Дания Европа иттифоқининг мудофаа сиёсатида иштирок этишни бошлайди
Референдум натижаларини инобатга олган ҳолда, Дания энди ўз аскарларини ЕИ ҳарбий миссияларида қатнашиш учун юбориши ва Европа иттифоқи бўйича ҳамкорларга янги қурол тизимларини ишлаб чиқишда ёрдам бериши мумкин.
Дания аҳолисининг учдан икки қисми (66,9 фоизи) давлатнинг Европа иттифоқи умумий мудофаа сиёсатини шакллантиришда иштирок этишдан бош тортишини назарда тутувчи қоидани бекор қилишни қўллаб-қувватлади. Қироллик фуқароларининг 33,1 фоизи бу позицияни сақлаб қолиш тарафдори. 1 июнь, чоршанба куни ўтказилган ушбу масала бўйича референдум натижаларини шу куни кечқурун Дания бош вазири Метте Фредериксен эълон қилди.
Энди Дания ЕИ хавфсизлиги ва мудофаасини таъминлаш, хусусан, ўз аскарларини Европа иттифоқи ҳарбий миссияларига юбориш ва ҳамкорларга янги қурол тизимларини ишлаб чиқишда ёрдам беришда иштирок этиши мумкин бўлади.
Шу пайтгача ушбу Скандинавия давлати Европа иттифоқининг фақат фуқаролик миссияларида қатнашган ва умумий мудофаа сиёсатини шакллантиришда иштирок этмаган Европа иттифоқи ягона аъзоси эди. Қироллик бу позицияга 30 йил давомида амал қилиб келди.
Данияда 4,3 миллион киши овоз бериш ҳуқуқига эга. Референдумда сайловчиларнинг 65,8 фоизи иштирок этди. Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари фонида аксарият сиёсий партиялар, жумладан, ҳукмрон социал-демократлар Даниянинг Европа иттифоқи мудофаа сиёсатини шакллантиришда иштирок этмаслиги ҳақидаги қоидани бекор қилиш тарафдорига айланди.
Бош вазир Метте Фредериксеннинг сўзларига кўра, Дания «НАТО ва Европадаги иттифоқчиларига, шунингдек, Россия президенти Владимир Путинга жуда аниқ сигнал юборди». «Биз Путин эркин ва мустақил давлатга бостириб кириб, Европа барқарорлигига таҳдид солганида, бир-биримизни қўллаб-қувватлашни кучайтираётганимизни кўрсатяпмиз», — дея қўшимча қилди у.
Ўз навбатида, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен бу қарор «нафақат Дания, балки Европа иттифоқига ҳам фойда келтириши»ни айтди.
Мавзуга оид
18:09 / 12.11.2024
Полша Бош штаби бошлиғи Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди
21:04 / 05.11.2024
Даниялик сиёсатчи мусулмонларни ҳақорат қилгани учун қамоққа ҳукм қилинди
09:24 / 02.11.2024
Қозоғистонда ўзини ўзи мудофаа қилиш ва кўнгиллилар тузилмалари пайдо бўлади
12:00 / 30.10.2024