Жаҳон | 11:30
794
2 дақиқада ўқилади

Ринкевичс: Украинада тинчликка Европа иштирокисиз эришиб бўлмайди

Латвия президенти Эдгарс Ринкевичснинг айтишича, НАТО Россия билан можаронинг янада кескинлашиши ва ҳатто алянс билан очиқ тўқнашув эҳтимолига тайёр бўлиши лозим. У Европа давлатларини мудофаа салоҳиятини жиддий равишда кучайтиришга чақириб, фақат ҳарбий харажатларни оширишнинг ўзи етарли эмаслигини таъкидлади.

Фото: AP

Эдгарс Ринкевичс бу ҳақда 3 июл куни Deutsche Welle нашрига берган интервюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, НАТОга аъзо давлатлар Кремлга аниқ сигнал юбориши керак: агар Россия алянсга қарши ҳаракат қилса, унга нисбатан мутаносиб жавоб қайтарилади.

Ринкевичс, шунингдек, Украинада барқарор тинчликка Европа иштирокисиз эришиб бўлмаслигини қайд этди. Унинг фикрича, Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши нафақат сиёсий ва иқтисодий, балки хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам Европа манфаатларига мос келади.

Латвия президентининг таъкидлашича, ўтган йили НАТО давлатлари мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизигача етказишга келишиб олган бўлса-да, бу ҳам етарли эмаслиги аён бўлмоқда.

«Муаммо фақат маблағда эмас. Муҳими, ушбу маблағлар эвазига замонавий қурол-яроғ, ракеталар ва ҳарбий техникаларни сотиб олиш ҳамда ҳарбий салоҳиятни оширишдир», — деди у.

Ринкевичс АҚШни Европа хавфсизлигининг ажралмас ҳамкори сифатида баҳолаб, айрим европалик сиёсатчиларнинг баёнотларига қарамай, Вашингтон қитъа мудофаасида ҳал қилувчи ўрин тутишини таъкидлади.

3 июл куни Эдгарс Ринкевичс келаси ҳафта Анқарада бўлиб ўтадиган НАТО саммити олдидан Берлинга ташриф буюрди. У ерда Эстония бош вазири Кристен Михал ва Литва президенти Гитанас Науседа билан биргаликда Германия канцлери Фридрих Мерц билан учрашув ўтказди.

Учрашув якунида Германия канцлери Фридрих Мерц Болтиқбўйи давлатлари хавфсизлиги Германия хавфсизлигининг ҳам ажралмас қисми эканини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид