Ўзбекистон | 19:24 / 17.05.2022
9934
3 дақиқада ўқилади

Антимонопол қўмитаси UzIMEI бўйича 20 кун ичида аниқ хулосага келинишини маълум қилди

Антимонопол қўмитаси раисига кўра, UzIMEI, ягона имтиҳон маркази ва радарлар каби масалаларни назорат қилиш қўмита ваколатига кириш кирмаслиги борасида ўрганиш ўтказилмоқда.

16 май куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Монополияга қарши кураш қўмитаси раиси Kun.uz мухбирининг қўмита ҳар бир телефон учун ундирилаётган 54 минг сўмлик тўлов калкуляцияси борасида текширув ўтказиши эҳтимоли бўйича саволига жавоб берди.

Қўмита раиси Шоҳрух Шораҳмедов UzIMEI ва шунга ўхшаш ҳолатлар (ягона имтиҳон маркази, радарлар) кун тартибидаги мураккаб масала бўлиб қолаётганини таъкидлади.

“Чунки бизда UzIMEI ва шунга ўхшаш бошқа давлат функцияларини бажариш давлат ёки хусусий компанияларга берилганда рақобат қонунига мосми, мос эмасми, деган масала юзага келмоқда. Бу ҳолатни биз рақобат нуқтайи назаридан назорат қила оламизми ёки йўқми, бизнинг ваколатга кирадими, деган масала кўндаланг турибди.

Масалан, UzAuto’ни олайлик. Компания машина ишлаб чиқаради ва бу – бозор. Ушбу ҳолатда рақобат тўғрисида гапирсак бўлади. Радар, UzIMEI ёки имтиҳонларни қабул қилиш масаласи тадбиркорлик масаласи эмас, давлат функциясини бошқа давлат корхонасига ёки хусусий компанияга бериш ҳисобланади. Давлат функцияси тадбиркорлик субъектлари ёки бошқа давлат корхонасига берилганида бу бизнинг ваколатга кирадими ёки  йўқми, деган масала турибди”, — деди у.

Шоҳрух Шораҳмедов методик кенгаш тузган ҳолда юқоридаги каби 3-4 та ҳолатга бирдан ечим берилишини маълум қилди. 

“Радарни аукционда бериш, UzIMEI’ни рўйхатдан ўтказиш ёки “права” бериш тадбиркорлик фаолияти эмас, давлатдан рухсатнома бериш жараёни. Шунинг учун давлат функцияси бошқа корхоналарга берилишини назорат қилиш бизнинг қонунимизга мосми, уни назорат қилиш ваколатимизга кирадими, ёки бошқа органнинг ваколатими, ишлар тўғри амалга оширилмоқдами, хизматга олинаётган маблағлар тўғрими, шу каби  методологик масалалар устида ишлаяпмиз.

20 кун вақт беринг, маълумот бўлиши билан биз ўз позициямизни билдирамиз”, – деди раис.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг феврал ойида АКТ вазири Шерзод Шерматов Kun.uz'га берган интервьюсида UzIMEI борасида позициясини билдирган эди.

Мавзуга оид