Жаҳон | 08:47 / 06.06.2022
18604
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея ва АҚШ Шимолий Корея синовларига жавобан саккизта ракета учирди 

Саккизта «ер-ер» синфидаги ракеталарнинг биргаликда учирилиши Жанубий Корея ва АҚШнинг Шимолий Кореянинг 5 июнь куни ўтказган баллистик ракета синовларига жавоби бўлди.

Фото: AFP

Жанубий Корея ва АҚШ Шимолий Кореянинг баллистик ракета синовларига жавобан Япон денгизига саккизта «ер-ер» синфидаги ракета учирди. Бу ҳақда 6 июнь, душанба куни эрталаб Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасига таяниб, «Рёнхап» агентлиги хабар берди.

Жанубий Корея ҳарбийларига кўра, Жанубий Корея ва АҚШ ракеталарининг биргаликда учирилиши «провокациялар манбаларига ёки уларнинг қўмондонлик ва қўллаб-қувватлаш кучларига зудлик билан аниқ зарбалар бериш қобилияти ва тайёрлигини» намойиш этиш учун мўлжалланган. 

«Ҳарбий хизматчиларимиз Шимолий Кореянинг бир қатор баллистик ракеталардан фойдаланган ҳолда амалга оширган провокацияларини кескин қоралайди ва Шимолий Кореяни яриморолда ҳарбий кескинликни кучайтирувчи ва хавфсизлик муаммоларига ҳисса қўшадиган ҳаракатларини зудлик билан тўхтатишга жиддий чақиради», — дейилади қўмита баёнотида. 

Сўнгги ойларда халқаро изоляцияда бўлган ва қаттиқ санкцияларга учраган Шимолий Корея бир қатор ракета синовларини ўтказди. 5 июнь, якшанба куни Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси Шимолий Корея Япон денгизи томон саккизта қисқа масофали баллистик ракета учиргани ҳақида хабар берди. Япония Шимолий Корея ракета синовини тасдиқлади. Мамлакат Мудофаа вазирлиги раҳбари Нобуо Киси КХДРдан камида олтита ракета учирилганини маълум қилди. 

Қўшма Штатлар Пхенян ядро қуролини синовдан ўтказиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда, бу 2017 йилдан бери биринчи синовга айланиши мумкин. Май ойи охирида БМТ Хавфсизлик кенгаши КХДР томонидан ракета учирилиши сабабли йиғилиш ўтказди. Россия ва Хитой АҚШнинг Шимолий Кореяга қарши санкцияларни кучайтиришга қаратилган резолюциясини блоклади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид