Ўзбекистон | 07:48 / 14.05.2022
6548
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда қалбаки паспортлар билан чет элга чиқишга уринган Шри-Ланка фуқароларига суд ҳукми ўқилди

Қалбаки паспортлар билан Ўзбекистондан чет элга чиқишга уринган хорижий фуқароларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар бермоқда.

Фото: Бош прокуратура

Жорий йил 8 апрель куни Шри-Ланканинг 8 нафар фуқароси Франция ва Италия қалбаки паспортлари асосида Тошкент-Лондон йўналиши бўйича учмоқчи бўлганида чегара назорати ходимлари томонидан тўхтатилиб, рейсдан қолдирилган.

Бу ҳолат бўйича тайинланган экспертиза хулосасига кўра, чет эл фуқароларидаги 2 та Италия ва 6 та Франция давлатининг паспортлари қалбаки эканлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Тошкент авиация транспорт прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 223 (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистонга кириш) ва 228-моддалари (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Фото: Бош прокуратура

Тергов натижасига кўра, 8 нафар шахсларга нисбатан айблов эълон қилиниб, жиноят иши кўриб чиқиш учун судга юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг ҳукми билан судланувчиларга тегишли жазолар тайинланган, дейилади хабарда.

Бош прокуратура судланувчиларга тайинланган жазо ҳақида бошқа маълумот бермаган.

Мавзуга оид