Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиби белгиланмоқда
Ер участкалари фақат аниқ тартиб асосида жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига олиб қўйилиши мумкин.
Сенат ялпи мажлисида “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ва “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар кўриб чиқилди.
“Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунда жисмоний ва юридик шахсларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ҳамда ушбу ер участкаси, унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаларига компенсация бериш тартиб-таомиллари белгиланмоқда.
Қонунда ер участкаларининг компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига асос бўладиган ҳолатларнинг рўйхати аниқ қилиб кўрсатилган. Ер участкаларининг ҳар қандай бошқа мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш қатъиян таъқиқланади.
Шунингдек, бузилишга тушган ҳудудда жойлашган ерга бўлган ҳуқуқ мавжуд бўлмай туриб, ўн беш йил давомида кўчмас мулкка ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб келган шахсларга ҳам ушбу кўчмас мулк объекти учун солиқлар тўлаб келингани тасдиқланган тақдирда, мазкур кўчмас мулк объекти қийматининг ўрни қопланиши кўзда тутилмоқда.
Қонун билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ҳузурида компенсация комиссиялари тузилиши белгиланмоқда.
Мазкур комиссиялар компенсациялар ўз вақтида тўлиқ ҳажмда берилиши устидан мунтазам мониторинг ва берилган компенсацияларнинг ҳисоби юритилишини таъминлайди. Компенсациялар ўз вақтида ва тўлиқ берилмаган ҳолатлар аниқланганда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари маҳаллий кенгашига ахборот киритилиши ҳам қонунда белгиланган.
Қонунда жамоат эҳтиёжларига олиб қўйиладиган ер учун бериладиган компенсация турлари ва манбалари ҳам аниқ кўрсатилмоқда. Бериладиган компенсация турлари пул маблағлари, шу жумладан турар жойларни ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларни вақтинчалик ижарага олиш учун пул маблағлари, бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб беришдан иборат.
Қонун билан битта маҳалла ёки кўчада яшовчи ҳуқуқ эгалари ва уларнинг оила аъзолари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, маданий қадриятларни сақлаб қолиш мақсадида ҳуқуқ эгаларининг хоҳишига кўра, уларга битта маҳалла ёки кўчада жойлашган янги уйлар (битта кўп квартирали уйдаги квартиралар) берилиши белгиланмоқда.
Ялпи мажлисда “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Қонун билан Фуқаролик, Ер, Шаҳарсозлик ва Бюджет кодексларига ҳамда “Давлат ер кадастри тўғрисида”ги, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги ва бошқа шу каби қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонунларга киритилаётган ўзгартишларнинг мазмунига кўра, жисмоний ва юридик шахсларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод ва доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун қонунчиликда белгиланган компенсация тўла ҳажмда қопланганидан кейин олиб қўйилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Ушбу қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мавзуга оид
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
10:19 / 08.11.2024
“Таниш-билиш ўтмайди” – Кадастр агентлиги директори ерга эгалик ҳуқуқини олишда фирибгарларга алданмасликка чақирди
20:28 / 01.11.2024
Фермер энди ерга ижара ҳуқуқини сотиши мумкин – саволларга жавоблар
14:20 / 24.10.2024