Жаҳон | 09:00 / 20.05.2022
20715
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Россия глобал озиқ-овқат инқирозида бир-бирини айблаб чиқди

АҚШ давлат котиби Москвани Қора денгиздаги портлар блокадасини тугатишга чақирди. Россиянинг БМТдаги доимий вакили портлар Украина томонидан блокланганини маълум қилди.

Энтони Блинкен (чапда) / Василий Небензя (ўнгда)

Америка Қўшма Штатлари ва Россия Украинадаги уруш фонида дунё бўйлаб озиқ-овқат билан боғлиқ вазият ёмонлашганида бир-бирини айблади. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 19 май, пайшанба куни БМТ хавфсизлик кенгаши йиғилишида «миллионлаб украиналиклар ва бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар учун озиқ-овқат том маънода Россия ҳарбийлари томонидан гаровда» эканини айтди.

«Сизнинг босқинчилик урушингизни танқид қилаётган мамлакатларга озиқ-овқат ва ўғит экспортини тақиқлаш билан таҳдид қилишни бас қилинг», — дея қўшимча қилди Блинкен. У Россияни Қора денгиздаги портларда тўсиб қўйилган Украина донини олиб чиқиб кетишга рухсат беришга чақирди.

Ўша йиғилишда сўзга чиққан Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Россия Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини денгиз орқали олиб чиқиш имкониятини тўсиб қўйгани борасида эътироз билдирди. Унинг сўзларига кўра, буни Қора денгиз ҳавзасини миналаштириб қўйган Киев амалга оширмоқда. Небензяга кўра, Украина расмийлари «тўсиб қўйилган кемаларнинг йиғилиш ҳудудига хавфсиз чиқиши масаласини ҳал қилишда кемага эга бўлган хорижий давлатлар вакиллари билан мулоқот қилишдан қочмоқда».

Шунингдек, у суғурта харажатлари, логистика муаммолари ва ғарб бозорларидаги чайқовчилик туфайли юзага келган инфляцион спираль туфайли дунё узоқ вақтдан бери озиқ-овқат инқирозидан азият чекаётганини таъкидлади. Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари дунёдаги озиқ-овқат билан боғлиқ вазиятни янада оғирлаштиради, дея қўшимча қилди у.

Мавзуга оид