Интернетдаги айрим фикрларга кўра бино беўхшов чиққани кулги ва танқид остига олинган бўлса, айримлар бино чиройли экани борасида тортишиб, у асло бузилмаслиги кераклиги ҳақида фикр билдиришди.

Шаҳарсозлик ва урбанистика бўйича машҳур рус блогери Илья Варламов ҳам ҳаттоки бу бино борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Бундай шедеврни бузиб ташлашни хато деб биламан. Уни дидсизлик ва бошбошдоқлик даврига қўйилган ҳайкал сифатида сақлаб қолиш керак», деган Варламов.

Қурилиш вазирлиги ушбу бино қурилиши бўйича ўз муносабатини билдириб, «Ўзоғирсаноатлойиҳа» АЖ ва қурилиш назорати ҳудудий инспекцияси ходимлари томонидан 2022 йил 6 май куни бинонинг сейсмик ҳолати ўрганиб чиқилиб, бинонинг ҚМҚ, ШНК талабларига жавоб бермаслиги ва колонналарнинг айрим жойлари дарз кетганлиги ўз тасдиғини топган ҳамда бинони бузиш бўйича хулоса берилганини эълон қилган.

Аввалроқ Kun.uz мухбири ушбу бинони ўз хонадонига тегишли ер майдонида барпо этган тадбиркор Фурқат Халилов билан учрашиб, дастлабки маълумотларни олган эди. Суҳбат асносида Ф.Халилов бино қурилиши учун 3 миллион доллар пул сарфлагани, унинг лойиҳасини япониялик архитекторларга чиздирганини баён этган.

Биз Интернетдан Японияда дарҳақиқат шу стилда қурилган бир эмас иккита бино борлигини топдик. Улардан бири Токиодаги Диснейлендда жойлашган «Tower of terror» (Террор минораси) бўлса, иккинчиси Шиме шаҳрида жойлашган ташландиқ, бир пайтлар кўмир шахтасининг минораси бўлиб хизмат қилган, бугунги кунда «Anti-Zombie Fortress» (Зомбиларга қарши қалъа) деб аталаётган бинодир.

Токиодаги Диснейлендидаги «Tower of terror». Фото: mavink.com