Ўзбекистон | 13:30 / 03.06.2022
5518
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ЕХҲТ раисини қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни тонгда, Урганч шаҳрига жўнаб кетишдан аввал Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рауни қабул қилди.

Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ўзбекистон-Польша муносабатларини кенгайтириш масалалари ҳамда долзарб халқаро кун тартиби кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда ЕХҲТ билан шерикликда сифат жиҳатидан янги даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди. Ташкилот фаолиятининг уччала йўналишида ҳам очиқ ва самарали мулоқот йўлга қўйилгани, юқори даражада фаол мулоқот ва алмашинувлар амалга оширилаётгани, қабул қилинган «йўл харитаси»га мувофиқ қўшма тадбирлар муваффақиятли ўтказилаётгани бунга далолат бермоқда.

ЕХҲТ раиси Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар стратегияси бераётган натижаларни ҳамда мамлакатимизнинг прагматик ташқи сиёсати, энг аввало Марказий Осиёда дўстлик, яхши қўшничилик ва ишонч муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Давлатимиз ва ушбу нуфузли халқаро тузилманинг барча институтлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни кучайтириш, демократик янгиланишларни, шу жумладан конституциявий ислоҳотни экспертлик жиҳатдан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, ташкилотнинг Парламент ассамблеяси доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш устувор аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Иқтисодиёт ва экология йўналишлари ҳақида сўз юритилар экан, «яшил» тараққиёт, рақамлаштириш, иш ўринларини яратиш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали камбағалликни қисқартириш, табиатни муҳофаза қилиш бўйича, шу жумладан Оролбўйи минтақасида муҳим тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро сиёсат, жумладан, Европа иттифоқи билан кўп томонлама муносабатларни ривожлантириш, Афғонистонда тинчликни таъминлаш ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ўзбекистон етакчиси Ўзбекистон-Польша амалий ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболларига алоҳида тўхталди.

Хусусан, ўтган йили икки томонлама товар айирбошлаш учдан бир қисмга, жорий йил бошидан эса қарийб 50 фоизга кўпайди. Польшанинг етакчи компаниялари билан биргаликда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, кимё, электротехника ва бошқа тармоқларда қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Муҳим гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда, жумладан, юртимизда Варшава менежмент университетининг филиали ўз ишини бошлади.

Учрашувда ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Жаноб Збигнев Раунинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.

Мавзуга оид