Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинадаги уруш: томонларнинг баёнотлари, дунё муносабати, ёрдам ва санкциялар
Россия армиясининг Украинага бостириб кириши билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларга оид сўнгги расмий хабарлар ва янгиликларнинг эрталабки қисқача шарҳи билан танишинг.
Украина томонининг баёнотлари
Украина президенти Володимир Зеленский ўзининг одатий тунги мурожаатида Россия қўшинларининг Украинадаги йўқотишларига тўхталди.
«Бугунга келиб Россиянинг 31 мингдан ортиқ ҳарбийлари Украинада ҳалок бўлди. 24 февралдан буён Россия Украинага қарши бемаъни урушда ҳар куни 300 аскарининг жони билан тўлов қилмоқда. Барибир шундай кун келадики, йўқотишлар сони ҳаттоки Россия учун ҳам мумкин бўлган чегарадан ўтади», — деган Зеленский.
Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа Кенгаши котиби Алексей Данилов Украинанинг ҳамкорлари қурол-яроғ етказиб беришни пайсалга солишаётгани ҳақидаги баёнотларни шарҳлади. У Украинадан ҳеч ким қарздор эмаслигини эслатиб, олинаётган шу ёрдам учун миннатдор бўлиш кераклигини таъкидлаган.
«Мен ўша вақт бизга етказиб берилган Жавелинлар, Стингерлар ва шунга ўхшаш нарсалар бўлмаса нима қилган бўлишимиз мумкинлигини тасаввур эта олмайман. Бу бизнинг қаҳрамон қуролли кучларимиз, қуруқликдаги қўшинларимиз, пиёда қўшинларимиз, Бош разведка бошқармаси ва Украина хавфсизлик хизмати махсус қўшинлари, чегарачиларга қўшимча ёрдам бўлди. Уларнинг барчаси 100 фоиз жон бериб курашишди. Лекин мен яна эътиборларингни жалб қилмоқчиман, агар ҳамкорларимиз бизга ёрдам беришмаганида биз жуда-жуда қийналган бўлардик», — деган Данилов.
Зеленскийнинг атрофидагилар АҚШдан ленд-лиз бўйича илк қурол-яроғлар қачон келтирилиши ҳақида гап оча бошлашди. Алексей Арестовичнинг сўзларига кўра, АҚШдан Украинага ҳарбий техника йирик транспорт кемаларига юклаб олиб келинади.
«Улар Америкада узоқ вақт юкланади. Сўнг 10-12 кун ичида Атлантика океанини кесиб ўтиб, Европага келтирилади ва туширилади Буларнинг барчаси вақт талаб қилишини тушунишимиз керак», — деган Украина президенти офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Алексей Арестович.
Украина қуролли кучлари бирлашган операцияси ўтган сутка ичида эришилган натижалар ҳақида қуйидагича маълумот бермоқда (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):
- Жанглар 2 та йўналишда давом этмоқда ва душманнинг 11 та ҳужуми муваффақиятли бартараф этилган.
- 3 та танк, 5 та артиллерия тизими, 2 та ҳарбий зирҳли техника, 13 та транспорт воситаси, 3 та қурол-аслаҳа омбори йўқ қилинган.
- Ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари Донбасс осмонида 2 та «Орлан-10» типидаги пилотсиз учар қурилмани уриб туширган.
«Схид» («Шарқ») тезкор-тактик гуруҳининг маълумотларига кўра, душман қўшинларининг талафоти 56 нафарни ташкил этган.
Россия томонининг баёнотлари
Ғарб давлатлари томонидан Украинага узоқ масофани мўлжалга олувчи қурол-яроғ тизимлари етказиб берилиши вазиятни ўзгартира олмайди, деган Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов.
«Киев режими интиқлик билан кутаётган узоқ масофаларни нишонга олувчи тизимлар борасида жуда кўп гап-сўзлар юрибди. Лекин ҳеч қандай ғарб қурол-яроғ тизимлари ер устидаги вазиятни ўзгартира олмайди», — деган Анатолий Антонов Биринчи канал эфирида.
Ҳеч қандай санкциялар рус тили ва рус маданиятини бекор қила олмайди, деган Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя.
«Ҳосил бўлган ниҳоятда мураккаб халқаро вазиятда, биз Россия ва рус маданиятини «бекор қилиш» борасида парадоксал ишлар рўй бераётганида, рус тили кучли бирлаштирувчи омил сифатида янада муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Ахир ҳеч қандай сиёсат ва санкциялар буюк рус тили ва маданиятимизнинг кўп асрлик тарихини бекор қила олмайди», — деган Небензя.
Россия Мудофаа вазирлигининг махсус вакили Игор Конашенковнинг брифингида эълон қилинган маълумотлар (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):
- Ракета қўшинлари ва артиллерия томонидан Украина ҚКнинг тирик кучлари ва ҳарбий техникаси жамланган 426 та ҳудудга зарба берилган, 39 та бошқарув пункти, 47 та артиллерия ва миномёт бўлинмаларининг ўт очиш позициялари йўқ қилинган. Зарбалар натижасида йўқ қилинган аскарлар сони 400 дан ортиқ, шунингдек, 10 та зирҳли техника, 3 та «Град» бирваракайига ўт очиш реактив тизими, 10 та махсус автомобил, 3 та С-300 зенит ракета мажмуалари йўқ қилинган. Норвегия томонидан тақдим этилган 1 та M109A3 155 мм.ли ўзиюрар артиллерия қурилмаси, АҚШнинг 2 та 155 мм.ли М777 гаубицалари, 7 та дала артиллерияси қурилмалари, жумладан, 203 мм.ли «Pion» ўзиюрар артиллерия қурилмаси йўқ қилинган.
- Махсус операция бошланганидан буён Украина ҳарбий техникалари йўқотишлари: 190 та самолёт, 129 та вертолёт, 1139 та пилотсиз учар қурилма, 333 та зенит ракета мажмуалари, 3443 та танк ва бошқа жанговар зирҳли машиналар, 478 та бирваракайига ўт очиш реактив тизими қурилмалари, 1807 та дала артиллерияси ва миномёт қуроллари, шунингдек, 3464 бирликда махсус ҳарбий автомобил техникаси.
Украинага кўмак
Польша Украинага нархи 700 млн АҚШ доллари бўлган 56 та Krab гаубицаларини етказиб беради, деган Польша бош вазири Матеуш Моравецкий. Бу Польшада сўнгги 30 йил ичидаги қурол-яроғ экспорти бўйича энг йирик битим.
Украина Россия ракета зарбаларидан ўз шаҳарларини ҳимоя қилиш мақсадида Исроилдан унинг ракеталарга қарши «Темир қубба» мудофаа тизимини харид қилмоқчи.
Бутунжаҳон банки Украинага 1,49 млрд доллар миқдорида молиявий кўмак ажратишни маъқуллаган. Бу сумма Бутунжаҳон банки Киевга беришни ният қилган 4 млрд сўмлик ёрдам пакетининг бир қисмидир. Ушбу пуллар жумладан давлат хизматчиларига ва ижтимоий соҳа ходимларига маош бериш учун ишлатилади.
АҚШ ва унинг ҳамкорлари Украинага кемаларга қарши ракеталар етказиб бериш устида ишлашмоқда. Оқ уйдагиларнинг маълум қилишларича, Вашингтон Украинанинг соҳилбўйи мудофаасини яхшилаш устида иш олиб бормоқда.
«Бу саъй-ҳаракатлар доирасида биз Украинага соҳил мудофаасининг пилотсиз бошқариладиган кемаларини тақдим этамиз. Шунингдек, Украинага кемаларга қарши ракеталар ва тизимлар етказиб бериш бўйича ҳамкорлик қилмоқдамиз. Биз Украиналиклар билан уларнинг эҳтиёжлари юзасидан ҳар куни мулоқот қилиб турибмиз», — деган мулозим.
Буюк Британия ҳукумати Украина портларини қуршовдан халос қилиш учун Brimstone юқори технологияли ракеталарини етказиб беришни ваъда қилди, деб ёзади The Daily Telegraph газетаси.
Санкциялар ва Россиянинг қарши чоралари
Чехия ТИВ Россия ва Беларусь фуқароларига миллий шенген визалари ва истиқомат гувоҳномасини беришга нисбатан жорий этилган тақиқни 2023 йил март ойи охиригача чўзишни таклиф этди, деб ёзади Mladá fronta Dnes газетаси.
Дунёдаги дастурий ва аппарат таъминоти ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи IBM компанияси Россияда иш олиб боришни тўлиқ тўхтатганини эълон қилди.
Латвияда рус тилида таълим бериш тўлиқ тақиқланди. Мамлакатдаги мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида таълим фақат латиш тилида олиб борилиши белгиланди.
«Миллий ов хусусиятлари» кинофильмида фин журналисти ролини ўйнаган финландиялик актёр Вилле Ҳаапасало Финландия пойтахти Ҳелсинкида ўзи очган «Давай, давай» рус ресторанини ёпишга қарор қилди. Ҳаапасало Украина президенти Зеленский билан ҳам 2009 йилда «Йирик шаҳардаги муҳаббат» кинокартинасида рол ўйнаган.
Ҳиндистон Россиядан экспорт қилинадиган нефт миқдорини икки баробарга оширишни кўзламоқда, деб ёзди Bloomberg нашри.
Беларуснинг ўз ҳудудидан Украина ғалласини Болтиқбўйи давлатлари портларига транзит қилишга розилик билдириши Минскка қарши санкциялар бекор қилиниши ёки юмшатилишига сабаб бўла олмайди, деган ГФР канцлери Олаф Шолц.
Германияда сув ва электр энергияси учун нархлар Россиядан энергия ташувчилар харид қилинмасдан қўйилганидан сўнг 4 баробарга ошган. Welt нашрининг ёзишича, аксилроссия санкцияларигача немислар 1 мегаватт-соат электр энергия учун 20 евро тўлашган бўлса, Россия газидан воз кечилгач, немислар 1 мегаватт-соат учун ўртача 85 евро тўлашга мажбур бўлишмоқда.
Нефт нархи яқин ойларда баррелига 150 АҚШ долларигача ва ундан зиёдга ўсиши мумкин, дея Financial Times жаҳоннинг энг йирик хомашё трейдерларидан бири Trafigura раҳбари Жереми Вейранинг сўзларини келтирмоқда.
Путин таклиф этган схема бўйича Россия гази учун тўлов қилишга Европанинг энг йирик харидорлари рози бўлган, 9 та компания уни рад этган, дейилади KSE Institute томонидан тайёрланган таҳлилий материалда.
Таҳлилчиларга кўра, кўплаб компаниялар «Газпромбанк»да доллар ёки еврода ҳисобрақам очиб, «Газпром»га тўлашда давом этишган. Тўлов механизмлари жамоатчилик учун тўлиқ маълум эмас, шу сабабли компаниялар санкциялар бузиш ҳисобланувчи рублда ҳам ҳисобрақам очган-очмагани номаълум бўлиб қолмоқда.
Янги схемада тўлов қилаётган компаниялар: MVM (Венгрия); VNG, RWE, Uniper (Германия); Engie (Франция); Eni (Италия); OMV (Австрия); CEZ (Чехия); SPP (Словакия); Geoplin (Словакия); DEPA Commerce, Mytilineos Prometheus Gas (Греция);
Халқаро ҳамжамиятнинг муносабати
Украинада уруш бошланганидан (24 февралдан) буён 4253 тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, дея маълум қилган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси кунлик ҳисоботида. 1617 нафар эркак, 1064 нафар аёл, 100 нафар қизалоқ ва 105 болакай ҳалок бўлган. Шунингдек, экспертлар 67 нафар бола ва 1300 нафар катта ёшли инсонларнинг жинсини аниқлай олишмаган. 5141 нафар фуқаро жароҳатланган.
Украинада уруш бошланганидан уч ой ўтиб, Ер куррасида 1,6 миллиард киши кризисга дучор бўлган, дейилади БМТ маълумотида.
Шимолий Атлантика альянси агар Финландия ва Швеция НАТО аъзосига айланадиган бўлса, бу янги аъзоларнинг ҳудудида ядровий қуроллар жойлаштирилмаслиги борасида Россияга ҳеч қандай кафолат берилмайди, деган Швейцариянинг RTS телеканали эфирида альянснинг бош котиби ёрдамчиси Камий Гран.
Бутунжаҳон банки 2022 йил учун иқтисодиётларнинг ўсиш динамикаси прогнозларини камайтирди:
• жаҳон иқтисодиёти +2,9 фоиз (аввалги прогноз +4,1 фоиз)
• Еврозона ЯИМи +2,5 фоиз (аввалги прогноз +4,2 фоиз)
• АҚШ ЯИМи +2,5 фоиз (аввалги прогноз +3,7 фоиз)
• Россия ЯИМи –8,9 фоиз (аввалги прогноз +2,4 фоиз)
• Хитой ЯИМи +4,3 фоиз (аввалги прогноз +5,1 фоиз)