Ўзбекистон | 09:05 / 23.11.2017
37251
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги давлат мукофоти таъсис этилди

Ўзбекистон Республикаси президенти 2017 йил 21 ноябрь куни «Мард ўғлон» давлат мукофотини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг «Мард ўғлон» давлат мукофотини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 2 нафардан вакилларига ҳар йили «Ёшлар куни» арафасида топшириш ҳақидаги таклифи маъқулланди.

Белгилаб қўйилишича: 

«Мард ўғлон» давлат мукофоти ўқишдаги муваффақиятлари, ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган иқтидорли йигитларга фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳаларида ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун берилади;

«Мард ўғлон» давлат мукофотига талабгорлар Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича Комиссия томонидан кўриб чиқилади. Унинг натижаларига кўра Комиссия томонидан Ўзбекистон Республикаси президентига таклифлар киритилади;

«Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш Ўзбекистон Республикаси президентининг қарори билан амалга оширилади;

«Мард ўғлон» давлат мукофоти энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида белгиланади;

«Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиблари бўлган умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига, олий ўқув юртлари талабалари ёки бакалавр даражасига эга ёшлар эса магистратура босқичига тегишли йўналиш бўйича кириш имтиҳонларисиз давлат грантлари асосида қабул қилинадилар.

«Мард ўғлон» давлат мукофоти тўғрисидаги низомга кўра, Давлат мукофоти ўқишдаги муваффақиятлари, ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган иқтидорли йигитларга фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳаларида ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун берилади. 

Мавзуга оид