Украина АҚШдан узоққа отувчи ракета тизимлари олмоқда: улар нимани ўзгартириши мумкин?
АҚШ Украинага HIMARS баравар ўт очувчи ракета тизимларини юборади, аммо Россия ҳудудига ўт очмаслик шарти билан.
АҚШ Украинага HIMARS баравар ўт очувчи ракета тизимларини юборадиган бўлди, бу аниқлик ва узоқ масофага зарба бериш борасида Россия армияси томонидан Украинада қўлланаётган техникаларнинг кўп қисмидан устунлик қилади. Аммо Байден маъмурияти Украина қуролли кучлари бу тизимларни Россия ҳудудидаги нишонларга нисбатан қўлламаслигини хоҳламоқда.
Украина анчадан буён бундай тизимларни сўраб келаётганди
Украина ҳукумати ва ҳарбий экспертлар Американинг баравар ўт очиш тизимлари Киевга етказиб берилиши Донбассда украин армияси Россия кучларига қарши олиб бораётган урушда бурилиш ясаши мумкин деб ҳисоблайди.
Фронтдаги сўнгги ўзгаришларга кўра, Россия секинлик билан бўлса-да, Донецк ва Луганск областларидаги янги ҳудудларни эгаллаб келмоқда, бу айнан оғир техника ва артиллерия тизимлари борасидаги устунлик эвазига бўлмоқда. Украина ҳукуматидагилар фикрича, вазиятни мамлакат қуролли кучлари Россиянинг фронт ортидаги ва олдинги чизиқдаги позицияларига ёппасига зарба бериш имкониятига эга бўлиши ўзгартириши мумкин.
Бунинг учун украинлар АҚШдан M142 HIMARS ва M270 MLRS тизимларини сўраб келади. Бу қуроллар Киев Ғарб давлатлари етказиб беришини истаган қуроллар рўйхати бошида туради. 21 май куни, «Рамштайн-2» контакт гуруҳи аъзоларининг мудофаа вазирлари иштирокидаги онлайн музокаралар арафасида чиқиш қилган Украина президенти Володимир Зеленский ҳам шу ҳақда гапирганди.
«Менда ҳеч қандай сир йўқ. Биз барча давлатларга MLRS тизимлари етказиб беришни сўраб мурожаат қилганмиз, улар ёрдамида Украина ташаббусни қўлга олиши ва ўз ҳудудларини озод қила бошлаши мумкин», деганди у. Аммо 40 дан ортиқ мамлакат вазирлари иштирокидаги ўша учрашувда бундай тизимларни етказиб бериш бўйича қарор қабул қилинмаганди.
Америка маъмурияти бундай қуролларни етказиб беришга иккиланаётгани ҳақида 18 май куни Politico нашри ёзиб чиққанди. Нашрнинг АҚШ президенти маъмуриятидаги аноним манбаси Вашингтон Киевга кам миқдорда шундай қудратли тизимларни беришдан кўра, уларга кўп миқдорда М777 гаубицалари ва улар учун снарядлар етказиб беришни маъқул кўраётганини айтганди.
Аммо 27 май куни Reuters манбаси америкаликлар бундай кучли қуролларга эга бўлган украинлар Россия ҳудудига зарба беришни бошлашини истамаслиги, шу билан бирга Украинага шарт қўймоқчи эмаслигини айтиб чиқди.
Сўнгги ҳафта давомида Америка матбуоти Вашингтон бу борада якуний қарорга яқинлашаётгани ҳақида ёзиб келди.
30 май куни президент Жо Байден журналистлардан бирининг саволига жавоб бериш асносида АҚШ ҳукумати снарядлари Россия ҳудудига бориб етиши мумкин бўлган баравар ўт очиш реактив тизимларини етказиб бермаслигини айтди.
Вашингтон вақти билан 31 май куни кечқурун эса Байден New York Times нашридаги колонкасида эълон қилган мақоласида аввалроқ АҚШ Украинага «Россиягача етиб бора оладиган» ракеталарни бермаслиги ҳақида айтган сўзларини изоҳлади. Байденнинг ёзишича, унинг қарори билан Украина қуролли кучларига «Украинадаги жанг майдонидаги муҳим нишонларга аниқроқ зарба беришга имкон берувчи нисбатан юқори технологик ракета тизимлари» берилади.
Байден яна нималар деди?
Байденнинг колонкасидан бошқа муҳим гаплар:
«АҚШнинг мақсади оддий. Биз демократик, мустақил, суверен ва фаровон, келгусидаги тажовузлардан ҳам ўзини ҳимоя қила оладиган Украинани кўришни истаймиз. [...] Шунинг учун мен украинларга нисбатан такомиллашган, жанг майдонидаги муҳим нишонларга аниқроқ зарба бера олувчи ракета тизимлари етказиб беришимиз бўйича қарор қабул қилдим».
«Ушбу инқироз давомида менинг принцип Украина бўйича Украинанинг ўзи иштирокисиз қарор қабул қилмаслик бўлмоқда. Мен украин ҳукуматига очиқчасига ҳам, ёпиқ музокараларда ҳам, ҳудудий ён беришга ундаш бўйича ҳеч қандай босим ўтказмайман».
«Мен биламанки, дунёда кўпчилик ядро қуроли қўлланиши эҳтимолидан хавотир олмоқда. Вақти-вақти билан ядро таёқчасини кўтариб туришнинг ўзи хавфли ва мутлақо масъулиятсизлик бўлса-да, ҳозирда биз Россия уни Украинада қўллаши мумкинлиги белгиларини кўрмаяпмиз. Мен аниқ қилиб айтмоқчиман: ядро қуролининг ҳар қанақасига қўлланиши биз учун ҳам, дунёнинг қолган қисми ҳам мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ва оғир оқибатларга олиб келувчи ҳаракатдир».
«Биз НАТО ва Россия ўртасида уруш чиқишини истамаймиз. Мен жаноб Путиннинг фикрларига қанчалик қўшилмасам ва унинг ҳаракатлари менга қанчалик ёввойилик бўлиб туюлмасин, АҚШ Москвадаги режим ағдарилишига эришмоқчи эмас. АҚШ ёки унинг иттифоқчилари ҳужумга учрамас экан, биз бу можарода тўғридан тўғри иштирок этмаймиз, америкалик аскарларни Украинага жанг қилиш учун юбормаймиз, россиялик кучларга ҳужум қилмаймиз».
«Владимир Путин биздан бу даражадаги бирдамликни кутмаганди. У хатога йўл қўйди. Агар у кейинги ойларда биз позициямизни ўзгартиришимиз ёки бизнинг сафларимизда бўлиниш рўй беришини кутаётган бўлса - у яна хато қилмоқда».
Советлар артиллериясига қарши
Президент колонкасидан кейин жаҳондаги етакчи нашрларга изоҳ бера бошлаган АҚШ ҳукуматидаги аноним манбалар Украинага ўрта масофага ҳаракатланувчи ракеталар ўрнатилган кам сонли машиналар берилиши ҳақида айтишди.
Гап 70 км масофадаги нишонга ета олувчи снарядларга эга бўлган HIMARS баравар ўт очувчи ракета тизимлари ҳақида кетмоқда. Тахмин қилинишича, бундай машиналар GMLRS ракеталари билан таъминланади. «Франс пресс» манбаси бу ракетанинг зарба бериш масофаси 80 километргача етишини айтган.
1 июн куни Вашингтонда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Киевдан кафолат олингани: қурол Россия ҳудудидаги нишонларга зарба бериш учун қўлланмаслигини маълум қилди.
HIMARS тизимлари, АҚШ ҳукумати ҳисоблашича, Украина қуролли кучларига россияликлар артиллериясини нишонга олишда қўл келади, шаҳар шароитида, масалан, Северодонецкда, ракеталарни жонли кучларга аниқ зарба беришда ҳам қўллаш мумкин.
HIMARS ракета тизимлари Украинага 700 млн долларлик ёрдам пакетининг бир қисми ҳисобланади. Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШнинг Украина учун навбатдаги ҳарбий ёрдам пакети Ми-17 русумли тўрт вертолёт ва тўртта HIMARS баравар ўт очиш тизимларини ўз ичига олади. Бундан ташқари, Украинага минг дона Javelin танкка қарши ракета мажмуалари, бошқа турдаги 6 минг дона танкка қарши қуроллар, 155 мм калибрли 15 минг дона снарядлар етказиб берилади.
M270 MLRS ва M142 HIMARS баравар ўт очиш тизимлари - яқин «қариндошлар» ҳисобланади. Улар, аввало шассиси билан фарқланади. MLRS’да иккита учириш контейнери гусеницали шассига ўрнатилган, HIMARS’да эса бундай блок битта ва у олти ғилдиракли юк машинасида жойлашган.
MLRS ўтган асрнинг 70-йилларида ишлаб чиқилган, 1983 йилдан армияда қўллана бошланган, ўтган вақт мобайнида бир неча бор модернизация қилинган. HIMARS 1990-йиллар охирида пайдо бўлган ва ракета учириш қурилмаларининг нисбатан мобил ва енгил версияси ҳисобланади.
Аввалига бу жанговар тизимлар муҳим нишонларга максимал даражада қисқа вақт ичида кучли зарба бериш учун яратилганди. Бундай баравар ўт очиш тизимларининг вазифаларидан бири - батареяларга қарши кураш ҳисобланади, бунда аниқлик, мобиллик ва ҳаракатланиш масофаси муҳимдир.
Узоққа учувчи ракеталар
MLRS’ни ишлаб чиқишда советларнинг «Град» тизимлари ва стволли артиллерияларининг хусусиятлари ҳисобга олинган.
Шунга кўра, ракеталарнинг учиш масофаси советлар артиллериясиникидан юқорироқ.
MLRS худди HIMARS каби снарядларнинг уч туридан фойдаланиши мумкин. Биринчиси - максимал масофаси 32 километрга тенг бўлган М26 ракетаси, унинг модификацияси M26A1 эса 45 километргача етиб бора олади. Учириш контейнерига олтита шундай ракета жойлашиши мумкин.
Иккинчи снаряд - учиш масофаси 70 километрга етувчи GMLRS бошқарилувчи ракета. Ниҳоят, олти ракетали контейнерга блоклардан бирига битта ATACMS тактик ракетасини ўрнатиш мумкин, унинг етиб бориш масофаси 300 километрни ташкил этади. Бу сўнгги типдаги снаряд бўлиб, Украинага бунақаси етказиб берилмайди.
HIMARS олти ғилдиракли юк машинасида тезда яширинган жойидан ўқ отиш позициясига етиб келиши ва ракеталарни учириб, қайта ўқлаш учун ортга қайтиши мумкин. Бундай ҳолатда рақибда унинг жойлашувини аниқлаш ва нишонни белгилаб, жавоб зарбасини бериш учун етарли вақт бўлмайди.
Баравар ўт очиш тизимларини жангларда қўллашни бошлашга икки ҳафта кетади - бу муддат ичида украин артиллериячилари улардан фойдаланишни ўрганиши керак.
Американинг HIMARS тизимлари аллақачон Европа мамлакатларида қўлланади, хусусан, бундай тизимлар Польша ва Руминия армиялари ихтиёрида мавжуд.
Украинанинг ўзида нималар бор?
Украина қуролли кучларида советлар даврига мансуб ва украинларнинг ўзи томонидан ишлаб чиқарилган ракета учириш қурилмаларидан қанча қолгани аниқ маълум эмас. Шунингдек, бу тизимлар учун қанча ракета борлиги ҳам номаълум. Ҳарбий ҳаракатлар вақтида ўқ-дорилар сарфланиши ҳажми жуда юқори, ишлаб чиқариш эса қийинлашади.
Military Balance маълумотларига кўра, Украина қуролли кучларида 2021 йилда 200 га яқин «Град» тизимлари бўлган. Уруш бошлангач, Украинага Чехия ва Польша томонидан яна ўнлаб тизимлар етказиб берилди. Бундан ташқари, Украина қуролли кучларида украинлар томонидан совет қуроллари асосида ишлаб чиқилган «Верба» тизимлари ҳам бор.
«Град» - анча эскирган тизим, унинг асосий снарядлари 20 километргача боради. Шу билан бирга, у орқали 40 километргача учувчи замонавий ракеталарни ҳам учириш мумкин, аммо Украина армиясида бундай ракеталар қанча борлиги маълум эмас. Ҳозирда фронтнинг икки томонида ҳам асосан «Град»дан кенг фойдаланилмоқда.
Украинада нисбатан оғир ва узоқ масофага отувчи учириш қурилмалари ҳам мавжуд, аммо Россия армияси каби Украина томони ҳам улардан кам фойдаланади.
Улар орасида - 35 километргача зарба берувчи 70 «Ураган» тизимлари бор. Янада оғирроқ қуроллар ҳам бор - советлар даврида ишлаб чиқарилган «Смерч» ва унинг украинча версияси «Ольха», аммо уларнинг сони 160 дона атрофида. Бундай тизимнинг ўқ отиш масофаси 120 километргача етади ва бу ҳам қисқа муддат ичида 12 та ракета учиришга қодир бўлган мобил тизим ҳисобланади.
Ниҳоят, Украина қуролли кучлари ҳаракатланиш масофаси 120 километргача чиқувчи «Точка У» оператив-тактик ракеталаридан фойдаланади.
Россия ракеталари
Россия ракета учириш мосламалари сони бўйича Украинадан устун, аммо улардаги қуролларнинг аксарини «Град» тизимининг турли вариантлари ташкил этади. Military Balance маълумотига кўра, 2021 йилда Россия армиясида бундай машиналарнинг турли авлодларига мансуб (эски БМ-21 ҳам, модернизация қилинган «Торнадо» ҳам) 900 дан ортиғи бор эди.
Россияда урушгача нисбатан узоқ масофага отувчи «Ураган»лардан 200 дан ортиқ, «Смерч»лардан эса 120 дона атрофида бўлган.
Россия ҳам ҳарбий ҳаракатларда Украина каби «Точка У» ракеталарини, шунингдек нисбатан узоқроқ масофага ҳаракатланувчи «Искандер»ларни қўлламоқда.
Ниҳоят, уларда «Солнцепек» ўт очиш тизимлари мавжуд, бу кўпроқ штурмчи ракета танкларига ўхшайди. Уларнинг максимал ўт очиш масофаси атиги 4,5 километрни ташкил этади, лекин ишлаб чиқарувчиларнинг ишонтиришича, янги ракеталар билан улар 10 километргача зарба бериши мумкин бўлади.
Артиллериялар уруши
Донбассдаги юришларда Россия сон борасидаги устунлиги эвазига артиллериядан жуда кенг фойдаланмоқда. Яна бир муҳим жиҳати, Россия ўқ-дори захираларига эга.
Шу билан бирга, россиялик артиллериячиларда алоқ тизимлари, разведка маълумотлари, дронлар ёрдамида нишонларни белгилаб бериш ва йўналтириш бўйича муаммолар бор.
Кўплаб экспертларнинг қайд этишича, россиялик ҳарбийлар кўп ҳолларда «майдон бўйлаб» ўт очишади, пиёдалар штурм уюштириши кўзланган маълум бир ҳудудга жуда кўп ракета учиришади.
Украина қуролли кучлари амал қиладиган тактика эса - разведка орқали яхши ўрганилган нишонларга аниқ зарба беришга асосланади. Украин ҳарбийлари артиллерия учун нишонларни белгилаб бериш ва зарбаларни йўналтириш учун дронлар ёрдамидан кенг фойдаланади.
Шу туфайли, уларга «олов девори»ни ўрнатишдан кўра, кам сонли бўлса-да, муайян объектларга аниқ зарбалар беришда қўл келадиган Америка ракета тизимлари зарур.
Бундан ташқари, Америка учириш қурилмаларини олиш орқали улар бу қурилмалар учун кўп миқдорда ўқ-дорига ҳам эга бўлишади. АҚШ ва унинг иттифоқчиларига ҳам қаерлардандир «Ураган» ва «Смерч»лар учун снарядлар топишга уринишдан кўра Киевга ўз ракета тизимларини етказиб бериш қулайроқ.
Таҳлил: Баравар ўт очиш тизимлари «кумуш ўқ» вазифасини бажара оладими?
Павел Аксенов, BBC корреспонденти
Украинада ҳам, Ғабда ҳам кўпчилик бундай баравар ўт очиш тизимлари Украинага қандайдир сезиларли устунлик тақдим этиб, Россиянинг артиллерия тизимларининг сон борасидаги устунлигини йўққа чиқариши, бир сўз билан айтганда, урушнинг боришини ўзгартиришини айтиб келади. Аммо аслида бундай эмас.
Масала бундай тизимлар сифатида эмас, балки сонида ва украин ҳарбийлари улардан фойдаланишни қанча тез фурсатда ўзлаштира олишидадир.
Украина қуролли кучлари артиллерия зарбалари аниқлиги, алоқалар яхши йўлга қўйилиши, ўт очишни бошқариш тизими ва нишонларни разведка қилишга таянади. Бундай тизимда HIMARS самарали воситага айланиши мумкин.
Кўплаб экспертлар фикрича, артиллерия қурилмалари сони бўйича катта устунликка эга бўлган Россия ҳарбийлари айрим ҳолларда ёмон тайёргарлик кўрилганини кўрсатиб қўймоқда, аммо сон борасидаги устунлик гаубицалар ва ракета қурилмаларидаги нуқсонларни ёпишга хизмат қилмоқда . Шу билан бирга, РФ қуролли кучлари ихтиёрида «Ураган» ва «Смерч» каби баравар ўт очиш тизимлари ҳам мавжуд.
Артиллерияда тенгликка эришиш учун Украина кўпроқ реактив тизимлари олиши керак. Шу билан бирга, тизимлар имкон қадар тезроқ етказиб берилиши керак, чунки улардан фойдаланишни ўрганиш учун ҳам маълум вақт кетади. Украинага аввалига кўпроқ тизимлар, кейинги ўринда эса сифатлилари керак бўлади.
GMLRS ракеталари ATACMS тактик ракеталаридан масофа ва каллак қисми бўйича ҳам жиддий ортда қолади, аммо унинг 70 километрлик масофа кўрсаткичи ҳам Россиянинг кўплаб артиллерия тизимлариникидан яхшироқ. Бу ракеталар билан фронт орти ҳудудидаги кўприкларга, штабларга, алоқа узелларига, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига, ҳарбий бўлинмаларга, артиллерия батареялари ва бошқа турли нишонларга зарбалар бериш мумкин.
Бундан ташқари, Ғарбдаги баравар ўт очиш тизимларининг яна бир устунлиги шундаки, АҚШ улар учун ўқ-дорилар ҳам етказиб беради, Украина ихтиёридаги советлар даврига мансуб «Ураган» ёки «Смерч» каби эски тизимлар учун ракеталар эса тез орада тугайди.
Мавзуга оид
21:58 / 05.09.2024
Лавров «қизил чизиқлар бўйича ҳазиллашмаслик кераклиги»ни айтди
08:01 / 10.05.2024
Писториус Украинага учта HIMARS қурилмаси етказиб берилишини эълон қилди
19:23 / 22.04.2024
АҚШ Украинага 61 миллиард долларлик ёрдам бермоқчи. Бу рақамлар аслида нимани англатади?
13:26 / 29.02.2024