20:05 / 04.06.2022
22328

Туркманистон ўз ҳудудини транзит юклар учун очмоқда ва қатор шартларни илгари сурмоқда

2022 йил 1 июндан бошлаб, Туркманистон ҳудуди транзит юклар учун очилди, эндиликда бошқа давлат транспорт воситалари бу юкларни Туркманистон орқали ташиб ўтиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабар берди.

 Фото: Транспорт вазирлиги

Қайд этилишича, бунда ҳайдовчилар қуйидаги йўналиш бўйлаб транзит ҳаракатланади: “Сарахс (Эрон) – Сарахс (Туркманистон)” – “Фарап (Туркманистон) – Олот (Ўзбекистон)” – “Сарахс (Туркманистон) – Сарахас (Эрон)” назорат-ўтказиш пунктлари.

Фото: Транспорт вазирлиги

Туркманистон бўйлаб транзит юклар бир қанча талаб ва шартлар асосида амалга оширилиши берилган:

  • Хорижий давлат транспорт воситалари ҳайдовчилари Туркманистон давлат чегарасини кесиб ўтишда жараённи расмийлаштириш учун зарур барча ҳужжатларни тақдим этишлари шарт, чунки бу ҳужжатлар махсус санитар ишловдан ўтказилади;
  • автотранспорт воситалари белгиланган тартибда санитар тозалашдан ўтказилиши шарт;
  • чегарадан ўтишда ПЗР усули билан COVID-19 га тест синовидан ўтгани ҳақида маълумотнома (давлат чегарасидан ўтишдан олдин камида 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда), коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификат (охирги эмлаш санасидан 42 кундан кам бўлмаган муддатда) тақдим этилиши шарт;
  • назорат-ўтказиш пунктида коронавирус учун экспресс-тестдан ўтиш шарт;
  • Туркманистон ҳудуди бўйлаб транзит ташув юк автотранспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси (автоколонна)да ҳаракатланиш орқали амалга оширилади;
  • Ўзбекистон ва Эрон чегарасидан 1 км масофада юк автотранспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси (автоколонна) тузилади;
  • юк автотранспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси (автоколонна) тузиш соат тонгги 8:00 дан бошланади;
  • юк автотранспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси йўл полицияси махсус машиналари кузатуви остида ҳаракатланади. Ҳаракат давомида ҳайдовчиларга тўхташ ва автотранспорт воситаси кабинасидан чиқиш тақиқланади;
  • юк автотранспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси ҳаракати давомида ҳайдовчиларнинг дам олиши, транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш, ёнилғи қуйиш, зарур озиқ-овқат маҳсулотларини олиш учун махсус белгиланган автотураргоҳларда тўхташ кўзда тутилган;
  • ҳаракат давомида носозлик ёки бошқа муаммо юзага келган тақдирда тегишли транспорт воситаси жамланмадан ажратилади. “Бундай вазиятда ички ишлар органлари ходимлари Туркманистон автомобил транспорти агентлиги билан биргаликда юзага келган муаммони ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, Туркманистон ўз ҳудудини транзит юклари учун пандемия сабабли ёпган эди.

Top