Зироат Мирзиёева Андижон вилоятида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди
“Zamin” фонди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Хўжаобод шаҳридаги иккита ихтисослаштирилган мактаб ва Андижон шаҳридаги ижод студиясига ташриф буюрди.
Хўжаободдаги мактаблар яқинда “Zamin” фонди кўмаги билан тўсиқларсиз муҳитда сифатли таълим олишга хизмат қилувчи замонавий ассистив жиҳозлар билан таъминланди.
“Zamin” фонди томонидан Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги билан биргаликда амалга оширилаётган “Эшитишни хоҳлайман!” хайрия лойиҳаси доирасида бу мактабларнинг барча ўқувчилари ташхисдан ўтказилди. 402 нафар ўқувчи зарур миқдорда рақамли эшитиш мосламалари билан таъминланди.
Ушбу лойиҳа давом эттирилади, жорий йилнинг ўзида эшитишида нуқсони бўлган болаларга яна 5600 та рақамли эшитиш мосламаси етказиб берилади.
Зироат Мирзиёева иккала мактабда ҳам бўлиб, бу ердаги янги жиҳозлар билан танишди, болалар билан дилдан суҳбатлашди.
17-сонли мактаб негизида “Zamin Education” лойиҳаси доирасида инклюзив IT-оромгоҳ ташкил этилган. Беш кун давомида катта синф ўқувчилари дастурлаш ва робототехника кўникмаларини фаол ўзлаштирди, компьютер иловаларини яратди.
Фонд васийлик кенгаши раиси болаларни оромгоҳни муваффақиятли тугатгани билан табриклаб, ўқишда янги муваффақиятлар, ўз касбининг етук мутахассиси бўлиб етишишини тилади.
Оромгоҳ навбати якунига етгани муносабати билан ўтказилган тадбирда болалар учун яна бир хабар - www.zamineducation.uz IT-платформасидаги ресурслар контенти янада кенгайгани ҳақида эълон қилинди. Бу ахборот технологияларини чуқурроқ ўрганиш ҳамда соҳадаги замонавий профессионал талабларга мос бўлишга ёрдам беради.
Зироат Мирзиёева “Zamin Creative” ижод студиясида ҳам катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Студия яқинда Андижондаги Муҳаммад Юсуф номидаги мактаб қошида очилди. Бу мамлакатдаги учинчи шундай студия бўлиб, биринчиси Қаршидаги Абдулла Орипов, иккинчиси Тошкентдаги Абдулла Қодирий номидаги мактабларда ўз ишини бошлаган.
Студия учта йўналиш: театр санъати, fashion design (кийим дизайни) ва медиасаводхонликка ихтисослашган. Ўқув курси 3 ойдан 7 ойгача давом этади. Ҳар бир йўналиш дастури ўзига хос бўлиб, ўқитувчилар ва юртимиздаги етакчи мутахассислар билан биргаликда ишлаб чиқилган.
Зироат Мирзиёева билан биргаликда студияга Тошкентдаги “Zamin Creative” ўқувчилари ҳам келди, улар қабулдан муваффақиятли ўтган тенгдошларини табриклади, ўз ижодий ишларини кўрсатди, тўплаган тажрибаси ва ўқишдан олган таассуротлари билан бўлишди.
Йил якунига қадар “Zamin Creative” ижод студиялари Наманган, Фарғона ва Жиззах вилоятларида ҳам очилиши режалаштирилган.
PS: Мирзиёева Зироа́т Махму́довна (1964 йил 4 декабрь куни туғилган, Қўқон шаҳри, Фарғона вилояти, Ўзбекистон ССР) – жамоат арбоби, муҳандис-иқтисодчи, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг рафиқаси.
Зироат Мирзиёева 1964 йил 4 декабрь куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида туғилган. 1986 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институтини (ҳозирда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети) муҳандис-иқтисодчи ихтисослиги бўйича тамомлаган. Ўзбек, рус ва инглиз тилларини билади. Икки нафар қизи ва бир нафар ўғли бор. Мумтоз ва миллий мусиқани хуш кўради, тарих билан қизиқади.
2020 йилдан буён Ўзбекистонда очиқ ва инклюзив муҳитни яратиш орқали аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш ва таълимни ривожлантириш масалалари бўйича қатор хайрия лойиҳаларини амалга ошираётган “Zamin” халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раисидир.
Фонд фаолиятининг устувор йўналиши атроф-муҳитни муҳофаза қилишдан иборат. Кўкаламзорлаштириш, ҳаво сифати мониторингини автоматлаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ёшлар орасида экологик таълимни ривожлантириш, олис ҳудудларда тоза ичимлик суви билан таъминлаш каби масалалар бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ижтимоий ва экологик соҳалардаги долзарб масалаларга кўпроқ эътибор қаратиш мақсадида ҳам миллий, ҳам халқаро даражада қатор тадбирларни ўтказмоқда.
Мавзуга оид
07:52 / 13.11.2024
Зироат Мирзиёева COP29'да Ўзбекистон миллий павилиони билан танишди
20:10 / 12.11.2024
Зироат Мирзиёева Бокуда ёшларнинг иқлимга оид ташаббусларини кенг қўллаб-қувватлашга чақирди
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
14:41 / 06.11.2024