Ўзбекистон | 12:53 / 31.05.2022
15069
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов Тожикистонга ташриф буюрди 

30 май куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Фото: khovar.tj

30 май куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов комиссия йиғилишида иштирок этиш учун Душанбега келди, деб ёзади «Ховар» агентлиги. 

Йиғилиш доирасида ҳукумат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда томонларни қизиқтирган соҳаларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳукуматлараро ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари ҳамда комиссиянинг навбатдаги йиғилиши кун тартибига киритилган масалалар муҳокама қилинди. 

Шундан сўнг, Абдулла Арипов ва Қоҳир Расулзода раислигида икки томон делегациялари иштирокида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг тўққизинчи мажлиси бўлиб ўтди. 

Комиссиянинг саккизинчи йиғилиши қарорларини амалга ошириш жараёни кўриб чиқилгач, тўққизинчи мажлисда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳукуматлараро ҳамкорликни иқтисодиёт, савдо-саноат, инвестициялар, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, божхона, фан-таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, туризм, ёшлар ва спорт, миграция, бандлик, экология йўналишида ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Делегациялар минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди. Таъкидланганидек, давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмоннинг доимий эътибори ва қўллаб-қувватлаши асосида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги давлатлараро муносабатлар барча соҳаларда изчил ривожланиб, ҳамкорликнинг барча йўналишларида самара бермоқда. 

2021 йилда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 447,8 миллион АҚШ долларини ташкил этди, бу 2020 йилга нисбатан 34,2 фоизга кўпдир. Бу кўрсаткич сўнгги йиллардаги энг юқориси бўлиб, 2015 йилга нисбатан 37 баробар кўп бўлди. 

Учрашувда томонлар икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш кўрсаткичларини янада ошириш ва барча соҳаларда алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди. Йиғилиш якунида тегишли ҳужжат имзоланди. 

Комиссиянинг навбатдаги йиғилишини 2023 йилда Тошкент шаҳрида ўтказишга қарор қилинди. 

Мавзуга оид