24 май куни Тараққиёт стратегияси маркази томонидан “2022-2026-йилларга мўлжалланган Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” тўплами ва “Инсон қадри” онлайн платформаси тақдимоти ўтказилди.

Тадбир якунланаркан, тақдимот спикерларидан бири, Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ОАВ вакилларининг қатор саволларига жавоб берди.

Kun.uz:

Содиқ Салихович, сизнингча, Ўзбекистоннинг 2017-2021-йилларга мўлжалланган “Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган режаларга қанчалик эришилди?

Содиқ Сафоев:

Менимча, саволингизга жавобни халқимиз президентлик сайловлар пайтида бериб бўлди. Ундаги муҳокама ва баҳсларда одамлар президентимиз бошлаган ислоҳотни нафақат қўллаб-қувватлади, балки давом эттириш ва чуқурлаштириш учун ҳам ваколат берди.

Шу билан бирга, бугунги тадбир ҳақида гапирсам. Фикримча, биринчи беш йилликда ўзбек жамияти олдида турган бирламчи муаммолар ечилган бўлса, энди фундаментал масалаларни ечиш, шу билан боғлиқ  ҳуқуқий, ташкилий масалаларни ҳал қилиш вазифаси турибди.

Бу ҳақда бугунги тадбирда сўз олган нотиқлар ҳам айтиб ўтди. Албатта, мамлакатни, жамиятни замонавийлаштириш ҳамда рақобатбардош қилиш биргина даъват ёки шиор билан амалга ошмайди. Бу ҳаммамиздан катта ҳаракатни талаб қилади.

Мен кўп маротаба айтганман ва яна бир бор қайтараман, ислоҳотлар енгил бўлмайди. Енгил-елпи бўладиган ислоҳотларни ҳеч бир жамият, ҳеч бир тарих кўрмаган.

Ислоҳотлар шунингдек, жамиятда турли зиддиятларни ҳам кучайтиради. Бунга ҳозир мисол келтириб ўтирмайман. Бу ерда бир нарсани англаш керак, яъни ислоҳотларни буйруқ билан амалга ошириб бўлмайди. Ислоҳотлар самарали ва муваффақиятли бўлиши учун жамиятдаги аксарият инсонлар, айниқса ислоҳотларни бевосита амалга оширадиган ҳукумат ходимлари, парламент аъзолари тайёр бўлиши керак.Улар  ислоҳотларнинг муқаррар эканлигига ич-ичидан ишониши керак, бу биринчидан.

Иккинчидан, улар билимга эга бўлиши керак. Яъни ислоҳот қилиш учун фақат ҳаракатларни кучайтириш эмас, балки ақлга, фанга, инновацияга асосланган ҳаракатлар керак.

Ўйлайманки, бугунги тадбир мана шундай ғояларни, “Тараққиёт стратегияси” билан боғлиқ фикрларни, дастурларни оммага етказиш учун бўлиб ўтмоқда. Яъни жамиятимизда шу ислоҳотларга ишонган ва унга интилган қатламни етакчи қатламга айлантириш билан боғлиқ.