1 июн – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Бу сана тарихи 1925 йилга бориб тақалади. Ўша йилда турли давлатлар иштирокида Женевада илк марта болалар фаровонлигига бағишлаб халқаро конференция ўтказилади. Конференцияда иштирокчи мамлакатлар болалар куни сифатида алоҳида санани танлашга келишиб олади. Бироқ қайсидир алоҳида сана таклиф қилинмайди, ҳамма ўз маданиятига мос санани танлаши тавсия қилинади.
1949 йилда эса совет мамлакатларида 1950 йилдан бошлаб 1 июнни «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинади ва бу сана байрам қилина бошланади.
Бундан ташқари, БМТ томонидан белгиланган 20 ноябр санаси ҳам Халқаро болалар куни ҳисобланади. Айрим давлатларда болалар куни эмас, болалар ҳафталиги тарзида ҳам нишонланади.

Гарчи кунлар ҳар хил бўлса-да, бу саналарнинг ҳаммаси ирқи, дини, ижтимоий келиб чиқиши, терисининг рангидан қатъи назар, алоҳида сана белгилаш орқали болаларни ҳимоя қилиш, уларни сифатли тиббий хизмат, таълим, етарли озиқ-овқат билан таъминлаш борасида халқаро эътиборни қаратиш мақсад қилинган.
Болалар ҳимояси, уларнинг соғлиги ва таълими ҳимоясида ҳали дунё миқёсида кўплаб муаммолар бор.
Чақалоқлар ўлими
Болалар тирик қолишидаги энг муҳим давр – умрининг биринчи ойи ҳисобланади. ЖССТ маълумотларига кўра, йилига 2,4 млн чақалоқ бир ойликда вафот этган. 28 кунликкача вафот этадиган чақалоқларнинг аксари ўлимига сифатсиз тиббий хизмат ёки муддатидан олдинги туғуруқ сабаб бўлади.
Камбағаллик оқибатлари
Дунё бўйича тахминан 356 млн бола ўта қашшоқ аҳволда яшайди. Камбағал болаларнинг ўлим хавфи ўзига тўқ яшаётган оилаларнинг фарзандларига қараганда икки баробар юқори. Ҳатто ривожланган давлатларда ҳам ҳар еттинчи болага камбағаллик хавф солади.




















