Паркент туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга янги уйлар топширилди
21 май куни Тошкент вилоятининг Паркент туманида уй-жойга муҳтож оилалар учун қурилаётган 7та хонадон ўз эгаларига топширилди. Мазкур лойиҳа “Ҳиммат” хайрия фонди, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда Паркент туман ҳокимлиги ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 7 нафар оилага барча жиҳозлар билан таъминланган янги уйларнинг калитлари топширилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш йўлга қўйилган. Бугун Паркент туманидаги 7та ҳовлини ҳомийлар ёрдамида қуриб топширдик. Уларга 2,5 сотихдан иборат 4 хонали уйлар берилди.
Биз бу оилаларни нафақат уй билан, балки иш билан таъминлашда ҳам ўз ҳамкорлигимизни давом эттирамиз. Уларнинг салоҳиятига қараб иш ўринлари билан банд қилишни ҳам ўйлаганмиз. Масалан, бизнинг “Ўзбекнефтгаз” тасарруфидаги “UNG Petro” корхонамизда республика бўйлаб 70дан ортиқ АЁҚШларимиз мавжуд. Шундай шохобчаларда ишлаш истагини билдирганларни ишга таклиф қиламиз”, – дейди “UNG Petro” корхонаси бош директори Мирзоҳид Мусаев.
Мазкур уйлар қурилиши тумандаги Бойқозон маҳалласида 2021 йилнинг 22 декабрида бошланган эди. “Ҳиммат” хайрия фонди етакчиси Жамол Алимов 5 ой ичида қилинган ишлар ҳамда лойиҳанинг давоми ҳақида маълумот берди: “Ўтган йилнинг 22 декабрида шу ерда 7та хонадонга тош қўйган эдик. Мана бугун уларни ўз эгаларига топширяпмиз. Бу ишни амалга оширишда халқимиздан бизга катта ёрдам келди. Лойиҳанинг кейинги босқичида биз боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларининг илм олишлари учун шароит яратмоқчимиз. Уларнинг ўқув курсларида таҳсил олишлари, олий таълим муассасаларида ўқишларига шартнома пуллари учун маблағ ажратишни режалаштирганмиз”.
Паркент тумани прокурори Шарифжон Акбаров хайрия ишларида ташаббус кўрсатган “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва бошқа ҳомийларга миннатдорчилик билдирди: “Уй-жой қурилишида ташаббус кўрсатган маҳаллий аҳолига, жамоат фондига ва “Ўзбекнефтгаз” АЖга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ўзбек халқининг бирорта фарзанди бошпанасиз қолмаслиги учун қўлимиздан келган барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда ёрдам берамиз”.
Паркентлик Дилноза Нурметованинг турмуш ўртоғи бундан 6 йил аввал вафот этган. 4 фарзанд билан қолган оила уй-жой йўқлиги сабабли боғ ичида жойлашган ва яшаш учун етарли шароит бўлмаган иморатда яшашга мажбур бўлишган. Оила аъзолари лойиҳа доирасида тақдим этилган янги уйга кўчиб киришди.
“Хурсандчилигимизнинг чеки йўқ. Қишлоғимиздаги атрофи ўралмаган, боғ ичида жойлашган кичик иморатда яшардик. Кичкина бўлсаям ўз уйимиз бўлишини орзу қилардим. Янги уйимиз кутганимиздан ҳам аъло экан”, – дея таъкидлайди у.
Журналист Гулмира Тошниёзова
Оператор ва монтаж устаси Абдуқодир Тўлқинов
Мавзуга оид
18:04 / 14.09.2024
Йирик энергетика корхоналарининг солиқ тўловлари кескин қисқаришда давом этмоқда
21:27 / 05.09.2024
GTL заводининг давлатга солиқ тушуми 2 баробарга камайгани маълум бўлди
20:27 / 29.08.2024
Йирик энергетика корхоналари солиқ тўлашни кескин камайтирди
13:59 / 29.08.2024