Ўзбекистон | 08:28 / 01.06.2022
10401
5 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистон шимолида тадбиркорлик ривожлантирилади - Президент қарори

Фото: Shutterstock

Президент томонидан “Қорақалпоғистон шимолий туманларида тадбиркорликни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди

Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Қонликўл, Мўйноқ, Нукус, Тахиатош, Тахтакўпир, Хўжайли, Чимбой, Шуманай туманларида (шимолий туманлар) мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш ҳамда қулай агробизнес муҳитини яратиш мақсад қилинган.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2027 йил 1 январга қадар шимолий туманларда жойлашган бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини сотишнинг истисно тариқасида қуйидагиларни назарда тутувчи тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди:

  • аукцион савдоларида сотилган нархидан қатъи назар барча харидорларга харид тўловларини 7 йил муддатда бўлиб тўлаш имкониятини бериш;
  • аукцион савдоларида сотилган давлат кўчмас мулк объектлари бўйича тузилган олди-сотди шартномаларига мувофиқ тўловлар 3 ой ичида тўлиқ тўланганда шартнома қийматининг 25 фоизига тенг миқдорда чегирмалар бериш;
  • жисмоний ва юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларига ижара ҳуқуқини электрон онлайн-аукционда сотиб олиш қийматини 5 йил давомида бўлиб тўлаш имкониятини яратиш;
  • туман ҳокимликлари балансидаги бўш турган биноларни хусусий мактабгача таълим ташкилоти ташкил этиш учун давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлик субъектларига танлов орқали бериш ва бинони туман ҳокимлиги балансида қолдириш, уч йилдан сўнг хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзолаш пайтида баҳоланган қийматнинг 50 фоизи миқдорида ҳақ тўлаш ҳисобига беш йил давомида тўлаш шарти билан тақдим этилган биноларни хусусийлаштириш имконини бериш.

Шимолий туманларда 2025 йил 1 январга қадар эксперимент тариқасида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган ҳамда янгидан ўзлаштиришга мўлжалланган ер майдонларини инвесторларга “E-AUKSION” электрон савдо платформасида очиқ электрон танлов асосида 30 йилга қишлоқ хўжалиги фаолиятини юритиш учун ижарага беришнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартиби жорий этилмоқда:

а) ижара ҳуқуқини ютиб олиш учун тўланадиган тўловнинг энг кўп миқдорини таклиф этган талабгор устуворликка эга бўлиб, қолган мезонлар бўйича балл бериш тартиби қўлланилмайди;

б) очиқ электрон танлов ғолиби ижара ҳуқуқини ютиб олиш учун тўланадиган тўловни энг кўп миқдорининг 50 фоизини тўлаган даврдан бошлаб, ушбу ер майдонларига ижара ҳуқуқини учинчи шахсга сотиши ва ушбу ҳуқуқни тижорат банкидан кредит олиш учун гаровга қўйиши мумкин;

в) шимолий туманлардан рўйхатдан ўтиб, мазкур ер майдонларида фаолият юритадиган қишлоқ хўжалигига ихтисослашган тадбиркорлик субъектларига (бундан кластерлар мустасно) ушбу фаолиятдан олинадиган даромади бўйича айланмадан олинадиган солиқ, шунингдек, мазкур туманлардаги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш ва сақлаш мақсадида фойдаланиладиган ер участкалари ва мол-мулки бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади;

г) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги талабномаларига мувофиқ фойдаланишдан чиққан суғориладиган ерларни ўзлаштириш, суғориладиган ерларда ер тузиш, бузилган ерларни рекультивация қилиш юзасидан лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ерлари автоматлаштирилган ер-ахборот тизимини яратиш ва янгилаб бориш ишларига Давлат бюджетидан маблағлар ажратилади;

д) қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ҳар бир гектар ерни фойдаланишга киритиш ҳамда заруратга кўра суғориш тик қудуғини бурғилаш ёки насос станциясини қуриш ва ишга тушириш бўйича харажатларнинг бир қисми Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тузилган инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим доирасида бир марта қоплаб берилади.

е) қишлоқ хўжалиги ерларини фойдаланишга киритган ердан фойдаланувчиларга қишлоқ хўжалиги экинларини мустақил жойлаштириш ҳуқуқи берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид