat нашри ва Kantar TNS компанияси ўтказган сўровга кўра, январ ойида мамлакат аҳолисининг 28 фоизи НАТОга қўшилиш тарафдори бўлган, мартда бу кўрсаткич 54 фоизга етган, май ойига келиб эса бу ғоя тарафдорлари аҳолининг учдан бир қисмини ташкил эта бошлаган (73 фоиз).

НАТОга аъзо бўлишга қаршиларнинг асосий аргументи эса - Россия билан муносабатлар бузилишидан хавотирланувчилардир. Чунки, бу ҳолда мамлакат туризм ва хизматлар соҳаси учун катта йўқотишлар бўлиши мумкин.

«Қишки урушни эсланг»

Россия билан уруш бўлиши борасидаги хавотирлар финнлар учун ваҳима эмас, балки тарихий тажрибадир.

Харик Россия билан чегарадан 200 метр масофада истиқомат қилади. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, унинг россияликлар билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. НАТОга аъзо бўлиш  борасида ҳам позицияга эга эмас: «НАТО - менинг ишим эмас».

«Мен ўйлайманки, Россия чегарадан ўтмайди. Менимча, улар Қишки урушни яхши эслашади», деган у.

Мамлакатни ҳимоя қилиш қобилиятига бўлган ишонч деярли барча финнлар учун хос ҳодиса бўлиб, бу ҳам ўша Қишки уруш билан изоҳланади. Айнан ўша уруш НАТОга аъзолик масаласида узоқ вақт бетарафликка сабаб бўлган ва энди айнан ўша уруш маҳаллий аҳоли орасида альянс тарафдорлари сони кескин ўсишига сабаб бўлди.

Қишки уруш 1939 йилда бошланган, ўшанда СССР Финландияга ҳужум қилганди. Якунда бу мамлакат ўз ҳудудининг ўндан бир қисмини бой берган, аммо сон жиҳатдан кескин фарққа қарамай, Қизил армия юришларига қарши тура олганди.

Финландияда буни барча даражада ёдда тутишади: Чегарага яқин яшашига қарамай, Харик уруш бўлишидан қўрқмайди, чегарадаги Лаппенранта шаҳри мэри эса Қишки уруш ва Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган финн аскарлари учун ёдгорлик ўрнатилган майдон кўриниб турадиган кабинетда ишлайди.

«Финландия мустақиллигини сақлаб қолган, бунинг ўзи ғалаба эди. Болтиқбўйидаги бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ оккупация қилинмади», дейди BBC рус хизмати билан суҳбатда финландиялик политолог Туомас Форсберг. 

Профессор Юҳан Аунеслуомнинг сўзларига кўра, финнлар шунчалик қаттиқ қаршилик кўрсатишганки, СССР мамлакатни эгаллаб олиш учун бунча кўп йўқотиш бериш арзимайди деб ҳисоблаган.

«Бунинг ўрнига СССР эътиборини Берлин ва Марказий Европага қаратган, Финландияни эса шунчаки ўз ҳолига қўйган», дейди тарихчи.

Аммо Иккинчи жаҳон уруши якунларига кўра, Финландия мағлублар томонида бўлган ва советлар иттифоқи таъсир доирасига кирган.

«СССРнинг позицияси Финландия ички сиёсатида муҳим аҳамиятга эга эди. Советлар иттифоқи доимо Финландия ўз ўрнини билишини назорат қилиб келган. Масалан, Финландия СССР қуламагунча Евроиттифоққа кириш тўғрисида ўйлай ҳам олмасди», дея давом этади Юҳан Аунеслуом.

СССР парчалангач Финландия сателлит бўлишни тўхтатди, 1995 йилда ЕИ аъзосига айланди, бу орқали ўз-ўзидан хавфсизлик кафолатига эга бўлди.

Болтиқбўйи давлатлари ва Варшава блокининг собиқ аъзолари 90-йиллардаёқ НАТОга аъзо бўлиш истагини билдира бошлаганди. Финландия эса ўз қуролли кучларини ривожлантира бошлади.

«Ўзимизни ҳимоя қилишдан қўрқмаймиз»

«Финландия маълум сабабларга кўра муддатли ҳарбий хизматдан воз кечмади. Ҳамон Россияга нисбатан шубҳалар сақланиб қолганди. Совуқ уруш якунлангач Финландия қуроллардан халос бўлишни истаган давлатлардан жуда арзон нархларда қуроллар харид қилди», дейди Туомас Форсберг. 

Чегарадаги шаҳарда бар менежери бўлган Юсо зарурат туғилса жанг қилишга тайёр эканини айтади

Экспертнинг сўзларига кўра, финнларнинг сиёсати мамлакат эҳтимолий инқирозни мустақил равишда енгиб ўтиш имкониятини сақлаб қолишга қаратилган. Лаппеенрантада яшовчи Юсо - уруш бошланса қурол олишга тайёр бўлган ягона финн эмас.

Мамлакат аҳолисининг бир миллиондан ортиғи ҳарбий тайёргарликдан ўтган, яна уч юз минг киши захирадаги кучлар саналади ва вақти-вақти билан йиғинларга юборилади. 30 минг киши - профессионал армия - муддатли хизматга чақирилганлар билан бирга; муддатли хизмат бир йилгача давом этади.

Натижада ҳатто 5,5 млн аҳолига эга финнлар ҳар қандай ҳужумни қайтара олишига ишончи комил.

«НАТОга аъзо бўлишнинг афзаллиги шундаки - биз ҳарбий ёрдам олишимиз мумкин. Аммо Финландия ёрдам олиш-олмаслигидан қатъи назар, биз ўзимиз ҳимояланишдан қўрқмаймиз», дейди Туомас Форсберг.

Мантиқий савол туғилади: унда НАТОга аъзолик нега керак? Экспертларнинг сўзларига кўра, финнлар Россия президенти Владимир Путиннинг НАТО очиқ эшиклар сиёсатини тўхтатиши кераклиги ҳақидаги баёнотидан ғазабга тушишган.

«Ким қарор қилиши жуда муҳим. Шундай кўриндики, Россия ўз чегараси бўйлаб таъсир доирасини тиклашга уринмоқда. Бизда эса улар билан умумий чегара бор. Шундай туйғу пайдо бўлдики, Россия ўзининг йўқотганларини тикламоқчи, бу эса, бизга, финнларга ноқулайлик туғдирди», деган Юҳан Аунеслуом.

Финнларнинг кўпчилиги каби у ҳам НАТОга қўшилишга қарши эди. Аммо 24 феврал барчасини ўзгартирди.

«Агар Путин бунга қодир бўлган бўлса, у яна нималар қилиши мумкин? Биз ҳозиргача имконсиз бўлиб туюлган нарсага - икки томонлама можарога тайёр туришимиз керак», деган тарихчи.

Мавзуга оид