Ўзбекистон | 07:22 / 10.06.2022
3808
4 дақиқада ўқилади

ДХХ гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказди

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.

Фото: Видеодан кадр

ДХХ хабарига кўра, унда Самарқанд ва Навоий вилоятларини боғловчи “Самарқанд” мунтазам ЙПХ масканида Иштихон туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган шахс бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Унинг салон қисмида 2 килограмм 27 грамм “опий” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган ушбу наркотик моддаларни қонунбузар сотиш мақсадида Хоразм вилоятига олиб кетаётган бўлган.

Бошқа бир ҳолатда эса кўп босқичли тезкор тадбир ўтказилиб, дастлаб Самарқанд шаҳридаги “Чўпон ота” ЙПХ масканида тўхтатилган автомашинада йўловчи сифатида кетаётган, Бекобод шаҳрида яшовчи, 1982 ва 1996 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро ёнида 984 грамм “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Сўнгра Булунғур туманидаги “Юқори нуқта” ЙПХ масканида уларнинг шериги, Бекобод шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган, муқаддам 3 маротаба судланган шахс ўзининг “Нексия” русумли автомашинасида 989 грамм “гашиш” моддасини олиб кетаётган вақтида ушланди. 

Ушбу гиёҳвандлик воситаларини Тожикистондан олиб келиб, сотилишини йўлга қўйган Бекобод шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган гуруҳ ташкилотчиси ҳам Самарқанд вилоятида қўлга олинди. 

Бу йўналишда ДХХ Фарғона ва Андижон вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан ҳам бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилди.

Қува туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаро келгусида сотиш мақсадида шериги, Андижон шаҳрида яшовчи, 1991 йилда туғилган шахсга 1 килограмм 986 грамм “гашиш” моддасини берган вақтида, улар иккаласи ҳам қўлга олинди. 

Аниқланишича, ушбу ажал оғуси Қирғизистон фуқаросидан 5 минг АҚШ долларига сотиб олиниб, айланма йўллар орқали Қува туманига олиб келинган.

Бешариқ туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган шахс тожикистонлик наркосавдогардан 5 минг АҚШ долларига сотиб олинган 940 грамм “опий” моддасини контрабанда йўли билан Қўқон шаҳрига олиб келиб, 1977 ва 1979 йилларда туғилган, муқаддам судланган 2 нафар харидорга сотаётган вақтида улар барчаси қўлга олинди. 

Қўқон шаҳрида кузатилган ҳолатда эса 1987 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс 826 дона “Регапен” ва 80 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 2 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди.

ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Наманган-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган “Нексия” русумли автомашина Поп туманидаги “Наманган” мунтазам ЙПХ масканида тўхтатилди. 

Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1989 йилда туғилган фуқаро ёнида 2237 дона “Регапен”, 400 дона “Селофен” ва 300 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Аниқланишича, қирғизистонлик фуқаро томонидан давлат чегарасидан айланма йўллар орқали Учқўрғон тумани ҳудудига ўтказиб берилган ушбу дори воситалари Тошкент шаҳрида сотилиши режалаштирилган. 

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодекси тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид