Иқтисодиёт | 16:26 / 13.05.2022
23929
2 дақиқада ўқилади

Россия мутлақ етакчи: Ўзбекистонда корхона очишга қайси давлатлар қизиқиш билдирмоқда?

2021 йил бошидан бери Ўзбекистонда янги корхона очиш учун пул тикаётган давлатлар бешлиги ўзгармаган. Ўтган даврда Туркия ва Қозоғистон капитали иштирокидаги корхоналар сони сезиларли ўсган. Россия эса сўнгги ойларда Ўзбекистондаги корхоналар сонини кескин оширган. Батафсил Кun.uz инфографикасида.

Давлат статистика қўмитаси маълумотлари 2021 йилнинг январ ва 2022 йилнинг май ойлари оралиғида Ўзбекистонда корхона очишга пул тиккан (хориж капитали иштирокидаги) корхоналар рейтинги ўзгармаганини кўрсатади. Kun.uz расмий рақамларга таяниб хорижий давлатлар капитали асосидаги корхоналар ўсишини таҳлил қилди.

Хорижий давлатлар капитали иштирокидаги корхоналарнинг ўсиши.
Жадвал: Статистика қўмитаси маълумотлари асосида.

Бу рўйхатда Россия мутлақ етакчи бўлса, Хитой ва Туркия учликка, Қозоғистон ва Корея бешликка кирган.

Статистика Россия капитали иштирокидаги корхоналар билан қизиқ рақамларни намоён қилмоқда: йил бошидан бери Россия маблағлари асосидаги корхоналар 80тага ошган бўлса, ҳали май тугашига қарамай бир ойда уларнинг адади яна шунчага кўпайган. Яъни май ойида Россия капитали иштирокидаги корхоналарнинг кўпайиши тезлашган.

Бир йил ичида Туркия (20,5 фоиз) ва Қозоғистон (18,4 фоиз) капитали иштирокидаги корхоналар сони сезиларли ўсган. Жанубий Кореянинг эса Ўзбекистонда корхоналар очишга маблағ тикишга қизиқиши сусайганини кўриш мумкин. Бир йил ичида Корея капитали иштирокидаги корхоналар сони 0,7 фоизга, яъни атиги 8тага кўпайган. Шунга қарамай, Жанубий Корея рейтингдаги бешинчи ўрнини сақлаб қолган.  

Хитой капитали иштирокидаги корхоналар сони эса 2022 йил бошида сезиларли ошганига қарамай, бир йил ичидаги ўсиш унчалик юқори эмас – 9,4 фоиз.

Статистика нима сабабдан айрим давлатлар капитали иштирокидаги корхоналар сони ўсиши тезлашгани ёки секинлашганига оид маълумотларни ўз ичига олмаган. 

Мавзуга оид