Ўзбекистон | 23:25 / 30.05.2022
28281
10 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги мулозими – нархи ошиб бораётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва ҳукумат кўраётган чоралар ҳақида 

30 май куни АОКА мажлислар залида ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилиши жараёнлари юзасидан навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди.

Kun.uz мухбири тадбир якунида Молия вазирлиги департамент директори Тўлқин Мирзаев билан жараён атрофидаги муҳим саволлар юзасидан интервью уюштирди.

—  Россиянинг Украинага қарши бошлаган уруши кўплаб давлатларнинг дон таъминотига ўз таъсирини ўтказиб, янги хавфларни пайдо қиляпти ва бу уруш кўплаб экспертлар айтаётгани каби узоқ муддат давом этиши ҳам мумкин. Хўш, Ўзбекистон ҳукумати қандай сценарийларга тайёргарлик кўрмоқда?

— Россия ва Украина ўртасида юзага келган зиддиятли муносабат қанча вақт давом этишини олдиндан айтиш қийин. Бу зиддият кўп жойларда озиқ-овқат нархларига таъсир қилаётганини маълум қилишмоқда, ҳақиқатан ҳам шундай. Энди бунинг сабаби нимада?

Россия дон экспорт қилиш бўйича дунёдаги энг йирик давлат ҳисобланади. Экспортчиларнинг баҳоларига кўра, 2020 йилда Россия бутун дунё бозорига салкам 40 млн тонна донни экспорт қилган.

Украина ҳам энг йирик дон экспортёрларининг 10 талигига киради. Адашмасам, Украина томонидан ҳам дунё давлатларига йилига 17 млн тонна дон сотилади. Мана шу икки давлат умумий қилиб айтганда, дунё бозорига экспорт қилинадиган доннинг 30 фоизини беради.

Шунинг учун ҳозирда бозорлардаги нархларнинг тебранишлари табиий ҳолат ҳисобланади.

Биз қандай сценарийларга тайёрмиз? Мутахассисларимизнинг маълумотига кўра, бу йил жуда яхши ҳосил кутиляпти, доим шундай бўлсин. Бу – бизнинг биринчи захирамиз. 

Иккинчидан, бизга энг йирик экспортёр давлат Қозоғистон бўлгани учун бу йил уларда ҳам яхши ҳосил бўлиши кутилмоқда. Чунки қиш уларда ҳам яхши ўтган. Ғалла қишдан яхши ўтган. Бундан ташқари, бозордаги нархларнинг қимматлиги Қозоғистонда қўшимча майдонларга ҳам ғалла экишга туртки бўлган. Буларнинг ҳаммаси ғалла ҳосилининг мўл бўлишига олиб келади деб ўйлайман.

Шунингдек, Қозоғистондаги ҳамда ўзимизнинг ҳосил билан биз етарли захирага эга бўламиз, деб ўйлайман.

Тўлқин Мирзаев

— Шуниси қизиқ-да, дейлик, Қозоғистон ўз ғалласи экспортига тез-тез чекловлар қўйиб туради. Биз мана шундай ҳолатлар учун ҳам маълум чоралар кўришимиз керак-ку.

—  Ҳозир тадбиркорларимиз нафақат Қозоғистон, балки Россия Федерацияси ёки бошқа давлатлардан ҳам дон олиб киряпти. Ҳозир импорт бўйича ҳеч бир чеклов йўқ. Божлар ҳам энг паст даражага олиб келинган. Лекин ҳар хил ҳолатларга тайёр туриш учун бизда доннинг стратегик захираси ҳам яратилган. Зарур ҳолларда буни ишлатиш имкониятимиз бор. Ўйлайманки, бу даражага етиб бормаймиз, чунки Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, бошқа давлат идоралари томонидан қозоғистонлик, россиялик тадбиркорларимиз билан музокаралар олиб борилмоқда.

Ун ёки буғдой импортини амалга ошириш бўйича музокаралар жараёни  кетмоқда. Бундан ташқари, биз ҳали мавсум бошида турибмиз, республикада етиштирилган ғаллани йиғиштириб олсак, яхши ҳосил бўлиши кутилмоқда, мана шулар ҳисобига импорт масаласида унчалик муаммо бўлмаса керак.

—  Энди бу ерда сифат масаласи ҳам бор-да. Кўпчилик аҳоли кундалик истеъмолда қозоқ унини маъқул кўради. Шу маънода бироз вақт ўтиб қозоқ унининг бозорларимиздаги нархида пасайиш бўлиши мумкинми?

— Тўғри савол. Юқорида айтганимдек, бу ерда Қозоғистон ҳукумати қўйган чекловдан фойдаланган тадбиркорлар сунъий тарзда нархни ошириб юборди. Эртага биз у ердан импорт қиладиган буғдой ва ун ҳажмини камайтирадиган бўлсак, улар ҳам нархни пасайтиришга мажбур бўлади. Чунки Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумотига кўра, у ердан экспорт қилинаётган доннинг салкам ярми Ўзбекистонга келмоқда. Бу бизнинг ички бозоримиз учун ҳамда ўша унни қайта ишлаб, бошқа қўшни мамлакатларга сотилиши учун ишлатилади.

Нима учун Қозоғистон Ўзбекистонга асосий импортёр давлат сифатида қарайди? Бизнинг давлатга экспорт қилиш харажатлари жуда арзонга тушганлиги сабабли қозоғистонлик тадбиркорлар бозоримизни йўқотишни истамайди. Шу маънода ҳозирги нархлар сакраши ёки ошиши вақтинчалик, уни ваҳимали ҳолат деб ҳисобламайман.

Узоғи билан бир ёки икки ой ичида қўшни давлат тадбиркорлари келиб, “янги ҳосилдан ғаллани шу нархда олгин” деб бизга илтимос қилишига умид қиламан. Чунки ўтган сафар буғдой ва ун нархини эркинлаштирганимизда шу ҳолат кузатилган.

— Тўлқин ака, бозордаги нарх-наво бўйича иккинчи савол. Бугун деҳқон бозорларидаги картошканинг нархи 8-10 минг сўмдан ёки пиёзнинг ўртача нархи 6 минг сўмдан сотиляпти. Савол туғилади, айнан ҳосил, йиғим-терим даврида нархлар бунчалик баланд бўлар экан, ҳали олдимизда куз-қиш мавсумлари турибди. Демак, озиқ-овқат нархлари янаям кўтарилиб кетиш эҳтимоли бор, бунга қандай тайёргарлик кетмоқда?

—  Билмадим, буни бизнинг халқимизга хос десам нотўғри бўлади, кўплаб жойларда шундай. Пандемия даврида ёки яқинда Америка ёки Европа давлатларининг Россияга нисбатан санкциялар қўллаган вақтида тушунмовчилик деймизми, хаос деймизми, шу билан боғлиқ.

— Биздаги ҳолатни хаос натижаси дейиш мумкинмикан?

—  Ҳозир айтмоқчи бўлганим, биз мана шу нарсага берилишимиз керак эмас. Чунки мана ўзингиз ҳам тўғри айтдингиз, пиёз, картошкани энди йиғиб олишни бошладик. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг баҳоларига кўра, яхши ҳосил кутиляпти.

Бундан, адашмасам, бир, бир ярим ой олдин, Сурхондарёда ўтган йилгига ўхшаган ҳолат юзага келиб, пиёз эккан фермерларимиз: ”бекор пиёз экибман”, – дейишган эди. Чунки пиёз сотиб оладиган харидорнинг ўзи жуда кам эди. Ўтган йилдан ўтиб келаётган пиёз захираси ҳали-ҳамон бозорларимизда бор. Исталган бозорга кириб кўрсангиз бўлади, ҳалигача ўтган йилги пиёзлар савдо расталарида турибди. Бунинг ҳаммаси инфляцион босим деймизми, халқимиз орасида тарқалган ҳар хил миш-мишлар сабаб деб ўйлайман. Лекин бу – вақтинчалик ҳолат. Бунга халқимиз эътибор билан қарашига ишонаман. Худо хоҳласа, бир ҳафта, ўн кунларда картошка ёки пиёз ўзининг ҳақиқий нархига қайтади. Ҳосил яхши, бунга ҳеч қандай асос йўқ.

Аммо нархнинг ошишига экспорт сабаб экан, деган фикрлар ҳам бор. Бунга қўшилмайман, бизда етиштирилган маҳсулот биринчи навбатда ички бозор таъминотига йўналтирилади. Агар ички бозордан ортиб, нархлар пасайиб, бозорда исрофгарчилик хавфи юзага келганда, биз ўша маҳсулотни экспорт қиламиз. Бу бизда мева-сабзавот бўлади, буни ҳаммамиз биламиз. Хоҳлаган маҳаллага, қишлоқдаги уйга киринг, ўрик, гилос пишган. Ҳали дарахтда пишиб, териб олинмагани қанча? Мана шундай маҳсулотларни биз чириб кетмаслиги, увол бўлмаслиги учун экспорт қилишимиз керак, ундан биз даромад кўришимиз керак. Лекин айтайлик ўша картошка ўзимизнинг бозорга керак бўлса, биз уни сотмаймиз. Ўзи экспорт қилинаётгани ҳам йўқ. Буларнинг ҳаммаси миш-мишлар, шубҳага ҳеч қандай асос йўқ.

— Тўлқин ака, Ўзбекистон биржаларида шакар нархларининг тез-тез ўйнаб туришига гувоҳ бўламиз. Айрим иқтисодчиларга кўра, бунга Ўзбекистонга шакар маҳсулотларини олиб кирадиган йирик монополларнинг сунъий ҳаракатлари сабаб бўлар экан.

Шакар кундалик истеъмол маҳсулоти бўлгани учун аҳолида унинг нархларига нисбатан эътибор жуда ҳам катта. Энди бу монопол ҳолатдаги корхоналаримизни тўлиқ айблай олмайман. Улар ҳам дунё бозоридаги нарх-наводан келиб чиқиб маҳсулот ишлаб чиқаради.

— Лекин улар олиб кирадиган хомашё нархида ўзгариш бўлмайди-ку.

— Иккала корхонамиз ҳам: “Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” корхоналаримиз шакарқамишдан олинган хомашёни олиб келиб, қайтадан ишлашади. Кейинги вақтларда уларнинг баҳоси ўзгаришига асосий сабаб – айрим тадбиркорларнинг нархни сунъий равишда ошириши, иккинчи сабаб – Қозоғистонда шакарнинг нархи бизга нисбатан анча баландлиги учун божхона постларидан катта миқдордаги шакарни олиб кетиш ҳолатлари кучайган. Ҳозир шу нарсани тартибга солиш бўйича ишлар олиб бориляпти. Бу ҳам ички бозордаги нархларни маъқул даражада сақлаб туриш учун чора деб ҳисоблайман.

Бундан ташқари, ҳукумат томонидан шакар ишлаб чиқарувчи корхоналарга керакли ёрдам кўрсатилмоқда, ҳозирги шакар хомашёси асосан “Новороссийский порти” орқали кириб келган, ҳозир эса Қора денгизда юзага келган ҳолат сабабли бу шакарни бошқа портлар орқали ташиб келиш логистик нуқтаи назаридан ўрганиляпти.

Биз хоҳламаган ҳолда нархлар ташқи харажатларнинг ошишига олиб келади, мана шулар туфайли бозордаги нархларда қисман қимматлашиш ҳолати юзага келган бўлиши мумкин. Лекин ваҳимага ўрин йўқ, боя айтиб ўтганимдек, монополияга қарши қонунчилик доирасида шу иккала корхоналар фаолиятида мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Уларнинг монопол ҳаракатидан фойдаланишга ҳеч қандай имконият берилмайди.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид