Россия мудофаа вазирлиги 21 майга ўтар кечаси «Азовстал» заводи ҳудудини ҳимоя қилиб келган украин ҳарбийларининг барчаси у ерни тарк этганини маълум қилди. Комбинат апрел ойи ўрталарида Россия армияси назоратига ўтган Мариупол шаҳрида украин ҳарбийлари қаршилик кўрсатаётган сўнгги қалъа бўлиб турганди.

РФ мудофаа вазирлиги расмийси Игор Конашенков 20 май куни кечқурун бу ерда украиналик ҳарбий хизматчиларнинг 531 кишидан иборат сўнгги гуруҳи таслим бўлгани ва ҳафта бошидан буён завод ҳудудидан чиққанлар сони 2439 нафарлигини маълум қилган. Вазирлик баёнотига кўра, идора раҳбари Сергей Шойгу Владимир Путинга «Мариупол шаҳри ва комбинат тўлиқ озод этилгани» ҳақида ҳисобот берган.

Украина ҳукумати комбинат россиялик ҳарбийларга топширилгани борасида расмий изоҳ бермаган. Президент Володимир Зеленский Украина «Азовстал» комбинатидан олиб чиқилган украиналик аскарларни россиялик ҳарбий асирларга алиштиришга тайёрлигини маълум қилган.

Жума куни кечқурун Россия давлат нашрлари ва ҳукуматпараст телеграм-каналларда «Азовстал» мудофаачиларидан бири - 36-денгиз пиёдалари бригадаси командири Сергей Волин («Волина» лақабли) акс этган видео намойиш этилди, у видеода ўзи асир тушганини тасдиқлайди. Шунингдек, завод ҳудудини «Азов» полки командири Денис Прокопенко (лақаби «Редис») ва командир ўринбосари Святослав Паламар (лақаби «Калина») ҳам тарк этгани айтилган. Уларнинг видеоёзувлари кўрсатилмаган.

Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Россия мудофаа вазирлигида маълум қилинишича, «Азов» командири Прокопенко комбинат ҳудудидан махсус зирҳли автомобилда олиб кетилган, гўёки бу орқали у «кўп сонли ваҳшийликлар учун мариуполликларнинг қасос олишидан асралган». Аввалроқ Россия расмийлари бир неча бор Мариупол қамали вақтида тартибсиз бомбардимонлар ва тинч аҳоли вакилларининг оммавий ўлими учун жавобгарликни «украиналик националистлар» зиммасига юклашга ҳаракат қилганди. Апрел ойи ўрталарида ЕҲХТ миссияси Мариуполда россиялик ҳарбийлар томонидан содир этилган ҳарбий жиноятлар ва гуманитар ҳуқуқнинг бузилиши ҳақидаги ҳисоботни эълон қилганди.

Украин ҳарбийларини нима кутмоқда?

Россия мудофаа вазирлиги «Азовстал»даги ярадор ҳарбийлар «ДХР» кучлари назоратига ўтган Новоазовск ва Донецкдаги тиббий муассасаларга юборилишини маълум қилган.

Асир олинган ҳарбийларнинг катта қисми Донецк яқинидаги Оленивка посёлкасидаги колонияга жойлаштирилган - Мариупол мэри маслаҳатчиси Петро Андрюшченконинг маълумотига кўра, бу ерда фильтрлаш жараёнидан ўта олмаган уч-тўрт минг нафар атрофидаги мариуполликлар ҳам сақланаётганди.