“Яхшиси, бу табаррук соҳага қадам қўйманг...”
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров 20 май куни Facebook’даги саҳифасида медиа соҳасига кириб келаётган айрим ёшларга “Яхшиси, бу табаррук соҳага қадам қўйманг, жамиятга ҳам, ўзингизга ҳам зарар қилманг”, деган видеомурожаат билан чиқди.
Унда айтилишича, раис Ёшлар ишлари агентлиги таклифи билан нуфузли мукофот учун ҳужжат топширган номзодлар ишларини баҳолаш бўйича комиссияда иштирок этган. Ўсаров ишлар билан яқиндан танишгач, номзодлар ишлари орасида қалбакилаштириш ва сохтакорликни сезган.
“Энг аянчлиси, бўлғуси журналистлар, адолат учун курашадиган ёш кадрлар томонидан шу иш қилинганлиги мени ниҳоятда дарғазаб қилди”, – деган уюшма раиси.
Видемурожаатда ҳужжатларини қалбакилаштиришга уринган номзодлар ишидан мисоллар келтирилган. Жумладан, Қорақалпоғистон университети 4-босқич талабаси ўзининг тавсифномасида 2019 йил “Олтин қалам” миллий мукофотини ва 2020 йил республикада “Энг яхши блогер” танловида 2-ўринни қўлга киритгани ҳақида ёзган. Бироқ Олимжон Ўсаровга кўра, “Олтин қалам” мукофоти ғолиблари рўйхати текширилганда бу йигит номи чиқмаган ва 2020 йилда “Энг яхши блогер” танлови ўтказилмаган.
Бундан ташқари, яна бир жиззахлик йигит 2021 йилда “Йилнинг энг яхши журналисти” мукофотини қўлга киритгани ҳақида маълум қилган ва бу маълумот ҳам ёлғон экани таъкидланган.
“Кишини энг таажжубга соладигани, – деган уюшма раиси, – қашқадарёлик ҳамкасбимиз журналист шунақанги танлов ва мукофотларни ихтиро қилиб, унга соҳиб бўлганини кўриб ёқа ушлаймиз. ... 2019 йилда Қирғизистонда чоп этилиб, Марказий Осиё тарихчилар ва ёзувчилар уюшмасига қабул қилиниб, “Турон бирлиги” медали билан тақдирланди. Халқаро Турон ёзувчилар уюшмасининг аъзолигига қабул қилинди…”.
Видеода юқоридаги каби бир нечта номзодлар ишлари санаб берилган. Олимжон Ўсаровнинг ўзи билан боғланганимизда, у мукофотнинг бошқа йўналишларида ҳам шундай ҳолат кузатилганини маълум қилди.















