12:59 / 17.05.2022
8500

Самарқандда «Ўзбекнефтгаз» бренди остида биринчи АЁҚШ очилди

Самарқанд шаҳри Рудакий кўчасида «Ўзбекнефтгаз» бренди остида барча қулайликларга эга АЁҚШ фойдаланишга топширилди. Худди шундай шохобчалар ҳозирча фақат Тошкент шаҳрида бор эди. 

Фото: Kun.uz

Ушбу замонавий АЁҚШ «Ўзбекнефтгаз» AЖнинг рамзи ва тегишли тимсолларига, танланган миллий брендга мос равишда барпо этилди.

АЁҚШда автомобилларга ёқилғи қуйишдан ташқари уларга техник хизмат ҳам кўрсатилади. Шунингдек, автомобилларда техник таъмирлаш ишларини ўтказиш, мотор мойларини алмаштириш ва шу каби хизматлар йўлга қўйилган.

 

“Самарқанд шаҳрида «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятига қарашли АЁҚШлардан бирини реконструкция қилиб, фойдаланишга топширдик. Бу ташаббус икки йил аввал Тошкент шаҳрида бошланган эди. Ушбу шохобчанинг бошқаларидан афзаллик жиҳати шундаки, бу ерда истеъмолчилар учун савдо мажмуаси, дам олиш ва тамадди хоналари ҳам мавжуд. Очиқликни таъминлаш мақсадида алоҳида ишонч телефонларини ташкил қилдик. Бу ерда нафақат «Ўзнефтгазинспекция», балки прокуратура, «Ўзбекнефтгаз» АЖга ҳам истеъмолчилар тўғридан тўғри мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Йил охирига қадар республикамизнинг барча вилоятларида худди шундай шохобчаларни фойдаланишга топширишни режалаштирганмиз”, – деди  «UNG Petro» корхонаси бош директори Мирзоҳид Мусаев.

Шохобчада автомобил эҳтиёт қисмлари дўкони, мижозлар учун хизмат кўрсатувчи озиқ-овқат ва фаст-фуд шохобчалари ҳамда кофе ва салқин ичимликлар савдоси ҳам ташкил қилинган.

Маълум бўлишича, ушбу шохобча бир суткада мингдан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатиб келган. Реконструкция ва модернизация савдо ҳажми ортишига ҳам хизмат қилади, албатта.

Эслатиб ўтамиз, бир муддат аввал ушбу шохобчада электромобилларни тезкор зарядлаш қурилмаси ҳам ўрнатилганди.

 

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 февралдаги 143-сонли «Ўзбекнефтгаз» AЖ самарадорлигини оширишга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари тармоғини бирлаштирувчи бошқарув компанияси сифатида ва «UNG» миллий бренди асосида хизмат кўрсатувчи «UNG Petro» корхонаси ташкил этилганди. Республика бўйлаб 100 га яқин станция корхона таркибига киритилган.

Журналист Гулмира Тошниёзова
Оператор ва монтаж устаси Абдуқодир Тўлқинов

Top