Ўзбекистон | 19:12 / 11.06.2022
13200
5 дақиқада ўқилади

“Таниш-билишчилик ўтмайди, ягона йўл – ўқиш” — Комил Алламжонов “права” имтиҳонлари ҳақида

Тошкент шаҳри ва вилоятида ҳайдовчиликка номзодларни инсон омилисиз имтиҳондан ўтказувчи марказлар асосчиси Комил Алламжонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда бундай марказлар яна қаерларда очилиши ҳақида маълумот берди. У, шунингдек, янги тизим устидан жамоатчилик назорати зарурлигини айтди: “Бундай марказлар музқаймоқ дўконига ўхшаб қолмаслиги керак”.

9 июн куни Оҳангаронда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўйича “Тошкент вилояти имтиҳон маркази” иш бошлади. Шу куни бўлиб ўтган очилиш маросимида марказ асосчиси Комил Алламжонов Kun.uz мухбири саволларига жавоб берди.

— Бундай автоматлаштирилган имтиҳон марказлари аввалига Тошкент шаҳрида, эндиликда Тошкент вилоятида очилди. Келгуси режаларингиз қандай?

— Ҳозирда Фарғонада ишларни бошладик. Худо хоҳласа, қурилиш бошланди у ерда ҳам. Айни вақтдаги режамиз бўйича Фарғона, Андижон ва Наманганда ҳам бу каби имтиҳон марказини очиш режа қилинган. Албатта, ҳар қандай ишни бошлаган одам имкон даражасида, максимал даражада бозорга кириб боришни хоҳлайди, бизнинг ҳам ниятларимиз – бутун республикага етиб бориш.

— Тошкент шаҳрида ҳайдовчилик гувоҳномаси олишдаги коррупция ҳолатлари нолга тенглаштирилди, энди Тошкент вилоятида ҳам шундай бўлади дедингиз. Лекин бу ерда гувоҳнома олишдаги барча босқичлар эмас, фақат бевосита имтиҳон топширишдаги коррупция ҳақида гап кетяпти, шундай эмасми?

— Бу марказлар филтр вазифасини бажаради. Масалан, Тошкент вилоятида юзлаб автомактаблар бўлиб, шу вақтгача “ГАИ” тизими орқали имтиҳон ўтказилган бўлса, амалда бу нарса ўзини оқламади. Шунинг учун ҳам бу хусусий секторга берилди. Бунақа марказларнинг афзаллиги шундан иборатки, билими йўқ одам йўлга чиқолмайди, яъни ҳайдовчилик гувоҳномасини ололмайди.

Масалан, сиз келиб, имтиҳондан ўтолмадингиз. Нима қиласиз? Биринчи мактабга қайтиб борасиз-да, “мени яхшилаб ўқитгин” дейсиз. Бу тизим таълим тизимининг сифатини оширишга хизмат қилади.

Комил Алламжонов

Таниш-билишчилик, телефон қўнғироқлар ишламаганидан кейин, фақат билим ёрдам беради, имтиҳондан фақат билимлиларгина ўта олади. Ўз ўрнида, автомактаблар орасида сифат учун рақобат бошланади. Олдин рақобат фақат нархлар ўртасида бўлган.

Мисол учун, 276 соатлик ўқув дастури бўладиган бўлса, қайсидир мактаблар буни 2,5 млн сўмга, яна қайсиларидир 1,5 млн сўмга ўқитяпти. Вилоятларда эса 800 минг сўмга ўқитаётган ҳолатлар ҳам бор – аслида шу мактабларда ҳақиқатда коррупция бор, уларда ҳақиқатда ноқонуний ҳаракат бўляпти деган маънони беради. Нимага десангиз, 276 соатга битта ўқитувчининг ойлигини ҳисоблаб чиққанингизда ҳам, агар битта мактаб 276 соат ўқитса, унинг таннархи 3 миллионга яқин бўлади. 3 миллионлик таннархи бўлиб туриб, 800 минг сўмга қандай ўқитади? Демак, белгиланган соатлар ҳаммаси ҳам ўтилмайди, кўчага чиқиб 50-60 соат ҳайдаши керак бўлса, 20 соат ҳайдайди ёки қолгани фақат нақдда бериб келади.

Автоматлаштирилган марказлар соҳани соғломлаштиришга хизмат қилади.

— Келгусида рақобатдошларнинг пайдо бўлишига қандай қарайсиз?

Мен бунга фақат ижобий қарайман, чунки рақобат – фақатгина ривожланишнинг белгиси, сифатни оширади. Лекин бу тизим музқаймоқ сотадиган дўконга айланиб қолиши керак эмас.

Агарда кимдир мана шундай марказ қурса, худди мана шундай автоматлаштирилган тизимни яратса, бозор ҳамма учун очиқ. Бу фақатгина бизга, Алламжоновга берилган бир имтиёз эмас, бу ҳамма учун очиқ. Сиз ҳам шундай автоматлаштирилган тизимни ярата олсангиз, назарий ва амалий имтиҳонларни инсон омилисиз ташкил қила олсангиз, сиз ҳам бемалол талабгор бўлиб, лицензия олишингиз мумкин.

Муаммо шундаки, бугунги кунгача бунақа марказлар, бунақа ишланмалар бўлмаган. Нимага бизда бу жараён тезроқ кечди, чунки биз 2011 йилдан бери бу иш билан шуғулланиб келамиз. Шундан бери биз ҳаммасини яратганмиз: амалий машғулот майдонига қарасангиз, датчиклар борлигини кўрасиз. Бу бир кунлик иш эмас. Бинони қуриш – энг осони. Пули бор одам бемалол майдонни, бинони қилади, лекин энг қийини – дастурий маҳсулларни яратиш. Унга йиллар кетади.

Шунинг учун ҳам биз ҳозир ягона бўлиб турибмиз. Ҳали ҳеч кимдан дастурчиларни жалб қилиб, мана шундай ишлар бошлаганини эшитганим йўқ. Балки бўлар, бўлса нур устига аъло нур. Фақатгина биз жамоатчиликни шунга чақиришимиз керакки, бунақанги марказларда инсон омили нолга тенг бўлиши шарт. Музқаймоқ дўконига айланиб қолиб, “права”ни дуч келган одамга сотиб ташлайдиган бўлса, бир жойда шунақа тизим пайдо бўлса, бутун ислоҳот ўлади.

Биздаги маълумотларга кўра, Тошкент шаҳридаги имтиҳон марказимизга кунига 400 нафар одам келиши керак эди, лекин унча одам келмаяпти. Нимага десангиз, бизда “йўлини қилиб” бўлмайди; шу сабаб Сирдарё, Жиззах ёки Фарғонага бориб, эски тизим орқали “права”ларни олиб келишяпти. Эски тизим қанақалигини ўзингиз тушунган бўлсангиз керак. 

Мавзуга оид