Жаҳон | 19:55
998
2 дақиқада ўқилади

Жазирамадаги байрам: иссиқ сабаб АҚШдаги мустақиллик тадбирлари бекор қилинмоқда

АҚШнинг шарқий соҳили бўйлаб шу кунларда ўта иссиқ ёз ҳукмрон. Ҳарорат кундузи 38-46 даражагача чиқмоқда, ҳаводаги юқори намлик ҳам ҳисобга олинса, бу жуда ноқулай об-ҳаво. 4- июл АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги нишонланмоқда, бироқ ҳукумат режалаган тадбирлар иссиқ ҳаво ортидан кетма-кет бекор қилинмоқда. Масалан, Филаделфия, Ню-Жерсей, Вашингтондаги парадлар ўтказилмайдиган бўлди.

Бу йили АҚШ мустақиллигининг 250 йиллигини кенг нишонламоқда. Тарихдаги энг катта ва узоқ давом этувчи салют, қирувчи самолётлар иштирокида осмондаги шоу, Вашингтон монументидаги томоша, махсус концерт, фестиваллар ваъда қилинган. 1 июл кунидан National Mall, яъни Вашингтоннинг юрагида бу тадбирларнинг баъзилари ўтказиб келинмоқда. Лекин, асосий парад ва салютлар 4 июл оқшомига режаланган эди.

Аммо, шу кунларда АҚШнинг шарқий соҳили бўйлаб ўта иссиқ об-ҳаво ҳукмрон. Кундузи ҳарорат 38-46 даражагача исиб, одамларга жиддий ноқулайликлар туғдирмоқда. Миллионлаб фуқаролар зарурат бўлмаса, кўчага чиқмасликка чақирилди. Ҳаводаги юқори намлик ҳам инобатга олинса, бу ростанам жуда ноқулай об-ҳаво.

Тадбирларга келсак, иссиқ сабаб Вашингтондаги асосий парад 3 июл куни бекор қилинди. Сабаби 4 июль куни шаҳарда ҳарорат 39 градусга чиқади ва намлик ҳисобига одамлар 46 даражадек ҳис этади. Бундай шароитда мустақиллик парадини ўтказиш одамлар ҳаёти учун хавфли.

Бундан ташқари, Филаделфиядаги энг йирик мустақиллик паради ҳам бекор қилинди, даставвал парад маршрути қисқартирилди, сўнгра тўлиқ бекор бўлди.

Вашингтондаги Great American fair, яъни машҳур чархпалак ишдан тўхтади. Чунки иссиқ сабаб унга чиққан бир неча кишига тиббий ёрдам кўрсатилган.

Шу билан бирга Виржиниянинг Фейрфакс, Лисбург туманлари, Мерйланднинг Такома паркидаги, Лаурел туманидаги, Ню-Жерсейнинг туманларидаги байрам тадбирлари ўтказилмайдиган бўлди. Ҳатто, Ню-Ёркдаги баъзи чиқишлар тўхтатилгани эълон қилинган.

Ҳозирча Вашингтонда 4 июл кечқурун салют отилиши ва концерт бўлиши аниқ бўлиб қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ўзининг 250 йиллик мустақиллик кунини жиддий тайёргарлик билан нишонлар экан, хориждаги элчихоналар ҳам алоҳида тадбирлар ўтказди. Вашингтон монументида 18 дақиқалик АҚШ тарихи ва бугунига бағишланган махсус видео намойиш этилди.

Шоҳрух Мажидов
Тайёрлаган Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид