Ўзбекистон | 21:23 / 31.05.2022
21719
2 дақиқада ўқилади

Конституциявий суд ўтган йили қабул қилинган қонундаги нормани Конституцияга зид деб топди

Фуқаролик кодексига асосан, фуқаронинг мулк ҳуқуқи бу ҳуқуқни бекор қилувчи қонунчиликка асосан бекор қилиниши мумкин. Бу модда кодексга бир йил олдин қўшилган ва кўп ўтмай амалиётда муаммо келтириб чиқарган. Конституциявий суд фуқаро арзига биноан ушбу қонун моддасини Конституцияга зид деб топди. Бу – Ўзбекистон Конституциявий суди учун ноодатий ҳолат.

Фото: Ўзбекистон Конституциявий суди

Бугун, 31 май куни Ўзбекистон Конституциявий судининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда маҳкама расмий сайтида хабар берилди.

Унда Конституциявий суд раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов ва олти нафар судя иштирок этди.

Судда фуқаро М.Ҳасанованинг шикояти кўриб чиқилди. Унинг даъвосича, Фуқаролик кодексининг 197- ва 206-моддалари ҳамда Уй-жой кодексининг 11- ва 27-моддалари нормалари Ўзбекистон Конституциясига зид.

Шикоятчи бу моддалар судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган деб ҳисоблаб, уларнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисида шикоят берган. Маълумот учун, мазкур талаблар бажарилмаган ҳолатларда Конституциявий суд шикоятларни кўриб чиқмайди.

Фото: Ўзбекистон Конституциявий суди

Судда даъвогар М.Ҳасанова ва унинг адвокати Ф.Акромов, Сенат, Қонунчилик палатаси, Олий суд, Бош прокуратура, Омбудсман, Бизнес-омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ вакиллари иштирок этди.

Фото: Ўзбекистон Конституциявий суди

Конституциявий суднинг қарори билан, 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг 55-моддаси 12-бандидаги Фуқаролик кодексининг 83-, 166-, 198-, 199- ва 206-моддаларига тегишли қисми ҳамда Фуқаролик кодекси 197-моддасининг мулк ҳуқуқи “... мулк ҳуқуқини бекор қилувчи қонунчиликка асосан бекор бўлади” деган қисми Конституцияга мувофиқ эмас деб топилди.

Бу – бирор қонунни бош қомусга зид деб топиш бўйича Ўзбекистон Конституциявий судининг эҳтимолки бир неча йиллар ичидаги илк қарори бўлди.

  • Конституциянинг 53-моддасига биноан: “Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин”.

Мавзуга оид