Навальний Time учун Путин ҳақида, Байден – Зеленский ҳақида мақола ёзди. Улар нималар дейишган?
Time 2022 йилнинг энг нуфузли кишилари юзлиги рўйхатига Россия ва Украина президентлари Владимир Путин ҳамда Володимир Зеленскийни ҳам киритди. Путин ҳақидаги матнни россиялик мухолифатчи Алексей Навальний, Зеленский ҳақида эса АҚШ президенти Жо Байден ёзган.
Байден Украина президенти «эркин дунё мамлакатлари»ни илҳомлантиргани ва бирлаштиргани қайд этган ҳамда Ғарбни муҳокама қилган, Навальний эса россияликлар президенти тўғрисида батафсил тўхталган. Навальний Владимирской областидаги Покров шаҳрида жойлашган колонияда туриб юборган матн қарийб икки баробар узун бўлиб чиқди.
Байден нималар деган
«Владимир Путин Украинага қарши бешафқат уруш бошлаганида ва украинлар етакчига эҳтиёж сезганида, Володимир Зеленскийнинг сўзлари бутун дунёга жаранг сочди: «Президент шу ерда».
Бутун мамлакат бўйлаб ўз уйи ва эркинлиги учун курашаётган Украина халқи – дўкондорлар ва аскарлар, тикувчилар ва ҳайдовчилар – Зеленский қиёфасида ўз жасорати ва матонатларига муносиб раҳбарни топишди. Биз ҳар сафар гаплашганимизда, Зеленскийнинг овозида мен ўз халқи олдидаги бурчига ишонадиган ва шундай зулматли ва қийин паллада ўз халқини олдинга бошловчи тантанали масъулиятини ҳар куни бажарадиган чарчоқ билмас қатъиятли инсон овозини эшитаман.
Президент Зеленскийдан илҳомланган эркин дунё халқлари ҳар қачонгидан кўра жипслашган, янада қатъий ва янада собитқадам. АҚШ, иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз қўллаб-қувватлови билан у тарихда ўз изини қолдирди ва бутун дунёга Украина туриб беришини, унинг халқи эса охир-оқибат узоқ вақт кутилган демократик келажакка эришишини исботлади».
Навальний нималар деган
«Эҳтимол, Владимир Путиннинг ҳақиқий миссияси - барчага: жаҳон етакчиларидан тортиб оддий одамларгача сабоқ беришдир. Айниқса 2022 йилда у бу борада муваффақият қозонди.
У бизга сайловлардаги «кичик сохталаштириш»дан бошланган йўл ҳамиша диктатурага олиб боришини яна бир бор эслатди. Диктатуралар эса ҳамиша урушларга олиб боради. Ва бу сабоқни унутмаслик керак.
Жаҳон етакчилари йиллар мобайнида «прагматик ёндашув» ва халқаро савдонинг афзалликлари ҳақида гапириб келишди. Улар бу орқали Россия нефти ва газидан фойдаланишди, бу вақтда эса Путиннинг ҳокимияти кучайгандан кучайиб борди. Бу уруш шампан виноси билан нишонланган нефт шартномаларидан кўрилган фойдадан юзлаб марта қимматга тушади.
Путин бизнинг барчамизга «ўрдак тести»ни эслатади: агар нимадир ўрдакка ўхшаб кўринса, ўрдакдек сузса ва ўрдакдек сайраса – бу катта эҳтимол билан ўрдакдир.
Бу ҳолатда ҳам худди шундай мантиқни қўллаш керак: агар кимдир мустақил ОАВни йўқ қилса, сиёсий қотилликлар уюштирса ва ўзининг империячилик эътиқодига амал қилса, у 21 асрда Европа марказида қонли уруш бошлашга қодир жиннидир. Ва халқаро форумларда уни қучоқлаб олмаслик керак.
Айни дамда Путин бизга мамлакатнинг 20 йил ичида эришган иқтисодий муваффақиятларини қандай қилиб ноллаштириш мумкинлиги ҳақида ҳам сабоқ бермоқда.
Энди асосий савол туғилади: армия, ядро қуроли ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси мақомига эга бўлган давлат билан ёвуз телбани қандай тўхтатиш керак? Ва бу саволга ҳали жавоб берилмаган. Ва буни биз қилишимиз керак».
Мавзуга оид
10:36
Зеленский Шолцнинг Путинга қўнғироғини танқид қилди
08:00
Reuters: Зеленский Шолцни Путин билан гаплашмаслик ҳақида огоҳлантирган
22:30 / 15.11.2024
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
22:03 / 15.11.2024