Жаҳон | 16:54 / 21.05.2022
5761
2 дақиқада ўқилади

Байден Украинага 40 млрд долларлик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади 

Бунгача ҳам Америка ҳукумати Украинага 3,9 млрд доллар миқдорида ёрдам юборган.

Фото: Evan Vucci/AP

АҚШ президенти Жо Байден Украинага 40 млрд долларлик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ АҚШ Сенати мазкур қонун лойиҳасини тасдиқлаганди. 

Бунгача ҳам Америка ҳукумати Украинага 3,9 млрд доллар миқдорида ёрдам юборган. Уруш узоқ давом этади деб ҳисоблаган Жо Байден Конгрессдан Украинага ёрдам учун қўшимча 33 млрд доллар сўраганди. Қонунчилар ёрдам пакетини 40 млрд долларгача оширишди. 

Ҳужжатга кўра, 4 млрд доллар Украина ва урушдан жабрланган бошқа давлатларнинг гуманитар эҳтиёжларига сарфланади. Хусусан, муҳтожларни озиқ-овқат ва уй-жой билан таъминлашга. Украинадан бошқа давлатларга қочиб яшашга мажбур бўлаётган қочоқларни қўллаб-қувватлаш учун 350 миллион доллар ажратилади.

9 млрд доллар тўғридан тўғри Украинани қўллаш фондига ўтказилади. Бу пулларнинг аксар қисми озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ишлатилиши кутилмоқда.

Қонун лойиҳасида 15 млрд долларга яқин маблағ ҳарбий кўмакка қаратилиши белгиланган. Хусусан, 6 млрд доллар Украина хавфсизлигини таъминлашга, 8,7 млрд доллар АҚШ Украинага юборган қурол-яроғ захирасини тўлдиришга сарфланади. Ёрдам доирасида ҳарбий техникаларга техник хизмат кўрсатиш ҳам кўзда тутилган.

100 миллион доллар алоҳида ядро қуроли тарқалишининг олдини олиш, терроризмга қарши курашиш ва ҳудудларни миналардан тозалаш бўйича ишлаб чиқилган дастурга ишлатилади. Дипломатик соҳага ҳам 200 миллион доллар қўшимча маблағ ажратилади. АҚШнинг Украинадаги элчихонаси хавфсизлигини таъминлашга қўшимча 110 миллион доллар берилади.

Қонун лойиҳасида қайд этилган энг муҳим бандлардан бири шуки, Жо Байден исталган вақтда Украинага ёрдам учун юборишга мўлжалланган 11 млрд доллардан иборат захирага эга бўлади. Яъни, бу пуллар Конгресс тасдиғисиз урушнинг боришига қараб Украинага ёрдам учун юборилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид