Ўзбекистон расмийлари IMEI-кодлар воситасида телефонларнинг ноқонуний импортига зарба бериб, бюджетга тушумларни оширишга эришяпти. Лекин ҳар доимгидек, юқори божлар барибир якуний истеъмолчининг гарданига тушяпти. Kun.uz мухбири iPhone нархларидаги ўзгаришларни суриштириб, “Малика” савдо мажмуасида бўлди.
Мухбиримиз суҳбатлашган сотувчилар iPhone нархлари охирги ҳафталарда 150-200 долларга ошганини айтди.
“Бир ой олдин iPhone 16 Pro Max нархи 1210-1220 доллар бўлган бўлса, бир ой ичида кескин ошиб кетди. Нархларга 150-200 доллар қўшилиб, ҳозир 1310-1350 долларга чиқди”, – дейди сотувчилардан бири.
Дўкондорлар “имейканинг ҳисобига” шундай бўлаётганини айтади.
“iPhone 16 нархлари бир ой олдингидан 150-160 доллар фарқ қиляпти. Пули бор одамга бу сезилмайди, лекин камбағал одам учун 150 доллар яхшигина сумма”, – дейди бошқа бир савдогар.
“Нарх ошиши охирги уч ҳафта, бир ой ичида бўлди. Авваллари бунақа кунларда савдомиз яхши бўларди, ҳозир эса, кўряпсиз, савдо яхши эмас, ўтирибмиз. Одамлар нархини эшитиб, чиқиб кетяпти. Қўлдан келганча тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз, лекин айримлар худди нархни биз ўзимиз кўтариб қўйгандек тушунишяпти”, – дейди яна бир сотувчи.
Ўтган йили октябрдан кучга кирган тартибга асосан, агар жисмоний шахс хориждан келаётганида ўзи билан SIM-картали қурилма олиб келаётган бўлса, божхонадан ўтаётиб декларация тўлдириши ва қурилманинг IMEI-кодларини ана шу декларацияда кўрсатиши керак. Акс ҳолда, IMEI-кодни рўйхатдан ўтказишда 30 фоизлик бож тўлашига тўғри келади.
Kun.uz бу тартиб ҳақида хабар берганида, киритилган янгилик нархлар ошишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. “Малика” савдо мажмуасидаги ўрганишларимиз бу тахмин тўғри бўлганини кўрсатди.
“Олдин жисмоний шахс номидан iPhone олиб кирардик, шунга арзон эди. Ҳозир жисмоний ва юридик шахслар учун бир хил бўлиб қолди. Қонуний импорт ҳақида сўрадингиз, бизда қонуний нима бор?” – дейди микрофонсиз суҳбатлашган сотувчилардан бири.
Савдогарларнинг “имейка баланд бўлиб кетди” деган гаплари, аслида бошқа маънони беради. Чунки IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш тўлови ўзгаргани йўқ. Аслида гап телефонларнинг ноқонуний кириб келишига қарши IMEI-кодлар воситасида назорат кучайтирилгани ҳақида кетмоқда.






