Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрондаги урушнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири: экспертлар билан суҳбат
Ўзбекистон Эрондан нима сотиб олади ва унга нима сотади? Ташқи савдомизда бу мамлакатнинг ва ундан ўтувчи транзит юкларининг ўрни қай даражада? Шу каби саволларга Kun.uz студиясида экспертлар Наргиза Умарова ва Умрбек Юсупов жавоб беришди.
Охирги ҳафталарда Афғонистон–Покистон ҳамда АҚШ/Исроил–Эрон зиддиятлари қуролли тўқнашувларга айланиб кетди. Жанубдаги қўшниларимизда кузатилаётган нотинчлик Ўзбекистон учун энг камида иқтисодий оқибатларга эга бўлиши тайин.
Хўш, бу қандай оқибатлар ва уларнинг кўлами қанақа бўлади? Олтин нархи ошиши билан боғлиқ плюслар йўқотишларни қанчалик компенсация қила олади?
Kun.uz бу саволларга Истиқболли халқаро тадқиқотлар институтининг Стратегик боғлиқлик маркази раҳбари Наргиза Умарова ҳамда Прогрессив ислоҳотлар маркази эксперти Умрбек Юсуповдан жавоб олди.
– Ҳозирги кескинлик Ўзбекистоннинг қайси савдо коридорларига катта хавф туғдирмоқда. Бу ташқи савдомиз учун нимани англатади?
Наргиза Умарова: Эрон, Покистон ва Афғонистон биз учун стратегик ва устувор аҳамиятга эга бўлган жанубий транзит йўналишининг асосий иштирокчилари ҳисобланади. Улар жанубий транзитни таъминлаб берувчи давлатлар сирасига киради. Эрон аслида анъанавий равишда барқарор ва хавфсиз транзит давлати ҳисобланади. Биз биламиз, ўтган йили ҳам ёз ойида 12 кунлик уруш туфайли энг йирик порти — Бандар Аббосга зарар етган эди. Ҳозир ҳам беқарорлик кузатилмоқда. Доимий равишда Эрон шу имкониятни таъминлаб берган, нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари учун ҳам.
Охирги йилларда бизнинг стратегик лойиҳамиз бор — 2018 йилдан трансафғон йўлини қуришни ташкил этдик. Бу лойиҳада иштирокчи уч давлат бор: Ўзбекистон ташаббускор, шунингдек, Афғонистон ва Покистон. Динамикани кўрадиган бўлсак, ҳам Афғонистон, ҳам Покистон билан, айниқса, савдо-иқтисодий соҳада алоқалар жуда ҳам жадал ривожланмоқда. Ўтган йил, 2025 йил натижаларига кўра, Афғонистон Ўзбекистоннинг ТОП ўнталигига кирди, умумий савдо айланмамиз 1,7 млрд долларни ташкил қилди. Покистон ва Эрон ҳам Ўзбекистон учун ТОП йигирматаликка киради.
Сиз айтаётган масала — транспорт коридорлари ва транзит коридорлари масаласи. Ҳозир бу борада Эроннинг позицияси мустаҳкам, Эрон дунёнинг 15 мамлакати билан чегарадош. Тарихан ҳам Эрон доим транзит боғловчи бўлиб келган — Буюк ипак йўли давридан, ўрта асрлардан бери. Эрон билан бизнинг алоқаларимиз интенсивлашган, бу жараён 2018 йилдан бошланди.
Иккита соҳани ажратиб олган бўлардим: савдо алоқалари ва транспорт-логистика. Иккиси бир-бири билан боғлиқ: сизда йўл бўлмаса ёки узоқ бўлса, савдо потенциал бўлишига қарамай чекланади. Йўлларнинг ривожланиши савдо ривожланишига ҳисса қўшади.
Портлар масаласида Эрон жуда ривожланган, бир нечта портларга эга, у океанга тўғридан тўғри чиқиш имконига эга. Бу ерда минтақа ичидаги Каспий денгизи бор — Қозоғистон ва Туркманистон билан чегарадош. Каспийда шимолий портлар бор, аммо стратегик ва йирик портлар жанубда. Бу ерда Ҳиндистон ташаббуси билан Чобаҳор порти ҳам ривожлантирилмоқда. Чобаҳорнинг устунлиги шундаки, у Эрондаги ягона океан порти ва чуқур. У ерда ҳозир муаммоли бўлиб турган Ҳурмуз бўғозини кесиб ўтиш шарт эмас.
Бандар Аббос Эрон орқали ўтадиган барча юкларни — углеводород ва нефт маҳсулотларини ташишда иштирок этадиган ва умумий ҳажмнинг 90 фоизини ташкил этадиган йирик порт ҳисобланади. Ўзбекистон пахта экспорт қила бошлаганида Эрон бизга транзитни таъминлаб берган эди, шу билан бизнинг стратегик маҳсулотимиз дунё бозорига экспорт қилинган.
Бугунги кунда ҳам портлар Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга, транспорт-логистика йўлларини диверсификация қилиш сиёсати мавжуд. Давлат фақат битта инфратузилмага боғланиб қолмасдан, уларни кўпайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Шу жараённинг ўзида ҳам Эрон шимол ва жануб транспорт маршрутларида, шунингдек, Шарқ ва Ғарб йўналишларида иштирок этади.
Ўзбекистон 2030 йилгача транзит позициясини ошириш орқали транспорт хизматлари экспортини 2 баробарга оширмоқчи. Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистон учун Шарқ ва Ғарб йўналишидаги жанубий коридорни ривожлантириш муҳим. Бу тўлиқ қуруқлик орқали Туркияга чиқиб, асосий бозор сифатида кўрилаётган Европа Иттифоқи бозорига чиқиш мақсадини кўзлайди.
Нафақат Эрон, балки Покистон ва Афғонистондаги уруш туфайли Покистон йўналиши ҳам ёпилган. Бу икки йўлнинг беркилиши қайси товарлар позицияси бўйича экспорт ва импортга таъсир қилади?
Умрбек Юсупов: Ўзбекистоннинг ташқи савдосида Эроннинг улушидан бошласак, умумий ташқи савдо айланмаси 81,2 млрд долларни ташкил қилган. Шундан экспортимиз 34 млрд доллар, 47 млрд доллардан кўпроғи импортга тўғри келади. Эрон билан ярим млрд доллар савдо ҳажмига эгамиз, бу умумий савдо айланмасида 1 фоизни ҳам ташкил қилмайди.
Асосий ТОП маҳсулотларга келсак, савдомизнинг 157,4 млн долларини экспорт қиламиз. Тўқимачилик, пахта толасини жаҳон бозорига олиб чиқишда Эрон асосий йўл ҳисобланади. Буни экспорт статистикасида кўришимиз мумкин — экспортимизнинг 30 фоизи Эрон йўналишига тўғри келади. Хом ипак ҳам 3 фоизни ташкил қилади.
Импорт масаласига келсак, кўпчилик тасаввурида Эрон нефт ва газ бўйича ТОП ўнталикка киради: газ захиралари бўйича Россиядан кейин, нефт бўйича эса Венесуэла ва Саудия Арабистонидан кейин туради. Биз асосан Эрондан қора металл маҳсулотларини оламиз. Хом нефт эмас, нефт маҳсулотларидан тайёрланган кундалик маиший товарларни харид қиламиз. Ўзаро савдода қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, ўғитлар, ем-хашак ва шунга ўхшаш маҳсулотлар ҳам бор. Албатта, ташиладиган товарлар ҳам шулардан иборат бўлади.
Наргиза Умарова: Ўтган йил Эронга 1 млн 200 минг тонна юк ташилган, кўпроқ бу ерда транзит катта улушга эга. Масалан, Туркияни олсак, у бизнинг ТОП бешталик савдо ҳамкоримиз. Ўтган йил 3 млрд доллардан ортиқ савдо бўлган, бу дегани биз Туркияга кўп маҳсулот ташиганмиз. Туркияга эса асосан Эрон орқали чиқяпмиз.
Фақат Эронни бозор сифатида кўриб чиқмасдан, стратегик ва йирик ҳамкорлар билан боғлайдиган давлат сифатида ҳам кўришимиз керак. Покистондан фарқли равишда, Эрон Ўзбекистонга кўпроқ сотаётган давлат ҳисобланади, Покистонга эса биз кўпроқ сотамиз. Бу позицияга биз қисқа муддатда эришдик. Преференциал савдо бўйича келишув имзолангач, Эрон билан кўп музокаралар олиб борилди.
Эронга қўйиб берилса, унинг иштаҳаси жуда катта — Ўзбекистон ва Марказий Осиё бозорларини эгаллаш учун салоҳияти жуда юқори. Фақат Эрон ва унинг ҳамкорларини чеклаб турувчи омиллар бор — бу санкциялар. Шу омил туфайли биз Эрон билан савдода бартер усулидан фойдаланамиз. Шунинг учун Эронни савдо ҳамкори бўлиш билан бирга транзит зонаси сифатида ҳам кўриш керак.
Агар стратегик лойиҳаларимиз амалга ошса, жанубий транзит йўлаклари қурилса, бу Ўзбекистон, Эрон ва бу ерда иштирок этаётган Туркманистон учун ҳам жуда катта иқтисодий ўсишни таъминлаб беради.
— Уруш бошланганидан бери вазият қандай? Портлар ёпиқ бўлса, тадбиркорлар нима қиляпти?
— 1 мартдан Ҳурмуз бўғози ёпилгани маълум қилинди. Бу дегани Бандар Аббос портида ташувлар, яъни кемаларнинг кириш имконияти йўқ дегани. Эрон жуда катта ҳудуд ҳисобланади. Қуруқликдан ўтадиган йўлларда ҳам уруш бўлаётган давлатлар орқали ташувларни амалга оширишда суғурта ставкалари жуда юқори ҳисобланади. Бу ерда логистларнинг ўз танловига боғлиқ — ё риск қилиб катта харажатга бориш, ёки алтернатив йўлларни излаш.
Ўзбекистон ҳукумати бу ерда аниқ ҳаракат қилмоқда, ўтган йили президент транспорт вазирига алтернатив йўлларни аниқлаш вазифасини топширган эди. Ўша пайтнинг ўзида олдиндан ҳисоб-китобларга кўра, Эрон портларини алмаштириш ҳисобига харажатлар 30 фоизгача ошиши айтилган эди.
Транспорт вазири 4 та алтернативни таклиф қилган — буларнинг иккитаси Эрон ва Покистон орқали ўтадиган транзит йўллар. Покистон ва Афғонистон конфликти туфайли биз яна бир алтернативдан фойдалана олмаймиз. Бу қисқа ва самарали йўл эди.
Энди ўрта коридор қолади — Хитой портларига Қирғизистон орқали автомобил йўли билан чиқиш имконияти. Шунингдек, Россия орқали шимолий йўлаклар бор. Лекин у йўллар узун, харажатлар ошади. Биз энг қисқа йўлларни ишлатган тақдиримизда ҳам харажатлар юқори, чунки Ўзбекистон денгиз йўлларидан икки ҳисса узоқда.
Шу нуқтайи назардан, иккита стратегик йўналишдан фойдаланиш мураккаб бўлиб турибди. Бу борада башорат олиб бориш қийин. Конфликтлар қачон якунига етади — билмаймиз.
Умрбек Юсупов: Юқорида ҳамкасбим тўғри айтди, давлатнинг савдо кўрсаткичига қараб хулоса чиқариш нотўғри бўлади. Савдо айланмаси 1 фоизга ҳам етмайди дегани у охирги ўринда ёки етарли ўринда эмас деганимас.
Салоҳият жиҳатидан икки карра денгизга чиқиш имконияти чекланган давлатмиз. Шунинг учун Эрон биз учун энг ишончли ва синалган йўналиш эди.
Темирйўлларни шарққа қараб йўналтириш — Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой темирйўли ёки жануб йўналишида Ўзбекистон–Покистон автомобил йўлини қўйиш муқобил вариантларни яратади.
Рус экспертлари шимолий ва шарқий йўналишларга эҳтиёж ортишини таъкидламоқда. Бу йўллардан фойдаланиш мумкин, лекин нарх эвазига. Ҳозирнинг ўзида инфляция даражаси, долларга нисбатан сўмнинг қадрсизланиши туфайли суғурта тарифлари нархи ошади.
Нархлар 30 фоизга кўтарилганда давлат томонидан ёрдам ажратилиши мумкин. Ҳукуматлараро комиссия ҳамкорлар билан ишламоқда — муқобил йўллар муҳокама қилинмоқда.
Эрон Ўзбекистоннинг стратегик шериги сифатида қолади. Ваҳимага ўрин йўқ. Тўлиқ тўхтаб қолган тақдирда ҳам кардинал ўзгариш бўлмайди. Билвосита таъсир бевоситага айланиши мумкин, буни вақт кўрсатади.
Ҳозирги вазият Марказий Осиё учун ўзаро ҳамкорликни кучайтириш имконини беради. Савдо кооперацияларини йўлга қўйиш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ички эҳтиёждан унумли фойдаланиш керак.
Наргиза Умарова: Сўнгги давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларга кўра, биз умумий савдони Эрон билан 2 млрд долларга етказишга келишганмиз. Бу бекор бўлгани йўқ, фақат қийинлашди.
Ҳозирги кундаги кўрсаткич салоҳият даражасида ишламаяпти. Бунга бир неча омиллар сабаб бўлди: Эроннинг узоқ муддат изоляциялангани минтақа давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга халақит берди. Ҳозирги Эрондаги вазият тўғридан тўғри жуда катта таъсир ўтказмайди, лекин инфляция биринчи кунданоқ доллар курсининг ошиши ва сўмнинг қадрсизланиши орқали таъсир кўрсатди. Бу харажатлар ошиши ва олтин нархининг тебранишига олиб келади.
— Урушнинг глобал бозорларга таъсири Ўзбекистонга қандай акс-садо беради?
Умрбек Юсупов: Эроннинг таъсири ҳақида гапирганда, нефт, газ ва углеводород соҳасидаги салоҳияти ҳақида айтиш керак. Дунёдаги ТОП бешталикни олсак, Венесуэлада нефт захираларининг 17 фоизи, Саудия Арабистонида 15 фоизи, Эронда 12 фоизи жойлашган. Газ захиралари бўйича Россия 24 фоиз, Эрон 17 фоизни ташкил қилади.
Бу тўғридан тўғри таъсир ўтказади дегани — ҳар қандай ривожланган ва ривожланаётган давлат энергетика ресурсларига боғлиқ. Хитой эҳтиёжининг 13 фоизини Эрон орқали қондиради, бундан ташқари Ҳурмуз бўғози орқали 20 фоиз нефт ташилади.
Шу сабабли бу жараёнлар бизнинг иқтисодиётимизга ҳам таъсир қилади, лекин таъсир билвосита бўлади. Инфляция орқали нефт маҳсулотлари нархи ошади, бу занжир реакцияси орқали бошқа маҳсулотлар нархларига ҳам таъсир қилади.
Шу билан бирга, логистика ва суғурта нархлари ошади. Металл масаласида ҳам Эрон минтақада етакчи ишлаб чиқарувчи ҳисобланади. Россия, Қозоғистон ва Туркиядан кейин Эрондан ҳам металл маҳсулотлари импорт қиламиз, бу ички бозорга ҳам таъсир қилади.
Эроннинг асосий салоҳияти ички имкониятларига таянган. Агар вазият тинчланса, Ўзбекистон бу салоҳиятдан фойдалана олади. Экспортимиз таркибининг асосий қисмини пахта толаси ташкил қилади, уни тез тиклаб олиш имконияти мавжуд.
Тўлиқ суҳбатни Kun.uz'нинг YouTube-каналида томоша қилишингиз мумкин.