Миродил Жалолов – халқ ичида Одилбой бўлиб танилган бу инсонни футбол мухлислари «Бунёдкор» клуби асосчиси, Ривалдо, Зико ва Сколари сингари юлдузлар билан боғлашади. Илк марта катта интервьюсини Kun.uz сайтига берган таниқли тадбиркор суҳбат давомида «Бунёдкор»нинг шов-шувли трансферлари, ўз вақтида «Рома», «Валенсия»ни сотиб олмоқчи бўлгани, юлдузларга қанча маош бергани ҳақида гапирди.
- «Бунёдкор» лойиҳаси нима учун қилинган эди: халққа томоша кўрсатишми, «Зеромакс» компаниянгизни танитишми, Ўзбекистонда футболни ривожлантиришми ёки шунчаки кўнгилхушлик?
- Футболга жуда ҳам қизиқаман. Ўз вақтида футбол ўйнаганман. Футбол тўғрисида кун бўйи гапиришим мумкин. «Бунёдкор» клубига келсак, биласизми, 2004, 2005, 2006 йиллар менга «Рома»ни 220 миллион еврога сотиб олиш таклифи бўлди, «Валенсия»ни 180 миллион еврога, «Мальорка»ни 65 миллион еврога сотиб олиш таклиф қилишганди. Аммо биз ўзбек футболига пул тикишга қарор қилганмиз. Ҳеч қандай томоша ёки спорт тури йўқки, икки соат ичида юз минг томошабинни бир жойга йиғса. Бутун халқ футболга тушиб, ютса хурсанд, ютқазса сўкиб, жаҳли чиқиб бўлса-да ғуборидан чиқади. Ўша пайт катта корхонамиз ишчиларига томоша қилиб беришни истаганмиз. Битта факт – жамоа ютса корхонамизда бир ҳафта иш суръати ошарди, ютқазса, иш суръати тушарди.

Жамоани нолдан ташкил қилганмиз. Россия, Украинадаги футболчиларимизни ортга қайтаргандик. Футболни оммалаштиришнинг йўлларидан бири юлдузларни таклиф этиш эди. Шу боис Бразилия, Чили ва бошқа мамлакатлардан яхши савиядаги ўйинчиларни таклиф этганмиз. Луизао, Вильянуэва сингари яхши савиядаги ўйинчилар ўз юртида кўп жароҳат олишса-да, бизга келиб яхши савияни кўрсата олишганди.
- «Бунёдкор»даги харажат ва натижалар қанчалик ўзини оқлади?
- Европада кўпгина клублар бор, уларда раҳбарлар сайланади, натижалар эвазига ўз-ўзини таъминлайди. Футболда даромад қилиш эмас, ўз-ўзини қопласа бу катта нарса. Агар клубни эгаси тадбиркор бўлса, буни ўз имтиёзлари бўлади.
«Бунёдкор»га Это’О келганди ўйнайман деб. «Самуэль сенинг потенциалинг катта, бизнинг Осиё футболи эса ҳали унақа ривожланган эмас. Мен пулни қизғанмайман, аммо сен Европада ўйнашинг керак», дедим.



















