Ўзбекистон | 16:01 / 19.05.2022
5061
2 дақиқада ўқилади

«Права»ни алмаштириш муддати узайтирилиши ДХМга ҳайдовчилар оқимини 10 баробардан кўпроқ камайтирди - Адлия вазирлиги 

Жорий йилнинг 12 апрел куни Вазирлар Маҳкамасининг эски ҳайдовчилик гувоҳномалари ва транспорт воситалари рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномаларни алмаштириш муддатини 2023 йил апрель-декабрь ойларигача узайтириш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Адлия вазирлиги хабарига кўра, дастлаб ҳайдовчилик гувоҳномалари ва транспорт воситалари рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномаларни алмаштиришни 2020 йил 31 декабргача якунлаш режалаштирилган эди. Жумладан, 2020 йилнинг баҳорида муддат бир йилга, 2021 йилнинг ноябрида эса 2022 йилнинг охиригача узайтирилди.

Давлат хизматлари марказлари фаолияти мониторинг қилинганда, ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш бўйича мурожаатлар сони узайтиришдан сўнг сезиларли даражада камайганини кўрсатди. 

Мисол учун, гувоҳномаларни алмаштириш муддати март ойигача белгиланганида Чилонзор тумани давлат хизматлари марказига кунига 500-700 нафар фуқаро мурожаат қилган.

Бироқ, гувоҳномаларни алмаштириш муддати узайтирилиши ҳайдовчилар оқимининг 10 баробардан кўпроқ камайишига олиб келди. Бу, айниқса, Андижон тумани Давлат хизматлари маркази мисолида яққол кўзга ташланади. Агар февраль ойида 2577 нафар фуқаро, март ойида эса 2723 нафар фуқаро марказга мурожаат қилган бўлса, апрель ойида уларнинг сони 1103 нафарни, май ойининг биринчи ярмида эса 100 нафарни ташкил этган.

Бугунги кунда, ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш жами 74 та пунктда, шундан, 25 таси Давлат хизматлари марказларида, 49 таси йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматларида фаолият кўрсатмоқда. 

Ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилнинг апрелига қадар ҳар куни ўртача 120-150 киши хизматга мурожаат қилган тақдирда, қолган эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштиришни навбатларсиз  якунлаш мумкин бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид