Жаҳон | 08:03 / 13.06.2022
10290
2 дақиқада ўқилади

Сеул Шимолий Кореянинг янги ракета синовлари ҳақида хабар берди

Жанубий Корея ҳарбийларига кўра, КХДР ялпи ўт очиш реактив тизимидан ракета узган.

Фото: Picture Alliance

Шимолий Корея ялпи ўт очиш реактив тизимидан ракета учирди. Бу ҳақда 12 июнь, якшанба куни кечқурун Жанубий Корея армияси бош штаби маълум қилди.

Жанубий Корея ҳарбийлари учирилган ракеталар сони ва уларнинг парвоз масофаси ҳақида маълумот беролмади. Сеулдаги президент маъмурияти вакили таъкидлашича, Шимолий Корея паст баландликда ва қисқа масофаларга учадиган реактив артиллерия тизимларининг синовлари ҳақида ҳар доим ҳам дарҳол хабар бермайди.

Шу билан бирга, Жанубий Корея расмийлари аввалроқ КХДРда бундай қурол тизимлари модернизация қилиниши эҳтимолидан хавотир билдирган, чунки улар чегарадан атиги 40-50 километр узоқликда жойлашган Жанубий Кореядаги йирик шаҳар агломерациялари учун хавф туғдиради.

Ҳозирги ялпи ўт очиш реактив тизими синови бу йил Шимолий Корея томонидан ўтказилган қурол синовларининг сўнггиси бўлди. Мутахассислар буни Пхеняннинг халқаро санкцияларни юмшатиш ва бошқа имтиёзларга эришиш учун АҚШ ва Жанубий Кореяга босим ўтказишга уриниши сифатида баҳоламоқда.

Жанубий Корея ва АҚШ яқинда Шимолий Корея сўнгги беш йил ичида ўзининг биринчи ядровий синовига тайёргарликни деярли якунлаганини маълум қилди. Март ойида Шимолий Корея узоқ масофали ракета синовларига 2018 йилда жорий этилган мораторийни бузган ҳолда, АҚШнинг қитъа қисмига етиб бора оладиган қитъалараро баллистик ракетани учирди.

Мавзуга оид