Жаҳон | 14:57 / 13.06.2022
15463
2 дақиқада ўқилади

Столтенберг: Туркиянинг Швеция ва Финландиянинг НАТОга қабул қилинишидан ташвишланиши табиий ҳолат

Альянс бош котиби Финландияга ташрифи чоғида НАТОнинг бошқа ҳеч бир аъзоси Туркия каби кўплаб террорчилик ҳужумларига учрамаганини айтди.

Фото: Picture Alliance

Туркиянинг Швеция ва Финландиянинг НАТОга қўшилиш истиқболлари бўйича хавфсизлик соҳасидаги хавотирлари ўринли. Бу ҳақда 12 июнь, якшанба куни альянс бош котиби Йенс Столтенберг Финландияга ташрифи чоғида маълум қилди.

НАТОнинг ҳеч бир аъзоси Туркия каби кўплаб терактларга дуч келмаган. Шунинг учун Анқаранинг ташвишини жиддий қабул қилиш керак, деди Столтенберг Наантали шаҳрида Финландия президенти Саули Ниинистё билан учрашувда.

13 июнь, душанба куни НАТО бош котиби Швецияда бош вазир Магдалена Андерссон ва у бошчилигидаги ҳукумат билан ҳам музокаралар ўтказмоқчи. 

Финландия ва Швеция Россиянинг Украинага бостириб кириши фонида НАТОга қўшилиш ниятини эълон қилди. Бироқ бу давлатларни иттифоққа қабул қилиш учун унинг барча 30 аъзоси розилиги талаб қилинади. Айни пайтда Анқара ҳамон «ҳа» дейишга қаршилик қилмоқда. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған буни «Финландия ва Швецияда Туркиядаги террорчилик ташкилотлари вакиллари саналган курдларга нисбатан аниқ позиция йўқлиги» билан изоҳлади. 

Бундан ташқари, Туркия 2019 йилда Сурияда курдларга қарши ҳарбий операция бошлаганидан сўнг Стокҳолм ва Ҳелсинки бу давлатга мудофаа маҳсулотлари етказиб беришга санкция қўйганига қарши чиқяпти.

Мавзуга оид