Жаҳон | 09:02 / 23.05.2022
5674
2 дақиқада ўқилади

Полша президенти Украинанинг Евроиттифоққа қўшилишида ёрдам беришини маълум қилди 

Фақат Украина ўз келажагини белгилашга ҳақли, деди Полша раҳбари Анжей Дуда Олий радада.

Фото: Reuters

Полша расмийлари Украинага мамлакатнинг Европа иттифоқига кириши учун барча зарур ёрдамни тақдим этади, деди Полша президенти Анжей Дуда 22 май, якшанба куни Киевга ташрифи чоғида Олий радада сўзлаган нутқида. Унинг нутқи видеосини «Европа бирдамлиги» партиясидан Олий рада депутати Олексий Гончаренко Facebook’да тарқатди. Дуданинг нутқидан парчалар унинг канцелярияси томонидан ҳам Twitter’да жойлаштирилди.

«Полша Украинанинг Европа иттифоқига аъзо бўлиши учун қўлидан келганини қилади», — деди Полша президенти. 

Дуда Россия ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан бери Украина парламенти минбаридан нутқ сўзлаган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлди. 

Полша раҳбари ўз келажагини фақат Украина ҳал қилиш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлади. «Украина Россия президенти Владимир Путиннинг талабларига бўйсуниши керак, деган овозлар пайдо бўлди. Лекин ўз келажагини белгилашга фақат Украина ҳақли», - деди у қарсаклар остида ва Украина ҳақида исталган қарор Украинасиз қабул қилинмаслиги кераклигини қўшимча қилди. 

Анжей Дуданинг фикрича, халқаро ҳамжамият Россиядан Украина ҳудудини бутунлай бўшатиб қўйишни талаб қилиши керак. «Агар Украина иқтисодий сабабларга кўра ёки сиёсий амбицияларга кўра ўз ҳудудининг бир сантиметрини ҳам қурбон қилса, бу нафақат Украина халқи, балки бутун ғарб дунёси учун катта зарба бўлади», - деди у. 

Украина Россиянинг ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан кўп ўтмай ЕИга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 9 май куни ЕИ Киевнинг аризасига июнь ойида расмий жавоб беришини маълум қилди. Агар Брюссел Украинага номзод мақомини беришни тавсия қилса ва Европа иттифоқига аъзо барча 27 давлат бунга рози бўлса, унинг ЕИга кириши бўйича музокаралар бошланади. 

Мавзуга оид