Жаҳон | 19:20 / 30.11.2025
4361
5 дақиқада ўқилади

Индонезияда сув тошқинлари оқибатида 440 дан ошиқ киши ҳалок бўлди

Жанубий-Шарқий Осиёда сўнгги йиллардаги энг кучли сув тошқинлари оқибатида Таиланд ва Шри-Ланкада ҳам юзлаб кишилар вафот этган ёки бедарак йўқолган.

Фото: Getty Images

Индонезиянинг Суматра оролида сув тошқини ва кўчкилар оқибатида ҳалок бўлганлар сони кескин ошиб, 442 кишига етди, дея хабар бермоқда расмийлар. Якшанба куни эрталаб жами қурбонлар сони 300 кишига баҳоланганди.

Оролда эвакуация ишлари давом этмоқда, асосий йўллар ёпилган, интернет ва электр энергияси фақат қисман тикланган.

Тропик бўронларни кучайтирган муссон шамоллари Жануби-Шарқий Осиёда сўнгги йиллардаги энг кучли сув тошқинларини келтириб чиқарди. Малайзия ва Таиландда юзлаб одамлар ҳалок бўлди ва бедарак йўқолди, бутун минтақа бўйлаб миллионлаб одамлар жабрланди.

Таиландда ҳалок бўлганларнинг расмий сони ҳозирда 170 кишини ташкил қилмоқда, Малайзия шимолидаги Перлис штатида ҳам яна икки киши ҳалок бўлган.

Шри-Ланкада сув тошқинлари ва кўчкиларни юзага келтирган экстремал об-ҳаво шароити туфайли 160 га яқин одам ҳалок бўлди.

Индонезияда Суматра оролига кучли ёмғир ёққанидан кейин юзлаб одамлар ҳамон бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

«Сеняр» тропик циклони Индонезияда ҳалокатли кўчкилар ва сув тошқинларини келтириб чиқарди, натижада уйлар ювилиб, минглаб бинолар сув остида қолди.

«Оқим жуда тез эди, бир неча сония ичида сув кўчаларга етиб келди ва уйларга кирди», - деди BBC билан суҳбатда Индонезиянинг Ачех Арини провинциясида яшовчи Амалия исмли аёл.

У ва бувиси эҳтиёт чораси сифатида тепаликда жойлашган қариндошларининг уйига кетишган. Кейинги куни нарсаларни олиб кетиш учун қайтиб келганида, уйни бутунлай сув босгани устидан чиққан.

Ёмон об-ҳаво қутқарув операцияларини қийинлаштирмоқда ва ўн минглаб одамлар эвакуация қилинган бўлса-да, юзлаб одамлар ҳали ҳам хавф остида, деб хабар берди Индонезия фавқулодда вазиятлар агентлиги.

Энг кўп зарар кўрган ҳудуд бўлаётган Тапанулида аҳоли озиқ-овқат излаб дўконларни талон-торож қилган.

Аҳоли қутқарув хизматларининг тезроқ ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларини таъминлаш учун мамлакат расмийларидан Суматрани миллий офат зонаси деб эълон қилишни талаб қилмоқда.

Таиландда ҳам ўн минглаб одамлар хавфсиз жойларга эвакуация қилинган

Таиланд жанубидаги Сонгкхла провинциясида сўнгги ўн йилликдаги энг кучли сув тошқинларидан бири оқибатида камида 145 киши ҳалок бўлди: сув сатҳи уч метрга кўтарилган.

Ҳукумат шанба куни эълон қилган маълумотларга кўра, сув тошқинидан зарар кўрган 10 та провинцияда у 3,8 миллиондан ортиқ одамни қамраб олган.

Хатъяй шаҳрида ўтган ҳафта бир кунда 335 мм ёмғир ёғди – бу сўнгги 300 йиллик ичидаги энг кучли ёмғирдир. Сув пасайиши билан ҳукумат ҳалок бўлганлар сони кескин ошганини қайд этди.

AFP агентлиги хабар беришича, шаҳардаги шифохоналардан бирида ходимлар жасадларни музлатгичларга кўчиришга мажбур бўлган, чунки ўликхона тўлиб кетган.

«Биз етти кунни сувда ўтказдик ва ҳеч бир ташкилот бизга ёрдамга келмади», – дейди маҳаллий аҳоли вакили Танита Кхиавом BBC Таиланд хизматига.

Ҳукумат ўз яқинларини йўқотган оилаларга ёрдам кўрсатиш чораларини кўришга, жумладан, икки миллион бат (62 минг доллар)гача компенсация тўлашга ваъда берди.

Қўшни Малайзияда қурбонлар сони анча кам, аммо моддий зарар миқдори жиддийроқ.

Перлис штатининг бир қисмини сув босган, натижада ўн минглаб одамлар бошпаналарга яширинишга мажбур бўлди.

Шри-Ланка эса «Дитва» циклонидан азият чекмоқда, бу табиий офат оқибатида, Фавқулодда вазиятларни бошқариш маркази маълумотларига кўра, камида 193 киши ҳалок бўлган ва 200 дан ортиқ киши бедарак йўқолган. Маҳаллий ҳукумат фавқулодда ҳолат эълон қилган.

Расмийларга кўра, 15 мингдан ортиқ уй вайрон бўлган, 78 мингга яқин одам вақтинчалик бошпаналарга яширинишга мажбур бўлган. Мамлакатнинг қарийб учдан бир қисми электр ва сув таъминотисиз қолган.

Метеорологларнинг сўзларига кўра, Жануби-Шарқий Осиёдаги экстремал об-ҳаво шароити Филиппин устидан ўтиб, ҳозирда Ветнам томон ҳаракатланаётган «Кото» тўфони ва Малакка бўғозида ҳосил бўлган «Сеняр» циклонининг ўзаро таъсири натижасида юзага келган бўлиши мумкин.

AFP агентлиги маълумотларига кўра, Ветнамда яқинлашиб келаётган «Кото» тўфони оқибатида аллақачон уч киши ҳалок бўлган, яна бир киши бедарак йўқолган.

Одатда июндан сентябргача давом этадиган бу минтақадаги йиллик муссон мавсуми кўпинча кучли ёмғирлар билан бирга келади.

Айрим экстремал об-ҳаво ҳодисаларини иқлим ўзгариши билан боғлаш қийин бўлса-да, олимларнинг таъкидлашича, бу бўронларнинг кўпайиши ва кучайишига олиб келади, бу эса ўз навбатида кучли ёмғирлар, тўсатдан сув тошқинлари ва кучли шамолларни келтириб чиқаради.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид