Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина Москвадаги парад пайтида Қизил майдонга зарба бермайди
Президент Володимир Зеленский шу ҳақдаги фармонни имзолади.
Украина президенти Володимир Зеленский 9 май куни Москвада ўтказиладиган ҳарбий парад пайтида Қизил майдонга зарба бермаслик ҳақидаги фармонни имзолади.
Фармон билан майдон ҳудуди «квадрати» Украина қуролларини қўллаш режасидан чиқариб ташланган. Ҳужжатда чеклов қўлланиладиган квадратнинг аниқ координаталари кўрсатилган. Зеленский бу қарорни «кўп сонли илтимослар» ва 8 май куни Америка томони билан музокараларда белгиланган гуманитар мақсад билан изоҳлади.
Украина президенти Россия томонидан эълон қилинган вақтинчалик оташкесим шартларига амал этишга тайёрлиги ҳақида россияликларни огоҳлантирганини маълум қилди. Шунингдек, АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан 9 май куни эълон қилинган 1000 га 1000 форматида асирлар алмашинуви ҳақидаги гуманитар масала қўшимча аргумент бўлганини тасдиқлади.
«Қизил майдон биз учун ватанга қайтарилиши мумкин бўлган украиналик асирларнинг ҳаётидан кўра камроқ аҳамиятга эга», деб ёзди у.
Фармон АҚШ президенти Доналд Трамп 9-11 май кунлари Украина ва Россия ўртасидаги урушда уч кунлик сулҳ эълон қилганидан кейин имзоланди.
4 май куни Россия Мудофаа вазирлиги, агар Украина ҳукумати Ғалабанинг 81 йиллигини нишонлашга халақит беришга ҳаракат қилса, Киев марказига «оммавий ракета ҳужуми» билан таҳдид қилди ва Украина пойтахтининг тинч аҳолиси ва хорижий дипломатик ваколатхоналар ходимларини «шаҳарни ўз вақтида тарк этишга» чақирди.
Бу йилги Қизил майдондаги Ғалаба паради 18 йил ичида биринчи марта ҳарбий техникаларсиз, шунингдек, суворовчилар, нахимовчилар ва кадетлар иштирокисиз ўтказилади - Россия Мудофаа вазирлиги буни «оператив вазият» билан изоҳлади. Парадда Россияга яқин давлатлар етакчилари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.