15:43 / 14.05.2022
10209

АҚШ хориж банкларини Россияга ёрдам бериш оқибатлари ҳақида огоҳлантирди 

Таъкидланишича, банклар нафақат ўз пул оқимларини назорат қилиши, балки ҳамкорлари ва мижозларидан «россиялик олигархлар ёки корхоналарни қўллаб-қувватламасликлари»ни талаб қилиши лозим.

Фото: Reuters

АҚШ молия вазирлиги россияликларга чекловларни четлаб ўтишда ёрдам бераётган хориж банкларига нисбатан санкциялар киритиш билан таҳдид қилди, деб хабар берди The New York Times.

Хабарда айтилишича, АҚШ молия вазири ўринбосари Адевале Адейемо банклар вакиллари билан қатор ёпиқ учрашувлар ўтказган ҳамда Россияга қарши санкциялар киритмаган мамлакатларнинг молия ташкилотлари ҳам АҚШ ва Европа бозоридан маҳрум бўлиши мумкинлигини айтган.

«Агар санкциялар остидаги жисмоний шахслар ёки ташкилотларга моддий ёрдам кўрсатсангиз, сизларга ҳам чекловлар қўллашимиз ва сизларни таъқиб қилиш учун воситаларимиздан фойдаланишимиз мумкин», — деган Адейемо.

Унинг қўшимча қилишича, банклар нафақат ўз пул оқимларини назорат қилиши, балки ҳамкорлари ва мижозларидан «россиялик олигархлар ёки корхоналарни қўллаб-қувватламасликлари»ни талаб қилиши лозим.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, нафақат банклар, балки россиялик бизнесменларнинг яхталарига хизмат кўрсатадиган компаниялар ҳам санкцияларга тушиши мумкин.

«Биз бир нечта яхта санкцияларга қўшилган мамлакатлар портларини тарк этгани ва санкция қўлламаган мамлакатларга йўл олганини кўрдик», — деган Адейемо. 

Top