Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Оқ уйга қайтгач камида $2 млрд даромад кўрди. Асосий бойлик – криптовалюталардан
Бир пайтлар криптовалютани «наркодилерлар ва фирибгарларнинг уяси» деб қоралаган Трамп 2025 йилда бу соҳадан 1,4 миллиард доллар даромад кўрди. Трамплар оиласининг БАА билан тузган шубҳали битими эса – АҚШ ташқи сиёсати ва шахсий тадбиркорлик ўртасидаги чегараларни хиралаштириб юборди, деб ёзмоқда New York Times.
АҚШда 2025 йил учун мажбурий молиявий ҳисобот – декларациялар эълон қилинди. Ушбу ҳужжатларга кўра, АҚШ президент Доналд Трамп Оқ уйга қайтган биринчи йилиданоқ ақл-бовар қилмас даражада катта даромад кўрган. Жумладан, унинг оиласига тегишли криптовалюта бизнесидан тахминан 1,4 миллиард доллар келиб тушган.
Умуман олганда президент Трамп камида 2,2 миллиард доллар ишлаб топган. Бу миқдорга унинг улкан бойликларининг бошқа қисмлари, масалан, кўчмас мулк активлари ҳам киради. Аммо, Трамп президентликка қайтишидан олдин, яъни бутун 2024 йил давомида унинг бизнеслари 622 миллион доллар даромад келтирганди.
Ташқи сиёсат ва шахсий бизнес ўртасидаги чегаралар
New York Times нашри ушбу молиявий ҳисобот Трампнинг бизнес операциялари ортидаги пардани очганини таҳлил қилди.
Булардан биринчиси БАА билан шубҳали битим. Трампнинг 2025 йилдаги энг катта даромадларидан бири - Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматига алоқадор бўлган инвестиция фирмаси Трамплар оиласининг асосий криптовалюта компанияси — World Liberty Financial'нинг 49% улушини сотиб олганида юз берди.
Бу битим АҚШ ташқи сиёсати ва шахсий тадбиркорлик ўртасидаги чегараларни хиралаштириб юборди. Тез орада БАА етакчилари Трамп маъмурияти билан сунъий интеллектни ҳаракатга келтирувчи қимматбаҳо компьютер чипларини экспорт қилиш бўйича келишувга эришди. Гарчи, баъзи миллий хавфсизлик мулозимлари бу келишувга эътироз билдирган бўлса-да. Ҳужжатда Трампга 200 миллион доллардан ортиқ даромад келтирган номи кўрсатилмаган инвестициялар қайд этилган.
Яна бир даромад манбаи халқаро лицензиялар. Trump Organization компанияси Трампнинг номи ва брендини АҚШ ташқи сиёсий манфаатлари учун ўта муҳим бўлган мамлакатлар, жумладан, Саудия Арабистони ва Қатардаги кўчмас мулкларга лицензиялади. Фақат шу иккита келишувнинг ўзи ўтган йили Трампга 14 миллион доллардан ортиқ даромад келтирган.
Яқин Шарқдаги бошқа брендинг шартномалари эса ўтган йили камида 35 миллион доллар даромад келтирди. Вьетнам, Руминия, Ҳиндистон, Туркия ва Индонезиядаги эски ва янги битимлар умумий ҳисобда яна камида 20 миллион доллар олиб келган.
Криптовалюта — энг асосий даромад манбаи
Бир пайтлар криптовалютани «наркодилерлар ва фирибгарларнинг уяси» деб очиқчасига қоралаган Доналд Трамп учун бугун бу соҳа энг сердаромад манбага айланди.
Хусусан, World Liberty ($WLFI) криптовалютасининг ҳар бир сотувидан 75 фоизи Трампнинг бизнес тузилмасига ўтказилган. Бу эса токен нархи тушса ҳам унга даромадни кафолатлаган. Шу боис ушбу криптовалютадан 2024 йилда атиги 57 млн доллар даромад кўрган Трамп, 2025 йилда 799 миллион доллар фойда кўрган.

Инаугурациядан бир неча кун олдин сотувга чиққан TRUMP memcoine эса 2025 йилда президент оиласига 636 миллион доллар фойда келтирди. Аслида ўзига хос танганинг нархи қисқа муддатда кескин кўтарилиб, кейин 80 фоизга қулаганди. Ҳозирда унинг нархи 1,67 доллар атрофида.
NYT'нинг ёзишича, президент Трампнинг шу пайтгача сир бўлиб келган молиявий ҳолати унинг бизнесидаги яққол манфаатлар тўқнашувини кўрсатади. Яъни, Трамп бир вақтнинг ўзида ҳам йирик крипто-саноати иштирокчиси, ҳам ушбу соҳа бўйича энг олий қарорлар қабул қилувчи шахс ҳисобланади.
Оқ уй матбуот котиби Анна Келли эса президент Трамп «фақат Америка халқининг олий манфаатлари йўлида ҳаракат қилади ва ҳеч қандай манфаатлар тўқнашуви йўқ» деб баёнот берди.
Кўчмас мулклар
Бундан ташқари, Трампнинг АҚШдаги кўчмас мулклари: Маями яқинидаги Trump National Golf Club 122 миллион доллар, унинг машҳур Мара-Лаго клуби эса жами 77 миллион доллар даромад келтирган.
Трампнинг оммавий биржадаги Trump Media & Technology Group компаниясидаги улуши тахминан 875 миллион долларни ташкил этади.
Декларация якунида Трампнинг анъанавий молиявий бозорлардаги инвестициялари ҳам кескин ўсгани маълум бўлди. Ўтган йилнинг охирида унинг умумий инвестиция активлари камида 857 миллион долларни ташкил этган. Олдинги йили бу кўрсаткич энг камида 236 миллион доллар эди.
Нашрга кўра, молиявий ҳисобот Трамп соф бойлигининг аниқ миқдорини кўрсатмайди, чунки активларнинг кўпчилиги қоғоздаги ва тахминий қийматларга таянади.
Бошқа даромадлар ва қарзлар
«Қўли пулга тўлган» Трамп балансидаги мажбуриятлари – қарзларини ҳам сезиларли даражада камайтирди. Айниқса, апелляция суди Нью-Йоркдаги фуқаролик фирибгарлиги иши бўйича унга қўйилган қарийб ярим миллиард долларлик суд ҳукмини бекор қилгач, унинг молиявий ҳолати анча енгиллашди.
Аммо, Трамп - уни жинсий зўравонлик ва туҳматда айблаган ёзувчи Жин Керролдан ҳалигача 50 миллион доллардан кўпроқ қарздор. Душанба куни Олий суд президентнинг ушбу ҳукмни қайта кўриб чиқиш ҳақидаги илтимосини рад этди.
Ҳисобот бир нечта йирик медиа-гигантлар билан Трамп ўртасида тузилган фойдали келишувларни ҳам кўрсатди. Хусусан:
-
ABC News туҳмат бўйича даъвони судгача келишув билан ёпиш учун пул тўлади;
-
Paramount эса «60 дақиқа» дастуридаги интервью монтажи бўйича низони ҳал қилиш учун ҳақ тўлади;
-
Meta ҳам 2021 йил 6 январда Трампнинг ҳисобларини блоклагани сабабли киритилган даъво бўйича ўзаро келишувга эришди ва товон тўлади.
Бу рақамлар Трамп президентлик даврида бойишда давом этаётганидан далолат беради.
Мавзуга оид
09:15
АҚШ NIS учун вақтинчалик лицензия муддатини яна 30 кунга узайтирди
21:14 / 30.06.2026
АҚШ Олий суди туғилганда фуқаролик олиш ҳуқуқини тасдиқлади
17:54 / 30.06.2026
Миллий гвардия ва Пентагон икки йиллик ҳамкорлик режасини муҳокама қилди
14:37 / 30.06.2026