Жаҳон | 11:18 / 23.05.2022
8301
2 дақиқада ўқилади

Теҳронда ислом инқилоби қўриқчилари корпуси зобити ўлдирилди 

Сайёд Ходаий мотоциклдаги икки қуролли шахс томонидан отиб ўлдирилди, дея маълум қилди ИИҚК. Ташкилот воқеани «террорчилик ҳаракати» деб атади.

Сайёд Ходаий бўлган машина / Фото: Reuters

Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) полковниги Сайёд Ходаий 22 май, якшанба куни кечқурун Теҳрондаги уйи ёнида отиб ўлдирилди. Ташкилот маълумотларига кўра, у мотоциклларда келган икки кишининг қуролли ҳужуми натижасида ҳалок бўлган. ИИҚК буни «террорчилик ҳаракати» деб атади. Расмий IRNA агентлигига кўра, полковникка уйига қайтаётганида беш марта ўқ узилган.

Ходаий «муқаддас жой ҳимоячиси» эди, дея маълум қилди инқилоб соқчилари. Бу белги Сурия ёки Ироқда давлат номидан ҳаракат қиладиган эронликлар учун қўлланилади. Эрон давлат телевидениеси эса Ходаийни Сурияда «яхши танилган» деб таъкидлади, лекин тафсилотларни келтирмади. Эрон Суриядаги фуқаролар урушида президент Башар Асаднинг асосий иттифоқчиси ҳисобланади. 

Ходаийга амалга оширилган ҳужумдан бир неча соат олдин, ИИҚК бир қатор жиноятларда, жумладан, «ҳужумлар, одам ўғирлаш ва вандализм»да иштирок этган «Исроил разведка хизмати билан алоқаси бўлган жиноятчилар» гуруҳининг ҳибсга олинганини эълон қилди. 

Ходаий 2020 йил ноябрь ойида Теҳрондаги Имом Ҳусайн университетининг ядро физикаси бўйича етакчи мутахассиси ва ўқитувчиси, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси зобити Муҳсин Фахризода ўлдирилганидан бери Эронда амалга оширилган ҳужумнинг энг таниқли қурбонига айланди. Теҳрон Исроилни Фахризода машиналари карвонига Эрон пойтахти яқинида ҳужум қилганликда айблади. 

2020 йил январь ойида эронлик генерал Қосим Сулаймоний Ироқда АҚШнинг учувчисиз учоқлари ҳужуми натижасида ҳалок бўлганди. Сулаймоний Эрондан ташқарида операциялар ўтказиш учун масъул бўлган Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг нуфузли «Ал-Қудс» махсус бўлинмасига қўмондонлик қилган. У Яқин Шарқда энг нуфузли эронлик генераллардан бири сифатида кўрилган.

Мавзуга оид