Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинадаги уруш: томонларнинг баёнотлари, дунё муносабати, ёрдам ва санкциялар
Россия армиясининг Украинага бостириб кириши билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларга оид сўнгги расмий хабарлар ва янгиликларнинг эрталабки қисқача шарҳлари билан танишинг.
Украина томонининг баёнотлари
Канн халқаро фестивали кинофестивалининг очилиш маросимида Украина президенти Володимир Зеленскийнинг видеомурожаати намойиш қилинган ва у залнинг давомли олқишларига сабаб бўлган.
Ўзининг қарийб 10 дақиқалик нутқида ўзи ҳам ўтмишда актёр бўлган Зеленский бошқа нарсалар билан бирга Фрэнсис Форд Копполанинг Вьетнам уруши ҳақидаги «Бугунги қиёмат» ва Чарли Чаплин иштирокидаги «Буюк диктатор» филмларини эсга олган ва айни пайтда Украина тўқнаш келган воқеалар ҳамда уруш ва диктатуранинг экранда тасвири ўртасида параллел ўтказган.
«Биз курашишда давом этамиз. Бизда ўз эркинлигимиз учун курашишдан ўзга танлов қолмаган. Аминманки, диктатор ютқазади. Биз бу урушда ғолиб бўламиз. Украинага шон-шарафлар!» — дея тугатган Зеленский ўз нутқини.
Украина президенти офиси раҳбари Михайло Подоляк Россия билан музокаралар тўхтаб қолганининг учта сабабини санаб ўтган.
«Музокара жараёни чиндан ҳам тўхтаган. Нега? Сабаблар бир нечта. Россия жаҳонда бугун рўй бераётган жараёнларни ва ўзининг ниҳоятда салбий ролини тушунаётганини намоён этмаяпти.
Иккинчидан, Россия уруш ҳар қандай маънода уларнинг қоидаси, графиги ёки режаси бўйича бормаётганини тушунмаяпти. Украинанинг қаршилиги ва профессионал қаршилик тобора кучайиб бормоқда. Шу сабабли Россия ҳеч қандай мақсадларига эриша олмайди.
Учинчи сабаб Россия ички бозордаги пропагандистик кескинликдан воз кеча олмаяпти, шу сабабли сиёсий элита ҳақиқатни гапиришга чўчийди», — деган Подоляк.
Украина қуролли кучлари бирлашган операцияси ўтган сутка ичида эришилган натижалар ҳақида қуйидагича маълумот бермоқда (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):
- Жанглар 4 та локацияда давом этмоқда ва душманнинг 12 та ҳужуми муваффақиятли бартараф этилган.
- 3 та танк, 3 та артиллерия тизими, 6 та ҳарбий зирҳли техника, 7 та транспорт воситаси йўқ қилинган.
- Ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари Донбасс осмонида 9 та «Орлан-10» типидаги пилотсиз учар қурилма ва битта «ZALA» типидаги тезкор тактик пилотсиз авиацион комплексни уриб туширган.
«Схид» («Шарқ») тезкор-тактик гуруҳининг маълумотлари:
- Россия қўшинларининг 2 та ҳужуми бартараф этилган. Душманнинг йўқотишлари: 110 нафаргача шахсий таркиб, 6 та пиёдалар зирҳли машинаси (БМП), 1 та бронетранспортёр, 1 та миномёт нуқтаси, 1 та ЗРК, 4 та артиллерия нуқтаси, 2 та пилотсиз учар қурилма.
Россия томонининг баёнотлари
Россия президенти Владимир Путин нефт бўйича йиғилиш ўтказди ва унда жаҳон энергетикасида рўй бераётган муаммоларнинг асосий сабаби сифатида Ғарб давлатларининг узоқни ўйламай қилинаётган сиёсатини кўрсатган.
«Европа нефтгаз бозорида Америка босими остида ва мутлақо сиёсий сабаблар билан янгидан янги санкциялар киритмоқда. Буларнинг барчаси инфляцияга сабаб бўлади. Ғарбдагилар эса ўз хатоларини тан олиш ўрнига, четдан айбдор ахтаришмоқда.
Украина атрофида рўй бераётган воқеаларнинг барчаси Ғарбнинг сиёсати билан боғлиқ. Европа давлатлари ўз иқтисодиётига етказилаётган зиёнга эътибор бермасдан, Россия энергия ресурсларини рад этиш масаласини ўртага қўйишмоқда», — деган Путин.
Энергетика соҳасида Европа давлатларининг сиёсатини Путин «иқтисодий худкушлик» деб атаган.
«Россия Федерация компаниялари нефт бозоридаги ўзгаришларни инобатга олишлари лозим, чунки аввалгидек бизнес қилиш эҳтимоли паст. Россия хорижий давлатларнинг нефт соҳасидаги ўйланмаган ва чалкаш қадамларини ўз фойдасига йўналтириши керак», — деган Путин.
Россия Мудофаа вазирлигининг махсус вакили Игор Конашенковнинг брифингида эълон қилинган маълумотлар (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):
- Мариуполнинг «Азовстал» заводида яширинган «Азов» ултраўнг батальони жангарилари ва Украина қуролли кучлари аскарлари асирга туша бошлаган. 265 киши асирга олинган, уларнинг 51 нафари оғир жароҳатланган.
- Лвов областига юқори аниқликдаги ракеталар билан зарба берилиши оқибатида Украина захира қўшинларининг шахсий таркиби ва Донбассга жўнатиш учун тайёрлаб қўйилган АҚШ ва Европа давлатларининг ҳарбий техникаси ва қурол-яроғлари йўқ қилинган.
- Юқори аниқликдаги ракеталар билан иккита бошқарув пункти, алоқа тугуни, 28 та тирик куч ва ҳарбий техника жамланмасига зарба берилган. Зарбалар натижасида 470 дан ортиқ аскарлар йўқ қилинган, 68 та ҳарбий техника ишдан чиқарилган.
- Тезкор тактик ва армия авиацияси томонидан 9 та бошқарув пункти, 93 та тирик куч ва ҳарбий техника жамланмаси, шунингдек, учта қурол-яроғ омборига зарба берилган.
- Ракета қўшинлари ва артиллерия томонидан Украина ҚКнинг 6 та бошқарув пункти, 224 та тирик куч ва ҳарбий техника жамланмаси, ўт очиш позицияларида турган 12 та артиллерия ва миномёт батареялари, 4 та БМ-21 «Град» бирваракайига ўт очиш ракета тизимлари ва 2 та ҳаво нишонларини ахтариб топувчи радиолокацион станцияларига зарба берилган.
- Махсус ҳарбий амалиёт бошидан буён Украинанинг 168 та самолёти, 125 та вертолёти, 912 та пилотсиз учар қурилмалари, 3134 та танк ва бошқа зирҳланган жанговар машиналари, 385 та бирваракайига ўт очиш ракета тизими, 1542 та дала артиллерияси ва миномёт қуроллари, шунингдек 2983 та махсус ҳарбий автомобил техникаси йўқ қилинган.
Украинага кўмак
«Катта еттилик» давлатларининг молия вазирлари Германияда пайшанба куни ўтадиган учрашувда Киевга кўрсатиладиган молиявий ёрдам миқдорини муҳокама этишади, деб хабар берган DPA агентлиги. Агентлик маълумотларига кўра, Киев ойига 5 млрд евродан уч ой давомида 15 млрд евро ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Европа комиссияси Украинани урушдан кейин тиклаш бўйича юз миллиардлаб евро маблағ тикиладиган «Украинани қайта қуриш» стратегик режасини ишлаб чиққан. 18 май куни тасдиқланиши кутилаётган саккиз саҳифали қарорнинг лойиҳаси Sueddeutsche Zeitung газетаси ихтиёрига келиб тушган.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, Украинанинг уруш туфайли вайрон бўлган инфратузилмасини тиклашга 10 йил вақт кетади. Бунинг учун Украинанинг коррупцияга қарши курашиш, ҳукуматнинг ислоҳотлар ўтказиши каби қатъий кафолатлари остида пул ажратилади. Режага кўра, ислоҳотлар Украинани Европа Иттифоқига яқинлаштириб, унга аъзо бўлиш учун шароитларни яратиши керак.
Германиянинг KfW давлат ривожлантириш банки Украинага 15 йил муддатга 150 млн евро имтиёзли маблағ ажратади.
Полша Украинага ҳарбий ёрдам сифатида бериладиган 2 млрд евро маблағни етарли эмас деб ҳисоблайди, деган Полша мудофаа вазири Мариуш Блашчак.
Санкциялар ва Россиянинг қарши чоралари
АҚШ ҳукумати Россияни 25 майдан сўнг облигациялар бўйича тўловларни амалга ошириш имкониятидан маҳрум этмоқчи, деб хабар беради Bloomberg ўз манбаларига таяниб. Нашр маълумотларига кўра, АҚШ молия вазирлиги РФ суверен қарзининг бир қисмига хизмат кўрсатиш учун тўловни аксилроссия санкциялардан қутқариб қолувчи бош лицензиянинг амал қилиш муддатини бекор қилмоқчи.
АҚШда бензин нархи янги рекордни ўрнатди. Америка автомобил ассоциациясининг маълумотларига кўра, бензиннинг 1 галлони 4,5 долларга етган. (1 галлон 3,785 литрга тенг. Бу ҳолда бензиннинг 1 литри 1,19 долларга етади — таҳр.).
Франциянинг Engie энергия компанияси Россия гази учун Еврокомиссия тавсияси асосида еврода ҳақ тўлайди, кейинги тўлов май ойининг охирларигача ўтказилади, деган компания раҳбари.
Италиянинг Eni компанияси расман Россия гази учун рублда тўлов қилиш учун «Газпромбанк»да иккитали ҳисоб рақам очишини эълон қилди.
Финландиянинг Gasum газ компанияси Россия гази учун рублдан тўлов қилишни рад этди.
Латвия Россия билан имзоланган маданият соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимни бекор қилди.
Россияда YouTube видеопорталини ёпиш режалаштирилмаяпти, деган РФнинг рақамли ривожланиш, алоқа ва оммавий коммуникациялар вазири Максут Шадаев.
Россия Болтиқ денгизи давлатлари Кенгашини тарк этмоқда, деб баёнот берган РФ ТИВ.
Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ҳукуматга ижтимоий-иқтисодий ривожланиш сценарийсини тақдим этган:
- Россия ЯИМининг пасайиши 2022 йилда 7,8 фоизни ташкил этади, 2023 йилда 0,7 фоизгача секинлашади.
- 2024–2025 йилларда ЯИМнинг 3,2 ва 2,6 фоизлик ўсиши кузатилади.
- 2022 йилда инфляция 17,5 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда ва 2023 йилда у 6,1 фоизгача пасаяди.
- 2022 йилда АҚШ долларининг ўртача йиллик курси 76,7 рубл даражасида бўлади, йил охиригача 76 долларгача ўсади.
- 2022 йилда ишсизлик 6,7 фоизни ташкил этади, 2023 йилда — 6,6, 2024 йилда — 5,4, 2025 йилда — 4,5 фоизгача пасаяди.
- Аҳолининг реал даромадлари 2022 йилда 6,8 фоизга, реал қийматдаги маошлар 3,8 фоизга пасаяди.
Халқаро ҳамжамиятнинг муносабати
Финландия ва Швеция 18 май куни НАТОга аъзо бўлиш учун биргаликда ариза топширади. Бу ҳақда Стогҳолмда ўтган қўшма матбуот анжуманида Швеция бош вазири Магдалена Андерссон ва Финландия президенти Саули Ниинистё эълон қилишган.
Туркия қандай шартлар эвазига Швеция ва Финландиянинг НАТОга аъзо бўлишига тўсқинлик қилмаслиги маълум бўлди. Bloomberg нашрининг уч нафар турк мулозимларига таяниб хабар қилишича, Анқара бошқа айрим нарсалар қаторида Туркиянинг F-35 қирувчи самолётлари дастурига қўшилишини ва Россиядан С-400 ракеталарини сотиб олишга тўсқинлик қилинмаслигини талаб қилмоқда.
АҚШда гипертовушли ракета муваффақиятли синовдан ўтказилди, деб хабар бермоқда Reuters. Америка ҳарбийларининг таъкидлашича, синовлар Калифорнияда 14 май куни ўтказилган. Ракета B-52 бомбардимончи самолётидан учирилган ва товуш тезлигидан беш карра ортиқ тезликка эришган.
Россиянинг Донбассни маҳв этиш бўйича ҳаракатлари аввалроқ содир бўлган «Киев учун жанг» сингари тўхтаб қолган. Ўтган бир ой ичида Россия қўшинлари айтарли натижаларга эриша олгани йўқ, қайтага украинлар кўпроқ муваффақият қозонишди. Ўтган давр ичида Украина ҚК Харков ва Запорожье остоналарида бир нечта посёлкалар устидан назоратни қўлларига қайтариб олган. «Махсус амалиёт»нинг депсиниб қолишининг бош сабаблари ҳақида Vox нашри шундай ёзади:
- Россия нафақат сон жиҳатдан, ҳужум қилаётган томон сифатида стратегик жиҳатдан ҳам дастлабки устунликни қўлдан бой берди;
- Украиналикларнинг юқори маънавий руҳи россияликларнинг паст мотивацияси билан контраст қилмоқда;
- Русларда логистика ва ҳужум чизиғини ортдан қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ муаммолар юзага келди
- Ғарбнинг улкан ёрдами: Украина қурол-яроғ ва қимматли разведка маълумотларини узлуксиз олмоқда, Россия учун санкциялар қайта қуролланишга халақит бермоқда;
- Ҳужум учун ташланган кучлар олдига қўйилган вазифа номутаносиб бўлган.
Энди нима бўлади? Vox бир нечта сценарийларни санаган, асосийси — можаро узоқ муддатли урушга айланиши мумкин. Бунда мудом ҳар икки томон ҳужумлар ва қарши ҳужумларни амалга ошириб, ҳудудларни «қўлдан қўлга» ўтказиб туради.
Мавзуга оид
16:47 / 10.06.2026
Украина «Фламинго» ракеталари билан Чебоксарга зарба берди
10:00 / 10.06.2026
Германия Украина учун яна 300 миллион евро ажратади
10:25 / 09.06.2026
Киев ва Вашингтон Украинадаги урушни тугатиш масаласини муҳокама қилди
08:45 / 09.06.2026