Жаҳон | 08:16 / 06.06.2022
32156
9 дақиқада ўқилади

Украинадаги уруш: томонларнинг баёнотлари, дунё муносабати, ёрдам ва санкциялар

Россия армиясининг Украинага бостириб кириши билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларга оид сўнгги расмий хабарлар ва янгиликларнинг эрталабки қисқача шарҳи билан танишинг.

Украина томонининг баёнотлари

Украина президенти Володимир Зеленский ўзининг одатий тунги видеомурожаатини жуда қисқа қилди.

Украина президенти Володимир Зеленский. Фото: president.gov.ua

«Тунги мурожаат. Қисқача. Тугамас суткалар. Бизда ишонч бор. Ишонч ва қатъият. Учрашган ҳар бир инсонимдан фахрланаман, Украинага шон-шарафлар!» деган Зеленский.

Киев мэри Виталий Кличко Украина пойтахтига берилган ракета зарбалари оқибатлари ҳақида хабар берди.

«Дўстлар! Пойтахтнинг Дарницк ва Днепр районларига эрталаб берилган ракета зарбалари ҳақида тўхталмоқчиман. Айни пайтда инфратузилма объектларига берилган зарбалар натижасида қурбонлар йўқ. Жабрланган бир киши шифохонага ётқизилган. Ҳужумга дучор бўлган жойларда хизматлар ҳали ишлашда давом этишмоқда», — деб ёзган Кличко.

Украина қуролли кучлари бирлашган операцияси ўтган сутка ичида эришилган натижалар ҳақида қуйидагича маълумот бермоқда (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):

  • Жанглар 2 та йўналишда давом этмоқда ва душманнинг 7 та ҳужуми муваффақиятли бартараф этилган.
  • 4 та танк, 3 та артиллерия тизими, 8 та ҳарбий зирҳли техника, 3 та транспорт воситаси йўқ қилинган.
  • Ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари Донбасс осмонида Ка-52 ҳарбий вертолёти ва пилотсиз учар қурилмани уриб туширган.
  • Ўтган ҳафта ичида Бирлашган қуролли кучлар ҳарбийлари душманнинг 56 та ҳужумини бартараф этган. Жангларда 18 та танк, 34 та артиллерия тизимлари, 48 бирликдаги жанговар зирҳли техника, 3 та махсус зирҳли техника ва 44 та бирликда автомобил техникаси йўқ қилинган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари душманнинг 2 та кўпмақсадли Ка-52 вертолётлари, иккита қанотли ракетаси ва 16 та пилотсиз учар қурилмаларини уриб туширган.

«Схид» («Шарқ») тезкор-тактик гуруҳининг маълумотларига кўра, душман қўшинларининг талафоти 43 нафарни ташкил этган.

 Россия томонининг баёнотлари

Россия президенти Владимир Путин «Россия-1» телеканалига берган интервьюсида АҚШ томонидан Украинага бирваракайига ўт очиш реактив тизимларини етказиб бериш жанг майдонида ҳеч нарсани ҳал қилмаслигини таъкидлаган.

Россия президенти Владимир Путин. Kremlin.ru

«Қўшимча қурол-яроғлар етказиб бериш атрофидаги гап-сўзлардан, фикримча, фақат бир мақсад кўзланган — имкон қадар қуролли можарони чўзиш. Агар узоқни мўлжалга олувчи ракеталар етказиб берила бошласа, биз керакли хулосани чиқарамиз ва ўзимизнинг йўқ қилувчи воситаларимизни ишга соламиз, ҳозирча ҳужум қилмаётган объектларга зарба бериш учун уларнинг сони бизда етарли», – деган Путин.

Сербия атрофидаги давлатлар Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг самолёти учун ўз осмонини ёпган. РФ ТИВ махсус вакили Мария Захарова бу ҳақда шундай деган:

«Бугунга келиб, бир соат олдин Сербияни ўраб турган давлатлар Белградга музокаралар учун йўл олган Сергей Лавровнинг рейсига учиб ўтишни тақиқлаб, алоқа каналини узиб қўйишди. Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо давлатлар ҳаво ҳудудини ёпиб, навбатдаги алоқа каналини узишган».

Россия Мудофаа вазирлигининг махсус вакили Игор Конашенковнинг брифингида эълон қилинган маълумотлар (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):

  • Россия ҳарбий космик кучлари юқори аниқликдаги ракеталар билан Киев остонасида Шарқий Европа давлатлари томонидан юборилган Т-72 танклари ва бошқа зирҳли техникаларни йўқ қилган.
  • Одесса яқинида ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари билан Украина ҳарбий ҳаво кучларининг қурол-аслаҳалар ортган Ан-26 ҳарбий-транспорт самолёти уриб туширилган.
  • Краматорск, Дружковка ва Часов Ярда Украина ҳарбий техникасини таъмирлашга ихтисослашган завод цехлари нишонга олинган.
  • РФ қуролли кучлари ракетачилари ва артиллериячилари Украинанинг 46 та қўмондонлик бошқарув пункти, 500 га яқин тирик куч ва ҳарбий техника жамланмасига зарба берган.
  • РФ авиацияси Словянск ҳудудида ҳаво жангида Украина ҲҲКнинг МиГ-29 самолётини уриб туширган.
  • РФ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Украинанинг 10та пилотсиз учар қурилмаси, жумладан, Харков яқинида «Bayraktar TB-2» дронини уриб туширган.

Украинага кўмак

Германия канцлери Олаф Шольц оғир қурол-яроғларсиз ўзини ҳимоя қилишга қодир бўлмаган Украина учун «жуда кам ва жуда кеч ҳаракат қилаётгани» учун немис жамияти ва ўз партияси ичида танқидлар остида қолган. Мухолифат федерал ҳукумат қурол-яроғларни юборишни атайлаб тўхтатмоқда, деб ҳисобламоқда.

Германия канцлери Олаф Шолц. Фото: Telegraph

«Германия ўз олдига қўйган вазифаларни бажармаяпти ва кунига кўп миқдорда одамлар ўлмоқда»,деган ХДИ етакчиси Фридрих Мерц ZDF каналига берган интервьюсида.

Санкциялар ва Россиянинг қарши чоралари

Сербия президенти Александр Вучич Лавровнинг ташрифи логистикаси билан шахсан шуғулланишга мажбур, деган мамлакат бош вазири Анна Брнабич.

«Дунё Россия вазирининг сўзларини эшитишни истайди, лекин ташқи сиёсатда давр шундайки, «ҳеч ким ҳеч ким билан гаплашмоқчи эмас, боз устига эшитмоқчи ҳам эмас»,деган Брнабич.

АҚШ Украинадан ғалла экспорти битими доирасида Россияга қарши санкцияларни юмшатмайди. Politico нашрининг хабарига кўра, америкалик мулозимлардан бири Вашингтон «Кремлга қарши қандайдир иқтисодий босим юмшатиладиган» битимга рози бўлмайди.

Франция молия вазири Брюно Ле Мэр унинг мамлакати Россия нефти эвазига БАА билан музокаралар олиб бораётганини маълум қилган.

Франция молия вазири Брюно Ле Мэр. Фото: InternationalWealth.info

АҚШ давлат департаменти Италиянинг Eni ва Испаниянинг Repsol энергетика компанияларига Каракасга қўлланилган молиявий санкцияларга қарамасдан, Венесуэладан Европага кичик ҳажмда нефт етказиб беришига рухсат берди. АҚШ томонидан қўйилган бош шарт — нефт фақат Европада сотилиши лозим.

Халқаро ҳамжамиятнинг муносабати

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Украинадаги ҳарбий можаро туфайли Европада ваҳима кузатилаётганини таъкидлаган.

«Бизнинг мамлакатимиз 11 йилдирки Суриядан келаётган нолегал миграцияни муваффақиятли бартараф этиб турган бир пайтда рус-украина таназзули туфайли Европада ваҳимани кузатмоқдамиз. Жаҳон бу критик даврдан имкон қадар тезроқ халос бўлиши учун дуодамиз», — деган у.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған. Фото: A3 Haber

Эрдўған Швеция ва Финландиянинг НАТОга аъзо бўлиши борасида Туркия позицияси ўзгармас эканини ҳам таъкидлаган. Унга кўра, Ғарб томонидан яратилган ўз хавфсизлигини таъминлаш тизими вайрон бўлмоқда. Шу сабабли Ғарб давлатлари Туркиянинг БМТ Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш борасидаги ғоясига қўшила бошлашган.

Венгрия парламенти спикери Ласло Кёвернинг фикрича, Украина президенти Володимир Зеленскийда руҳий муаммолар бор, унинг хорижий етакчиларга ташланиб қолиши айнан шу билан тушунтирилади. Hir TV телеканалига берган интервьюсида Кёвер бошқа давлатлар раҳбарлари ўз ҳамкасбларига нисбатан бундай оҳангда гаплашишига асло йўл қўйишмаслигини таъкидлади.

Украина ТИВ Ласло Кёвернинг сўзларига дарҳол жавоб қайтарди ва унинг ўзига руҳий ҳолати ҳақида тиббий маълумотнома тақдим этишини таклиф қилган.

Европа Иттифоқи жаҳондаги ғалла етишмовчилиги юзасидан бор масъулиятни тўғридан тўғри Россия зиммасига юкламоқда.

Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелнинг таъкидлашича ЕИ санкциялари Россиянинг урушни давом эттириш қобилиятига таъсир ўтказади, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига эмас. Россия томонидан Украина бандаргоҳларининг блокада этилиши ғалла ва маккажўхори донлари экспортига таъсир қилмоқда, деган у.

Франция президенти Эммануэл Макрон Украинадаги можаронинг ечими Путин билан дўстлашишда эканини айтган.

Франция президенти Эммануэл Макрон. Фото: La Dépêche

Макрон ЕИнинг РФга нисбатан жорий этилган 6-санкциялар пакетини шарҳлар экан, Россияни таҳқирлашда давом этилаверса, вазиятдан чиқиш йўли топилмаслигини айтган.

«Биз ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилгач, дипломатик ечимлар орқали чиқиш йўлини топишимиз учун Россияни таҳқирламаслигимиз лозим», — деган Макрон.

2021 йил декабридан буён у Путин билан жуда кўп музокара олиб боргани, бу музокаралар Зеленскийнинг илтимосига кўра олиб борилгани ва барчаси шаффоф бўлганини айтган.

«Мен Россия президенти Владимир Путинга у ўз халқига, ўзига ва тарихга нисбатан тарихий ва фундаментал хатога йўл қўяётганини айтдим», — деган Макрон.

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид