Ўзбекистон | 21:00 / 02.03.2024
23594
12 дақиқада ўқилади

Яширинча хусусийлаштириш, метан-шохобчадаги воқеа ва ёшларга янги имконият — ҳафта дайжести

“Ўзбекнефтгаз”нинг бензин шохобчалари ёпиқ эшиклар ортида хусусийлаштирилди. Давлат компанияси Zeromax'нинг миллионлаб евро қарзларини тўлаши мумкин. “Док-1 Макс” иши бўйича 23 кишига ҳукм ўқилди. IELTS каби имтиҳонларда юқори балл олган ёшларга ўқиш харажатлари ҳам қоплаб берилади. Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

ЙТҲлар бўйича фожиали рақамлар

Ҳафтанинг энг муҳим рақами – 263. Расмий маълумотларга кўра, айнан шунча бола ўтган йили Ўзбекистон йўлларидаги автоҳалокатлар оқибатида ҳалок бўлган. Бунга қўшимча яна 1568 та бола жароҳатланган. Улар орасидан қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қолгани маълум эмас. Бу рақамлардан келиб чиқадики, Ўзбекистонда ҳар куни ўртача 4 та бола автоҳалокатларда жароҳат оляпти, ҳафтасига 5 та бола ҳалок бўляпти.

2023 йилда рўйхатга олинган йўл транспорт ҳодисалари сони 9839 та ташкил этган. Уларда 9209 киши жароҳатланган, 2282 киши ҳалок бўлган. Йил давомида жами 16 миллиондан ортиқ қоидабузарлик, хусусан 13 миллиондан ортиқ қўпол қоидабузарлик қайд этилган. 42 мингта ҳолатда ҳайдовчилар маст ҳолда автомобил бошқаргани аниқланган.

Бу рақамлар чоршанба куни Сенатнинг хавфсизлик қўмитаси йиғилишида маълум қилинди. Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бундай статистикасини очиқламай қўйганига анча бўлган. Бунга бошқарма ўз олдига қўйган вазифанинг бешдан бирини ҳам бажаролмаётгани сабабдир, эҳтимол. Ўтган йили бошида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати 2023 йилда ЙТҲлар ва улардаги ўлимлар сонини 15 фоизга камайтиришни мақсад қилиб қўйганди. Амалда эса қурбонлар сони 3 фоизга камайган бўлса, жами авариялар сонидаги камайиш 1 фоизга ҳам етмади.

Метан-шохобчада навбат талашиш жанжалга олиб келди

Сешанба куни кечқурун интернетда тарқалган видео кўпчиликни тўлқинлантиргани билан ҳафтанинг энг кўп муҳокама қилинган мавзуларидан бири бўлди. Видеода кўринишича, бир гуруҳ эркаклар метан-шохобчаларнинг бирида 2-3 йигитни дўппослаган, уларни ерда ётганига қарамай аёвсиз тепишда давом этаверган. Жиноятчилар нарироқ кетгач, йигитлардан бири ўрнидан туролмай қолгани, унда эҳтимол конвулсия ҳолати кузатилаётгани аён бўлади.

Видео интернетда тарқалганидан то расмий маълумот берилгунга қадар ўтган бир неча соат давомида йигитнинг соғлиги ҳақидаги маълумотни бутун Ўзбекистон кутди, десак муболаға бўлмайди. Расмийларга кўра, воқеа душанба куни Юқори Чирчиқ туманида рўй берган ва унда ҳеч ким вафот этмаган. Расмий ахборотга нисбатан шубҳаларни аритиш учун Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси йигитнинг соғлом ҳолда кўринган видеомурожаатини эълон қилди.

“Заправкадаги ҳолат кўрсатилган видеодаги бола менман. Мени ўлди деб тарқатиб юборишибди. Лекин ҳамма жойим соғ. Ҳаммаси яхши. Унақа видео тарқатмаслигингизни илтимос қиламан”, дейди жабрланувчи.

Ҳолат юзасидан безорилик моддаси билан жиноят иши очилган. Эслатиб ўтамиз, ҳаво ҳароратининг пасайиши ортидан бошланган метан-шохобчалардаги одатий чекловлар ва узун навбатлар қарийб 2 ҳафтадан бери сақланиб қоляпти. Феврал ойи бошида Фарғона вилояти Данғара туманида ҳам метан-шохобчада жанжал юз берган, оқибатда 23 ёшли йигит ҳушини йўқотиб, шифохонага олиб кетилаётганида вафот этган эди.

Навбатдаги ёпиқ хусусийлаштириш

Газ етишмовчилиги шароитида бензинга бўлган талабнинг ошиши ва бу талабни қондиришдаги муаммолар табиий равишда бензин қора бозорини вужудга келтирмоқда. Ҳафта давомида Тошкент шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бензинни “қўл”да сотиб келаётган 13 кишини аниқлади. Улардан жами 5,6 тонна бензин ашёвий далил сифатида олинган. Аи-80дан Аи-95гача бўлган маркалардаги бу маҳсулотлар қандай тўплангани, улар айнан қайси ҳудудлардаги қора бозорда сотилгани маълум эмас. Лекин бензин масаласида ҳафтанинг энг асосий янгилиги – бошқа.

Жума куни жамоатчилик давлатга тегишли UNG Petro номли бензин шохобчалари тармоғи хусусийлаштирилганидан хабар топди. Корхона ва ташкилотлар реестридаги маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги энг йирик бензин шохобчалари тармоғига эгалик ҳуқуқи “Petroleum Technology Group” МЧЖга ўтган. Бу компания собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловга тегишли. Унга қарашли компаниялар аввалроқ МХХнинг Тошкент марказидаги собиқ биноси ва Ўзбекистондаги энг йирик спирт заводини ҳам хусусийлаштириб олгани билан жамоатчилик эътиборига тушганди. ОАВда Комиловнинг Россиядаги йирик активлари ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Республика бўйлаб 80 га яқин АЁҚШларга эгалик қиладиган “UNG Petro” МЧЖ қачон ва қанча нархга сотилгани маълум эмас. Компания хусусийлаштирилиши ҳақида Давлат активларини бошқариш агентлиги ўтган йили май ойида эълон қилган, лекин шундан кейин на савдо жараёни ҳақида ва на унинг ғолиби ҳақида ҳеч қандай хабар берилмаганди.

Шуниси аниқки, душанба куни UNG Petro шохобчаларида Аи-80 бензини нархи 6800 сўмдан 7000 сўмга ошганида бу борада “Ўзбекнефтгаз” расмий изоҳ берган эди. Шундан келиб чиқиб, 26 феврал ҳолатига шохобчалар давлатга тегишли бўлганини тахмин қилиш мумкин. Қолаверса, “Ўзбекнефтгаз”нинг изоҳи яна бир жиҳатга кўра аҳамиятли. Компаниянинг билдиришича, ҳозирда Россиядан олиб келинаётган импорт бензиннинг ички истеъмолдаги улуши нақ 40 фоизга етган. Расмийлар Аи-80нинг қимматлашиши айнан шу омил билан боғлиқ экани, яъни импорт бензиннинг нархи кўтарилгани ички бозорда ҳам нарх ошишига олиб келганини маълум қилди.

Шу тариқа, Россияга газ масаласида боғлиқлик ортаётгани ҳақидаги хавотирлар ёнига, бензин импортининг диверсификация қилинмаётгани ҳам қўшилди. Қўшимчасига, Россия томони АЭС масаласини ҳам тўхтовсиз эслатиб турибди. “Росатом” раҳбари Алексей Лихачевнинг шу ҳафта маълум қилишича, унинг компанияси бир нечта давлатлар, хусусан Ўзбекистон билан ҳам кичик АЭСлар қурилиши масаласида музокаралар бошлаган.

“Док-1 Макс” иши. Биринчи инстанция суди якунланди

Тошкент шаҳар суди “Док-1 Макс” ишида айбланаётган 23 кишининг барчасини бир қатор жиноятларда айбдор деб топди. Судланувчиларга шартли жазо, ахлоқ тузатиш, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазолар қўлланди.

26 феврал куни эълон қилинган ҳукмга асосан, Quramax Medical'нинг ҳиндистонлик директори Сингҳ Рагвендра Пратап 20 йилга озодликдан маҳрум этилди. У пора бериш, ҳужжатларни қалбакилаштириш, сифатсиз дори воситалари савдоси ва солиқлардан бўйин товлаш жиноятларида айбли деб топилди. Пратап жазони ўтаб бўлганидан кейин Ўзбекистондан депортация қилинади. Quramax'да унинг қўл остида ишлаган уч нафар Ўзбекистон фуқаросидан бирига шартли жазо, икки нафарига эса қарийб 4 йиллик озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Қолган судланувчиларнинг деярли барчаси – Фармацевтика агентлиги тизими вакиллари. Агентликнинг собиқ раҳбари Сардор Кариев 18 йилга, унинг фармназорат соҳасидаги икки ўринбосари 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Ишни кўрган судя Мусо Юсуповнинг айтишича, Кариевнинг бошқа бир собиқ ўринбосари Улуғбек Эгамовнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш масаласида тергов органига хабарнома юборилган.

Суд ҳукмига кўра, 7 нафар судланувчидан 80 нафар боланинг ота-онасига жами 75,6 млрд сўм маънавий зарар ундириш белгиланди. Бунда вафот этган 68 нафар ва соғлиғи ўта оғир аҳволдаги 4 нафар бола учун 1 млрд сўмдан, соғлиғининг ҳолати қониқарли бўлган 4 нафар бола учун 500 млн сўмдан, соғлиғи яхшиланган 8 нафар бола учун 200 млн сўмдан ундирилади. Болаларнинг ота-оналарига моддий зарар масаласида фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Zeromax'нинг қарзини “Ўзбекнефтгаз” тўлайдими?

Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби бразилиялик футболчилар Ривалдо ва Денилсонга салкам 9,5 млн евро тўлаши керак. Бу ҳақда ФИФАнинг интизомий қўмитаси қарор чиқарди. Ўзбекистон футбол ассоциациясига юборилган қарорга кўра, клубнинг Ривалдо олдидаги қарздорлиги 8,1 млн евро, Денилсон олдидаги қарздорлиги 1,1 млн еврога баҳоланган. Бу суммалар ичига вақтида тўланмаган мукофот пуллари, тўлаш кечиктирилгани учун ҳисобланган фоизлар, шартнома бекор қилингани учун белгиланган товон пуллари ва футболчиларнинг суд харажатлари киради. Бундан ташқари, шундай ҳолатга йўл қўйгани учун “Бунёдкор” 30 минг франк жаримага тортилган.

Клуб директори Мурод Алиевнинг айтишича, 9,2 млн евро – бу клубнинг 2-3 йиллик бюджетига тенг. Бразилиялик футболчилар билан шартномани ўша пайтда Zeromax компанияси тузган, лекин клуб билан ҳам қўшимча келишув имзоланган. Айни пайтда ҳуқуқшунослар тўлов миқдорини камайтириш устида иш олиб боряпти. Алиевга кўра, бу қарзни тўлаш масаласини клубнинг эгалари, яъни “Ўзбекнефтгаз” ҳал қилади. Унинг бу сўзлари солиқ тўловчиларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Чунки “Ўзбекнефтгаз” салкам 10 млн долларлик маблағни “Бунёдкор”нинг қарзини тўлашга ишлатиш ўрнига, дивиденд қилиб давлатга тўлаши, давлат эса бу пулларни ижтимоий харажатларга йўналтириши мумкин.

14 йилдан бери давом этаётган бу молиявий низо нима билан тугаши номаълум, лекин якунда бу пулларни давлат компанияси тўлаб берадиган бўлса, бу қарор фақат биттагина ҳолатда тўғри бўлиши мумкин. У ҳам бўлса, “Бунёдкор”нинг бошоғриқ қарзларини ёпиб бериш эвазига, давлат футбол клубларини боқиши қанчалик хато эканини тушуниши ва профессионал футболни молиялаштиришни тўхтатиши керак.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Амударё устидан ўтувчи темирйўл ва автомобил йўли қўшма кўприги очилди. Очилиш маросимида иштирок этган президент Шавкат Мирзиёев бу кўприк ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги оғзибирлик ва ҳамкорлик кўприги эканини таъкидлади. Давлат раҳбарининг ташрифи давомида Хоразмда 10 млрд долларлик газ-кимё мажмуаси қурилиши маълум қилинди. Шунингдек, вилоятда туризмни ривожлантириш чоралари белгиланди. Қорақалпоғистонда бўлгани каби, Хоразм тадбиркорлари учун ҳам алоҳида имтиёзлар жорий этилади.

Тошкентда илк марта аёл ҳайдовчилар автобус бошқара бошлади. 28 феврал куни “Тошшаҳартрансхизмат” тизимида икки нафар аёл ходим катта сиғимли автобусларда бир ойлик амалиёт ўтай бошлади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда аёл ҳайдовчиларнинг автобус ва оғир юк машиналарини бошқаришига доир тақиқ феврал ойи ўрталарида бекор қилинган эди. Бу – ўтган йили пойтахт учун мингта янги автобус сотиб олингани, 2024 йилги давлат дастурига асосан, йил охиригача вилоятларга 900 та автобус олиб келиниши кутилаётгани, яъни автобус ҳайдовчиларига талаб ошгани фонида рўй бермоқда.

Чет тилини ўрганиш истагидаги ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича янгилик киритилмоқда. 2021 йилдан бошлаб, юқори балл билан тил сертификатини олган ёшларга имтиҳон харажатини қоплаб бериш йўлга қўйилган эди. Президент топшириғига кўра, бунга қўшимча тарзда энди хусусий курсларда ўқиб, C1 сертификатини олган ёшларга 6 ойлик ўқиш харажатлари ҳам қоплаб берилади. Немис, француз, корейс, япон ва хитой тиллари бўйича эса B2 даражаси сертификатини олиш харажатлари компенсация қилинади.

Она тили ва тарих ўқитувчиларига устама тўланиши президент фармони билан тасдиқланди. 2024 йилги давлат дастурига кўра, миллий сертификат олган она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанлари ўқитувчиларига 50 фоизлик қўшимча устама тўланади. Устама тўлаш 2025 йил 1 январдан бошланадиган бўлди. Эслатиб ўтамиз, жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган давлат дастури лойиҳасида бу муддат 2024/25 ўқув йили бошидан, яъни 2024 йил сентябрдан бошланиши кўзда тутилганди.

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди