Kun.uz'га ўқитувчилар иккинчи маротаба “ҳашар пули” ушлаб қолишга мажбурланаётгани ҳақида мурожаат келиб тушди. Ўрганиш жараёнида масъуллар томонидан бундай мажбурлов бўлаётгани ўз тасдиғини топди.
Хусусан, Кармана туманидаги 24-мактаб директори Дилфуза Шарипова ўқитувчиларга ҳашар учун яна 20 минг сўмдан тўлаш кераклигини айтган.
“Шанбалик учун яна 20 минг сўмдан тўлашимиз керак. 10 июн куни меҳнат таътили пуллари тўлаб берилади. Бу албатта, сизларнинг меҳнатингиз... Розилик хатини ёзиб, мактабга жўнатиб юборинглар. Ўзим ҳисобчига етказаман. Ҳамма мактабга топшириқ берилди. Эртагаёқ олиб боришим керак розилик хатларини. Эртанги сана билан ёзинглар. Меҳнат таътилидан сақланади. Тўғри қабул қилинглар. Яна бир ҳафта кутмай, эртагаёқ бериб юборинглар”, – дея топшириқ берган директор ўқитувчиларга.

“Ҳашарда ишладик, пул бериш керак экан, дейишди, шунга ҳам жанжал қилмайлик, дея 20 минг сўмдан тўлашга розилик хати бердик. Ойлигимиздан ушлаб қолишди. Энди эса яна айтиляпти. Битта ҳашарга иккинчи маротаба пул йиғиш нима деган гап?”– дейди мактаб ўқитувчиларидан бири.

Маълум бўлишича, бундай топшириқ мактаб директорларига ХТБ ҳисобчиси Зувай Шокиров томонидан берилган.
“Ҳурматли мактаб директорлари, сизлардан илтимос, 2022 йил 8 июн куни соат 10 гача ходимларнинг розилик аризасига асосан шанбалик рўйхатини шакллантирилган ва суммаси кўрсатилган ҳолда ХТБ ҳисобхонасига жўнатишларингизни сўраймиз”, – дейилади Шокировнинг топшириғида.

Kun.uz ҳолатга изоҳ олиш учун Кармана тумани ХТБ мудири Сарвар Очилов билан боғланди. Мудирнинг айтишича, Зувай Шокиров тумандаги 16-, 21-, 22-, 24-, 3-умумтаълим мактабларига хизмат кўрсатади.
Тумандаги шу 5 та мактабнинг айрим ўқитувчиларига ўз розилиги билан ҳашарга иккинчи бор пул ўтказиш тавсия қилинган, мажбурлаш ҳолати кузатилмаган, деди ХТБ раҳбари.












