Kun.uz мухбири воқеа жойидан репортаж тайёрлади.
Маълум бўлишича, ҳолат 1 июн – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида содир бўлган.


Қаҳрамон йигитлар – Шоҳрух Бобораҳимов, Мурод Сайдалимов, Жасур Эшназаров ҳамда Озод Ўткиров. Улар Самарқанд шаҳридаги 80-умумтаълим мактабининг 11-синф битирувчилари эканини маълум қилишди.
“Қизалоқ тушиб кетган кўп қаватли уйда ўртоғимиз ҳам яшайди. Ўша куни мактабда имтиҳонларни топшириб, уй яқинида дўстимизни кутиб тургандик. Тасодифан юқорида осилиб турган қизчага кўзимиз тушди. Бир синфдошимиз қизалоқнинг яқинларига хабар бериш учун югурди. Биз, уч киши бўлиб қизчани тутиб олишга интилдик. Пастдан туриб қизчага бироз сабр қил, қўйиб юборма, деб бақирдик. У бизни эшитди, лекин кучи етмай пастга қулади. Пастки қаватдаги тунукага урилиб, ҳавода икки метрча узоқлаб кетди. Ўзимни орқага олиб қўлимни тутдим, дўстларим ҳам тезда ёрдамга ошиқишди. Худога шукур, қизча қўлимизга тушди ва омон қолди”, – деди Шоҳрух Бобораҳимов.
Маълум бўлишича, қизча деразага ўрнатилган темир тўсиқ орасида маълум муддат боши билан осилиб қолган. Ўша жараёнда унинг бош қисми бироз жароҳат олган. Йигитлар уни тутиб олгач, тезлик билан унга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилган ва шифохонага олиб кетилган.


Қизнинг онаси Шаҳло Шодиёрова ўша куни фарзандларини кўчага айлантиришни режалаштириб турган. Кичик ўғли эҳтиётсизлик сабаб уй эшигини ичкаридан ёпиб қўйган. Натижада она ташқарида қолиб, ташқаридан эшикни очиш учун ҳаракат қилган. Бироқ ичкарида қолган кичик қизи қўрқув сабаб дераза токчасига чиққан. Ўша ердан пастга қараб ёрдам чақирмоқчи бўлган ва ўзи темир панжара орасидан тушиб кетган.
















