Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туркия қитъалараро ракетасини кўз-кўз қилди. Яна қайси давлатлар бундай қурилмага эга?
Бугун дунёнинг саноқли давлатлари қитъалараро ракетага эга. Улар сафига сўнгги йилларда ҳарбий салоҳиятини анча оширган Туркия ҳам қўшилмоқда. Бундан бир неча кун олдин Истанбулда бўлиб ўтган халқаро мудофаа, авиация ва космик саноат кўргазмасида Туркия Миллий мудофаа вазирлиги “Yildirimhan” қитъалараро ракетасини тақдим этди.
Хўш, биринчи қитъалараро баллистик ракета қаерда тайёрланган ва ҳозирги пайтда қайси давлатлар унга эгалик қилади. Қўйида шу ҳақда гаплашамиз.
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг дунёнинг турли ҳудудларини назоратга олиш бўйича АҚШ ва СССР ўртасида кескин рақобат бошланди.
Томонларнинг қуролли аралашуви ортидан Хитой, Корея яримороли, Ҳиндихитойда фуқаролар уруши бўлиб ўтди. Кубада коммунистик тузум тарафдорлари томонидан давлат тўнтариши амалга оширилди.
Ана шундай можаролар фонида АҚШ ва СССР қуролланишга ҳам зўр берди ва янги қуроллар ихтиро қилди. Узоқ масофага уча оладиган ракеталар тайёрланди.
Аввалига 500-1 000 км узоқликка учадиган ракеталар, сўнг 5 000 км масофагача учиб бора оладиган қурилмалар яратилди. 1950-йилларнинг биринчи ярмида 5 000 километрдан ҳам узоққа уча оладиган ракеталар тайёрлаш устида ишлар бошланди.
Аслида бундай ракеталар лойиҳасини немис конструктори Вернер фон Браун 1942 йилда бошлаганди. Бироқ Германиянинг Иккинчи жаҳон урушидаги мағлубияти унга ишни охиригача етказиш имконини бермайди.
1945 йилда фон Браун ўз жамоаси билан АҚШ ҳарбийларига асир тушади. Унинг салоҳиятини яхши билган америкаликлар ўша йили кузда уни океан ортига юборишади.
Фон Браун АҚШда қитъалараро ракеталар тайёрлаш лойиҳаларида иштирок этади ва 1955 йилда унга фуқаролик берилади. 1960 йилда фон Браун NASAʼга ишга ўтади. Унгача конструктор бир нечта қитълараро ракеталар лойиҳасини тайёрлаб беради.
Биринчи қитъалараро ракета қаерда тайёрланган?
Дунёдаги биринчи қитъалараро ракетани СССР ва АҚШ конструкторлари қарийб бир вақтда, олдинма кейин тайёрлашади. Жумладан, 1957 йилда советлар Р-7 ракетасини синовдан ўтказади ва 1960 йилда у қуролли кучларга етказиб берилади.
Америкаликлар “Атлас” деб номланган ракета синовини 1958 йилда муваффақиятли ўтказади. 1959 йилда АҚШ армияси бундай ракеталарга эга бўлади. Советларнинг Р-7 ракетаси 8 000, америкаликларнинг “Атлас”и 10 000 километргача учиб бориш имкониятига эга эди.
Ўша пайтларда ҳар икки давлатда ясаб чиқилган қитъалараро ракеталар суюқ ёқилғида ҳаракатланарди. Кейинчалик улар мукаммаллаштирилади ва ракеталар асосан қаттиқ ёқилғида учадиган бўлади.
Қитъалараро ракеталарга эга давлатлар
Россия
Россия СССРнинг вориси ҳисобланади ва юқорида айтиб ўтдик – советлар биринчи қитъалараро ракетани 1950 йилларнинг иккинчи ярмида ишлаб чиққан эди.
Кейинчалик СССРда янгидан янги қитъалараро ракеталар тайёрланди ва совет давлати парчаланиб кетгач, уларнинг қарийб барчаси Россия ихтиёрида қолди.
Совет давлатининг энг машҳур қитъалараро ракеталари Р-16, Р-9, УР-100, РТ-2 ва Р-36 бўлган. Бу ракеталар 1960-йилларда қуролли кучлар сафига қабул қилинган. Улар 9 000 дан 16 000 км масофагача учиб бора олади. Айримлари ундан ҳам узоққа учиш имкониятига эга.
Бугунги кунда Россия бир неча турдаги қитъалараро баллистик ракеталарга эгалик қилади. Уларнинг айримлари СССР даврида, қолганлари Россия томонидан лойиҳалаштирилган ва ишлаб чиқилган.
2024 йил маълумотларига кўра, Россияда қитъалараро ракеталарни учирадиган 329 та ускуна ва 1200 дан ортиқ ракета бор. Улар орасида 200 дан ортиқ ускунага бириктирилган 816 та РС-24, 340 та Р-36, 60 та РТ-22 ва бошқа турдаги ракеталар мавжуд.
АҚШ
Америкаликар илк қитъалараро ракеталарни 1950-йилларнинг иккинчи ярмида ясаб чиқади ва кейинчалик улар такомиллаштириб борилади.
Ҳозирги пайтда АҚШ қуролли кучлари сафида 400-500 та атрофида қитъалараро ракеталар бор. Уларнинг асосий қисми Trident ва Minuteman турига кирувчи ракеталар ҳисобланади.
Trident туридаги ракеталар ядровий сувости кемаларига ўрнатилган. Minuteman ракеталари эса махсус ускуналар ёрдамида ташилади ва учирилади. Бу ракеталар 10-13 минг км масофагача учиб бора олади.
2025 йилда АҚШ Ҳаво кучларининг Глобал зарбалар қўмондонлиги Minuteman III ракетасининг янги синовини ўтказди. Бу турдаги ракеталар учтагача ядровий каллакни олиб юра олади.
Британия
Британияда ўзининг қитъалараро ракетаси йўқ. Бу давлат бундай ракеталарни АҚШдан сотиб олган. Британия америкликлардан асосан сувости кемаларига ўрнатилган Trident II ракеталарини харид қилган.
Маълумотларга кўра, Британия қуролли кучлари таркибида қитъалараро ракеталарни олиб юрувчи 4 та сувости кемаси ва 160 та ракета бор.
Франция
Франциянинг қитъалараро ракеталари ҳам асосан сувости кемаларига жойлаштирилган. Бироқ Британиядан фарқли равишда улар Франциянинг ўзи томонидан тайёрланган.
М51 деб номланувчи бу ракеталар 1990-йилларда лойиҳалаштирилган ва 2008 йилда муваффақиятли синовдан ўтказилган.
Улар 2010 йилда қуролли кучлар таркибига қўшилган. М51 ракетлари тўрттадан олтитагача ядровий каллак билан 11 минг км масофагача учиб бора олади.
Ҳозирги пайтда Францияда 64 та қитъалараро ракета бор ва уларнинг 48 таси шай ҳолда сақланади.
Хитой
Хитой қитъалараро ракеталар лойиҳаларини 1960-йилларда бошлаган. 1980 йилда биринчи ракета синови муваффақиятли ўтказилган.
Ўшанда Хитойдаги полигондан ҳавога чиқарилган синов ракетаси 9 минг км масофани учиб ўтиб, Тинч океанига тушганди.
Кейинчалик “Чин юрти” конструкторлари қитъалараро ракеталарни такомиллаштиришди. Ҳозирда Хитойда 15 минг км масофагача учиб бора оладиган ракеталар мавжуд.
Маълумотларга кўра Хитойда 500-600 дона атрофида қитъалараро ракеталар бор. Dongfeng-41 ва Dongfeng-61 деб номланувчи бу ракеталарнинг 100 донаси 2025 йилда тайёрланган.
Шимолий Корея
Корея яримороли шимолида коммунистик тузум ўрнатган корейслар қитъалараро ракеталар яратиш устидаги ишларни 1970-йилларда бошлаган.
СССР парчаланиб кетган пайтда ҳали Шимолий Корея ўз ракеталарига эга эмасди. 2000-2010 йиллар оралиғида корейслар ишларни жадаллаштиради.
2017 йилда улар АҚШ ҳудудигача етиб бора оладиган Hwasong-14 ва Hwasong-15 деб номланган ракеталар синов парвозларини амалга оширганини эълон қилади. Кейинроқ Hwasong-16 и Hwasong-17 қитъалараро ракеталар синови ҳам ўтказилади.
Шимолий Корея анча ёпиқ давлат ва қитъалараро ракеталар тайёрлаш билан боғлиқ жараёнлар сир тутилади. Шу сабабли айримлар бу давлатда қитъалараро ракеталар бор дейди. Бошқалар эса буни инкор этади.
Расмий маълумотларда Шимолий Корея қитъалараро ракеталарга эга давлат сифатида келтирилади. Бу давлатда 300 га яқин ракета борлиги айтилади.
Ҳиндистон
Ҳиндистон қитъалараро ракета яратиш лойиҳаларини 1980-1990-йилларда олиб борган. 2000 йилга келиб 5000-5500 км масофага учиб бора оладиган ракета ясаб чиқилган.
Agni-1 деб номланган бу ракета синов парвози 2002 йилда ўказилган. Кейинчалик Agni туридаги бошқа ракеталар ясаб чиқилади. 2020 йилда ҳиндлар Agni-6 қитъалараро ракетани синовдан ўтказади.
Худди Шимолий Корея билан бўлгани сингари айримлар Ҳиндистон қуролли кучлари таркибида олис масофаларга уча оладиган ракеталар бор дейди, бошқалар инкор қилади.
Расмий маълумотларда эса Ҳиндистон Россия, АҚШ, Хитой ва Франция каби қитъалараро ракетларга эга экани айтилади. Бироқ улар сони ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.
Покистон
Расмий маълумотларга кўра Покистонда қитъалараро ракеталар йўқ. Бироқ аввалроқ жаҳон ОАВлари бу давлат узоқ масофага уча оладиган “Таймур” номли ракетани яратиш устида ишлаётганини ёзиб чиққанди.
Туркия
Бундан бир неча кун олдин Истанбулда бўлиб ўтган SAHA-2026 халқаро мудофаа, авиация ва космик саноат кўргазмасида Туркия Миллий мудофаа вазирлиги “Yildirimhan” қитъалараро ракетасини тақдим этди.
Маълумотларга кўра туркларнинг бу ракетаси 6 минг км масофага учиб бора олади. “Yildirimhan” тезликни ривожлантириш имкониятига эга. Қайд этилишича, бундай хусусиятлар унга мавжуд ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимларини енгиб ўтиш имконини беради.
Ракета азот тетраоксиди асосидаги суюқ ёқилғидан фойдаланади ва тўртта ракета двигатели билан жиҳозланган. Маълум қилинишича, у тахминан 3 тонна оғирликдаги жанговар каллакни кўтара олади.
Замонавий қитъалараро ракеталарнинг турлари ва имкониятлари
Ҳозирги пайтда юқорида айтиб ўтилган давлатлар эгалик қилаётган қитъалараро ракеталар нишонга турли ускуналардан учирилади. Жумладан, Россиянинг Р-7 ва АҚШнинг “Атлас” ракеталари ер устида жойлаштирилган ускуналардан учирилади.
Айрим ракеталар махсус шахталарга жойлаштирилган ускуналардан нишонга йўналтирилган. СССРда тайёрланган РС-18, РС-20 ва АҚШнинг Minuteman ракеталари шулар жумласидан.
СССРда тайёрланган ва кейин Россия эгалигига ўтган “Топол” ва АҚШнинг Midgetman ракеталари махсус шассига эга бўлган юк автомобилларидан учирилади.
Шунингдек, бир қатор давлатларда қитъалараро ракеталарни учирадиган ускуналар сувости кемаларига ўрнатилган. Бундан ташқари, Россияда махсус темирйўл вагонларига ўрнатилган ускунадан учириладиган ракеталар ҳам бор.
Қитъалараро ракеталар нишонни аниқ топиб бориши учун уларга GPS ускуналари ўрнатилади. Бироқ шунда ҳам энг аниқ даражада парвоз қилган ракета 100 метр диапозон бўйлаб оғиши мумкин.
Энг тез уча оладиган қитъалараро ракеталар секундига 6 км, соатига 20-25 минг км тезликда парвоз қилади. Масалан, Россиядан АҚШга ёки АҚШдан Россияга учирилган ракета 25-30 дақиқада нишонни топиб бора олади.
Маълумот учун, энг тез учадиган ҳарбий самолётлар соатига 2500-3000 км, яъни ракеталардан 10 баравар кам тезликда парвоз қила олади.
Қитъалараро ракеталардан тинч мақсадларда фойдаланиш
АҚШ ва Россия қитъалараро ракеталардан тинч мақсадларда ҳам фойдаланиб туради. Улар ёрдамида асосан фазонинг қуйи қисмига космик қурилмаларни чиқаришади.
Масалан, америкаликларнинг “Атлас” ва “Титан” ракеталари “Меркурий” ҳамда “Жемини” космик кемаларини фазога олиб чиққан.
СССРнинг РС-20 ҳамда РС-15 ракеталари асосида “Днепр”, “Стрела”, “Рокот” каби ракета-ташувчилари ясаб чиқилган ва улар фазога космик қурилмаларни олиб чиққан.
АҚШ ва Россия ўртасидаги шартнома
2010 йилда АҚШ ва Россия ўртасида қитъалараро ракеталарни чеклаш ва назорат қилиш бўйича асосий ҳужжат — Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш тўғрисидаги шартнома имзоланади.
Бу шартномада ҳар икки давлат ядровий каллаклар сонини 1550 та, қитъалараро ракеталар ва бомбардимончи самолётлар сонини 700 тагача чеклаш назарда тутилганди.
Бу ҳужжат 2026 йил 5 февралгача амал қилиши ва томонларда ҳеч қандай эътироз бўлмаса автоматик тарзда кейинги муддатга узайиши лозим эди.
2023 йилда Россия ушбу шартномадаги иштирокини вақтинча тўхтатишини эълон қилди ва шу сабабли 2026 йил 5 феврал куни шартнома муддати узаймади.
Мавзуга оид
20:58 / 14.05.2026
Қозоғистон Туркия дронларини ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш майдонига айланади
08:40 / 13.05.2026
Эроннинг 70 фоиз ракета арсенали сақланиб қолган — NYT
09:51 / 06.05.2026
Туркия ўзининг қитъалараро ракетасини тақдим этди
09:39 / 06.05.2026