Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Сўнгги уриниш». Экспертлар РФ армиясининг Украинадаги имкониятларини қандай баҳоламоқда?
Донбассдаги бир неча ҳафталик «кенг кўламли ҳужум»дан кейин ҳам РФ армияси сезиларли ютуқларга эришмади ва фақат Луганск областидаги Попасная шаҳрини ололди, қақшатқич жанглар натижасида бу шаҳар амалда култепага айланган. Россиялик амалдорлар «махсус ҳарбий амалиёт» режа бўйича кетаётганини айтишда давом этишмоқда, аммо Ғарбдаги қатор экспертлар Кремлнинг Украинадаги кампанияси мағлубият билан якунланиши мумкинлиги ҳақида хулоса қилишмоқда.
Полшадаги Rochan таҳлил маркази раҳбари Конрад Музиканинг Reuters агентлигига айтишича, россияликлар армияси Донбассда шу қадар кўп ҳарбийлари ва техникаларини йўқотдики, уларнинг ўрнини тўлдириш тобора қийинлашиб бормоқда. «Ҳозирги ҳолатда [Россияни] ёки мағлубият, ёки сафарбарлик кутмоқда. Оралиқ вариант бор деб ўйламайман», деб ҳисоблайди Музика.
9 май арафасида айрим экспертлар Россия президенти Владимир Путин Ғалаба кунида Украинага расман уруш очиш ёки армияни сезиларли даражада тўлдириш имконини берадиган умуммиллий сафарбарлик эълон қилишини тахмин қилишганди. Аммо бундай бўлмади, ОАВ маълумотига кўра эса Россия ҳукумати захирадагиларни армияга жалб этишга уриниб, қисман «яширин мобилизация» ўтказишни бошлаган.
Арлингтондаги CNA Россия тадқиқотлар институти директори Майкл Кофман Reuters учун берган интервьюсида Россиянинг бутун Донбассни эгаллаш имкониятларини қуйидагича баҳолаган: «Менда бунинг истиқболлари бўйича жуда катта шубҳалар бор». «Россия кучлари жуда ҳолдан тойган ва уларнинг руҳий ҳолати сезиларли даражада чўккан. Офицерлар олдинга юриш истаги билан ёнмаяпти, Россия сиёсий раҳбарияти эса стратегик мағлубият кўриниб қолган бўлса-да, имиллаётгандек кўринади», деб ҳисоблайди Кофман.
Фронтда нималар бўлмоқда?
Америкадаги нуфузли Уруш тадқиқотлари институтининг (ISW) сўнгги ҳисоботида айтилишича, Россия Мариупол тўлиқ қўлга олингани ҳақида баёнот бериш орқали («Азовстал»даги сўнгги украин ҳимоячилари таслим бўлмоқда) ҳарбий муваффақият ҳақида таассурот яратишга уриниб кўради, шунингдек Северодонецкка ҳужум қилишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Россиянинг Луганск областидаги юришлари тафсилотларини баҳолаган америкалик экспертларнинг ёзишича, РФ армияси Лисичанск ва Бахмутга олиб борувчи йўлларни назоратга олишни кўзлаган ва ҳозирча фақат кичик ютуқлар билан кифояланмоқда.
Украина қуролли кучлари Бош штабига таянган ҳолда ISW РФ армияси келгусида Донецк областидаги Славянск шаҳрига ҳужум қилиш учун бўлинмаларни тўлдириш ва захира кучлари тўплашга уринаётганини ёзган. Институт экспертлари баҳоларига кўра, 17 май куни россиялик ҳарбийлар бу шаҳар томон юриш бошлаш учун бир неча муваффақиятсиз уринишларни амалга оширган. Шу билан бирга, улар Лиман атрофида илгарилашга эришган.
Буларнинг барчаси Украина қуролли кучлари Харков областида қарши ҳужумга ўтиши фонида бўлмоқда, бу ҳудудда украиналиклар РФ армиясини давлат чегарасигача чекинтирган. Харков области маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг сўзларига кўра, россияликлар Харков шаҳридан 90 км масофадаги муҳим транспорт узели - Волчанск шаҳри йўналишида украинларнинг қарши ҳужумини тўхтатишга уринмоқда.
Шу билан бирга, ISW маълумотига кўра, Украина қуролли кучлари россияликларнинг Волчанскдан Изюмгача бўлган таъминот йўналишига таҳдид солмоқда. Пентагон маълумотига кўра, Россия, катта эҳтимол билан, Харков яқинидаги айрим позицияларини, хусусан, Белгородга олиб борувчи йўл бўйидаги аҳоли пунктларини сақлаб қолишда давом этади.
Америка уруш тадқиқотлари институти экспертлари фикрича, Россия қўшинлари Харков атрофидан чекинишни якунлаб қўяди, аммо Донбасс ва Изюмдаги ўз гуруҳлари таъминот линиясини ҳимоя қилиш учун Волчанскни ўз қўлида ушлаб қолишга ҳаракат қилади. «Улар бунга эриша оладими, йўқми, бу ноаниқ. Россияликлар Северодонецк ва Лисичанскни ҳеч бўлмаганда жанубдан ўраб олишга уринишда давом этади, эҳтимол Северодонецк ва Лисичанскни Украинанинг бошқа қисми билан боғловчи сўнгги автомобил магистралини тўсиб қўйишга эътибор қаратади», дея ҳисоблайди ISW’дагилар.
«Жанг оғир ва узоқ бўлади»
Музика Россия дастлабки йўналишда муваффақиятга эриша олмагани учун ўз саъй-ҳаракатларини шарққа йўналтиришга мажбур бўлганини қайд этади. «Улар Изюмдан муваффақиятли юриш қила олишмади, шунинг учун Северодонецк ва Лиманга ўтишди, эҳтимол [бу шаҳарлар] яқинидаги Украина қўшинларини ўраб олишга ҳаракат қилишади. Бу амалда ҳам рўй берадими, йўқми - буниси бутунлай бошқа масала», деган Rochan таҳлил маркази Reuters агентлигига берган интервьюсида.
Экспертлар Украина Донбассда ҳам Харков областидаги каби тезкор қарши ҳужумни такрорлай олади, деб ҳисоблашмаяпти: Луганск ва Донецк атрофидаги россиялик ҳарбийлар сони анча кўпроқ. «Жанг жуда оғир бўлади. Ва у фақат оғир эмас, узоқ ҳам бўлади. Россия ҳарбийлари ҳужумда кутилганидек муваффақият қозона олишмади. Аммо улар дарҳол қочиб кетмайди ёки таслим бўлишмайди», дейди Кофман Reuters учун интервьюда.
Киев сўнгги вақтларда Ғарбдаги иттифоқчиларидан олаётган кўплаб оғир қуроллар Украина армияси муваффақиятида муҳим рол ўйнаши мумкин. Киевдагилар Американинг M777 гаубицалари каби узоқ масофага ва юқори аниқликда отувчи оғир артиллерия қуролларини кутишмоқда.
«Украинлар узоқ масофаларга зарба беришда россияликлардан устун кела бошлади. Бу шуни англатадики, улар Россия томонидан қарши зарба бўлиши таҳдидисиз ҳаракатлана олишади. Россияликлар эса сон жиҳатдан артиллерия устунлигига эга, аммо сифат борасида ҳам шундай дейиш мумкинлигига ишончим комил эмас. Бу артиллериялар уруши», деган Музика.
«Коррозия» стратегияси
Нуфузли ҳарбий эксперт, австралиялик истеъфодаги генерал Мик Райан твиттердаги саҳифасида Украина армияси қандай принциплар бўйича ҳаракатланаётганига баҳо берган. Райан Украинанинг стратегиясини «коррозия» принципи деб атайди - унга кўра Киев доимий равишда Москванинг заиф жойларига зарбалар бериб, душманни секинлаштиришда ўз кучларидан самарали фойдаланади.
Унинг сўзларига кўра, украин ҳарбийлари ўз ҳужумларини рақибнинг заиф ҳимояланган нуқталарига қаратган: коммуникациялар, логистика, фронторти, таъминот йўллари, артиллерия ва қўмондонлик пунктлари.
«Киев учун уруш вақтида Украина Россияни шунинг учун тўхтатдики, фронт ортига кириб борилди ва моддий-техник таъминотга зарбалар берилди. Улар Россиянинг шимолдаги кампаниясини ичидан емиришди ва мамлакатни тарк этишга мажбур қилишга муваффақ бўлишди», деб ҳисоблайди Райан.
Бундай стратегияни Киев шарқдаги кампанияда ҳам қўлламоқда, Россия логистика тизими доимий ҳужумларга учрамоқда - гарчи Москва бу сафар нисбатан эҳтиёткорлик билан ҳаракатланаётган бўлса-да.
Шу билан бирга, «россияликлар руҳияти жанг майдонидаги мағлубият, таъминотдаги муаммолар ҳамда Украина босими остида Киев ва Харков атрофидан чекиниш туфайли ҳам бузилишга учради», деб ҳисоблайди Райан. Украина томони ижтимоий тармоқларда Россиянинг мағлубиятини намойиш этувчи муваффақиятли кампания олиб боргани руҳий босим ўтказишда ўз ҳиссасини қўшиди.
Яқинда россиялик ҳарбийлар учун даҳшатли тушга айланган Шимолий Донни кечиб ўтиш жойидаги воқеалар қўмондонликда ҳарбий амалиётлардаги хавфни баҳолаш нақадар ёмон эканини кўрсатди. «XXI аср урушлари шунақа. Украинлар ўз моҳирликларини намойиш этишди. Ресурслари чекланган ва ҳудуди катта бўлмаган ҳар бир давлат улардан кўп нарса ўрганса бўлади», дея ёзади Мик Райан.
«Барчаси режа бўйича кетмоқда»
Аниқ ҳарбий муваффақиятлар йўқлигига қарамай, Россия раҳбарияти вакиллари РФ армияси олдинга қўйилган вазифаларни бажараётганини айтиб келмоқда, мудофаа вазирлиги эса ҳар куни Украинада кўп сонли нишонлар йўқ қилингани тўғрисида ахборот беради.
«Яқинда президент барчаси режа бўйича кетаётганини айтди. Барчаси режа бўйича кетмоқда. Етарлича самарали. Ҳарбийларимиз муваффақиятига гувоҳ бўласиз, бизнинг жангчилар кўрсатаётган қаҳрамонликни кўрасиз, демак, олдимизга қўйилган барча мақсадларга эришилишига шубҳа йўқ», деган сешанба куни Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков (иқтибос РИА Новостидан).
Россиянинг Украинадаги бутун ҳарбий кампанияси истиқболларига тўхталаркан, Кофман Кремл қўшимча кучлар юборишга тайёрланаётгани, аммо буни ташкиллаштириш осон бўлмаслигини айтади. «Мутлақо аёнки, улар ҳарбий тажрибага эга бўлган одамларни қандайдир йўл билан жалб этишга уриниши аниқ. Аммо ҳозирча, кўриб турибмизки, Россия армиясининг ҳолати вақт ўтган сайин ёмонлашаётганида Путин шунчаки чўзмоқда», дейди арлингтонлик эксперт. «Ҳозирча буларнинг барчаси Россия армиясининг сўнгги ҳужумидек кўринмоқда», дея хулоса қилади у.
«Вақт, албатта, россияликларга қарши. Уларда техникалар тугамоқда. Айниқса замонавий ракета захиралари тугаб бормоқда. Украинлар эса кундан кунга кучаймоқда», дейди Reuters билан суҳбатда Британиядаги RUSI (Royal United Services Institute) тадқиқот маркази вакили Нил Мелвин.
Мавзуга оид
20:08 / 04.06.2026
Москвадан Қримга кетаётган йўловчи автобус зарбага учради
21:08 / 22.05.2026
Bloomberg: Путин урушни йил охиригача якунламоқчи, аммо ўз шартлари асосида
09:07 / 13.05.2026
Донбасс масаласи бўйича Трампнинг баёноти эълон қилинди
09:41 / 22.04.2026